Наср

Насроний атиргули (38-қисм)

1339

Исмат девонанинг кўзларига ёш келди. Бир муддат менга қараб турди-да, ҳисларини ифодалади:

– Демак, энди тушим ҳақиқатга айланар экан. Бундан жуда ҳам севиндим.

Севиниш сўзи оз эди ҳисларининг таърифига. Кетаётиб кўз ёшлари юзига сизаётганини пайқадим. Гулдеренларникига югурдим. Кулимсираб эшикдан кирдим ва юмшоқ ўриндиққа ўтирган заҳоти тилга кирга кирдим:

– Гулдерен, менинг ягона дугонажоним! Энди сенга кўнглимни очиш фурсати келди: мен мусулмон бўлдим!

Гулдерен ҳеч нима демасдан фақат кўзларимга қаради. Бир муддат термилган кўйи қолди. Кейин паст товушда сўради:

– Устимдан куляпсанми, Жамила?

– Нега кулишим керак? Рост, мен энди муслимаман!

Ҳаяжон билан ўрнидан даст туриб бағрига босди:

– Шу кунларни кўрадиган кун ҳам бор экан-ку! Оҳ, Аллоҳим, фақат бу туш бўлиб чиқмасин.

Кейин бор овози билан йиғлай бошлади.

– Бир неча йил ўзимни айбдор ҳис қилиб келдим. Қандай қийналганимни тасаввур ҳам қилолмайсан. Энди ҳаммаси ўтиб кетди. Сен қайтдинг, тортган жафоларим сенга фидо бўлсин!

Шу орада онаси ичкарига кирганди, Гулдерен севиниб онасига хушхабар етказди:

– Она! Бугунни неча йил кутганимни биласизми? Жамила мусулмон бўлибди!

Амира хоним лабини буриб ғудранди:

– Мусулмон бўлган бўлса, нима қилибди шунга? Сенга нима фойда бундан?

– Менга нима фойда бўларди, она? У менинг қардошим! Жонимнинг ярми. Унинг Аллоҳга қайтиши менга фойда бўлмай нима бўлсин?!

Онаси буларни англайдиган савияда эмасди. Гулдерен бошқа ҳеч нарса демади. Энди навбат Верага эди. Вера билан Филиз устоз яхши дугона бўлиб олишди. Буёғига Веранинг мусулмон бўлиши аниқ эди. Бир куни Верага шундай дедим. Веранинг жаҳли чиқди:

– Нега бир мусулмон билан бир насроний қалин дўст бўлса, илло улардан бири динини ўзгартириши керак, иккимиз ҳам ўз динимизда қололмаймизми? Филиз устоз зиёли мусулмон. “Насроний менга уруш очмагунича мен у билан урушмайман”, дейди. Сизлар нега ундай ўйламайсизлар?

Чиндан ҳам нега ундай ўйламасдик? Жавоби жуда оддий эди. Бизнинг дунёқарашимиз Филиз устозникидай кенг эмасди. Унингдек илмли ҳам эмасдик. Вера уни ҳурмат қиларди, лекин динини ўзгартириш ниятида эмасди. Верага мусулмон бўлганимни айтдим.

– Шундай бўлиши аниқ эди, – деди.

Бу орада Таркан келганди. Унга ҳам мусулмон бўлганимни айтдим.

– Тўғри қилибсан деди. Мен ҳам сал қолса мусулмон бўлардим. Ҳаммаси бизга айтилганидек эмас экан. Хаёлларим остин-устун бўлди. Неча кундан бери ухлолмайман. Лайлога ҳам айтдим, мендан жаҳли чиқди.

Таркан тўғри айтганди, Лайло мендан хафа бўлганди. Лайло мен билан унча кўп гаплашмас, гаплашганимизда ҳам нега динимни ўзгартирганимни сўрамасди. Ҳаммага мусулмон бўлганимни айтдим. Фақат отамга айтмагандим. Нима дер экан? Жуда қизиқаётгандим. Кейин вақт-вақти билан Муқаддас китобни олиб ўқидим. Бир пайтлари кўзимда ёш билан ўқиган жойларимга узоқ қарадим. Ажабо, дедим ўзимга ўзим, жўшиб йиғлаганча ўқиганим бу саҳифаларда мени йиғлатадиган нималар бор эди? Мен нега йиғладим экан?

Сиёҳранг тўлқин

Ойнурларникига бордим. Онаси яқинда уйдан чиққан экан. Яна тортишишган экан, шунинг учун қаттиқ жаҳли чиққан эди. Бир қарасам, Қуръонни қўлига олиб йиғлаганча алам билан саҳифаларни йиртиб ташлаяпти.

– Шу Қуръон сабабли ота-онам менга кўрсатмаган куни қолмади. Мен буни йиртиб, ёқиб юбораман! – деди. Қўлидан олишга урингандим, айвонга ўтди.

– Сен аралашма, Жамила. Кўриб қўйишсин, мен бу Қуръонни нималар қиламан, кўриб қўйишсин!

Саҳифаларни йиртиб-йиртиб, алам билан ғижимлаб ташларди. Ақлдан озган девонадек эди. Бор аламини, нафрати ғазабини сочиб Қуръонни ҳақорат қилар, кейин “Қани, Муҳаммад келиб сени қўлимдан қутқариб қолсин-чи!” дерди. Кейин йиртиб олган саҳифаларига гугурт чақиб ёқди. Қуръон саҳифаларининг гулханини интиқом ҳирси билан томоша қиларди. Ҳар қанча истасам-да, бу ишларига тўсқинлик қилолмадим. Ўзини йўқотиб қўйганди, кўзлари инидан чиққан, ранги-рўйи даҳшатли эди.

– Менинг Қуръонимни бунақа ҳақорат қилолмайсан! – дедим. Ҳайрон бўлди, қизиқиш ва даҳшатга тушиб сўради:

– Қуръон нега сеники бўларкан?

– Мен энди мусулмонман! Мен мусулмон бўлдим, – дедим. Ойнур тахтадай қотиб қолди. “Қанақасига?” дея олди, холос…

Уни шокка тушган ҳолатида ташлаб уйга қайтдим. Биринчи ишим отамга қўнғироқ қилиш ўлди. Отам телефонга жавоб қилди:

– Ота, менман. Марҳабо, отажон, яхшимисиз?

– Яхшиман. Ўзинг қандайсан?

– Мен ҳам яхшиман. Сизга хушхабарим бор. Мен мусулмон бўлдим, ота! Шоҳидлардан ажрадим.

Отам бу хабаримга тахмин қилганимдан ҳам зиёда хурсанд бўлди:

– Чини биланми, болажоним? Бу хабаринг мени бахтиёр қилди. Мен ҳам сенга хушхабар айтай, мен ҳам мусулмон бўлдим, болам. Беш ой бўлди…

Бу изоҳдан ҳайрон қолдим:

– Сиз шундоғам мусулмон эдингиз-ку, ота?

– Тилимда мусулмон эдим қизим, энди қалбим ва амалларим билан мусулмон бўлдим!

Хурсандчилигим ва бахтиёрлигини таърифлай олмайман. Ҳаммаси яхши кетаётганди. Оҳ, онажонгинам-а, менинг ягона онажонгинам-а, тирик бўлсайдингиз кошки, бу хурсандчиликларни сиз ҳам кўрсайдингиз кошки…

Фақат Уғур мен учун бироз муаммо эди. Бола ёшда қалбга кирган севги осонгина чиқмас экан. Нима қилсам ҳам Уғурнинг шоҳидларга нисбатан меҳрини ўзгартиролмаётгандим. Филиз устозга дардимни очдим. Нима қилишим кераклигини айтди у.

– Унга Исо алайҳиссаломни севишни ман этма. У зотни ҳам севсин. Мусулмоннинг Исо алайҳиссаломни севиши гуноҳ эмас. Унга ишонмаслиги одамни диндан чиқаради. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламни севдириш учун унга жаноби Пайғамбаримизнинг болалик қиссаларидан сўйлаб бергин. Демак, сен унга шоҳидларни жуда чиройли севдиргансан, энди уни исломга тортиш бироз қийин бўладиганга ўхшайди.

– Ҳақиқатан шундай. Муштдай болага ислом ҳақида нима десам ҳам эшитмайди. Аллоҳ асрасин, насроний бўлиб қолса, ўзимни ҳеч қачон авф этмайман!

– Сен қўлингдан келганини қиласан. Сен ғайрат ва ҳаракат қилиш билан кифояланасан.

– Аллоҳ асрасин, унинг насроний бўлиб қолишишга чидолмайман, – дедим яна.

Кўнглимни кўтарди устоз:

– Сен сидқидилдан ҳаракат қилгин, алал-оқибат ғалаба қиласан!

Энди укам билан шуғулланишим керак эди. Мусулмон бўлганимни эшитиб сўради:

– Опа! Сизни мусулмон бўлди, дейишади тўғрими?

– Тўғри, кичкинтойим.

– Нега мусулмон бўлдингиз, опа?

– Аллоҳ шуни истагани учун…

– Энди Исони яхши кўрмайсизми?

– Яхши кўрмасам бўларканми? Энди янада кўпроқ, онгли равишда яхши кўраман. Тағин у зотга бўҳтон қилмасдан яхши кўраман. Исо алайҳиссаломни ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламни ҳам севаман.

– Муҳаммад ёлғончи эди-ку, уни қанақасига яхши кўрасиз?!

– Бу бўҳтонни ким айтди?

– Ўзингиз айтгандингиз-ку, опа. Менга айтгандингиз…

Ҳаҳ, қурибгина, узилибгина тушсин бу тилим! Нега бунақа дегандинг-а?! Боланинг олдида анча саросималаниб қолдим. Сўнгра изоҳлашга тушдим:

– Умри давомида бир оғизгина ёлғон гапирмаган жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломни менга ёмон кўрсатиб таништирдилар, жоним. У зотни ёлғон гапирган дедилар, пайғамбар бўлмаганини айтдилар. Бировлар руҳимга кириб олган, Ҳақ дин манбаи бўлган Қуръонни менга ёмон кўрсатишганди. Мен алдандим, жоним укам, тағин осонгина алдандим…

– Унда сиз Муҳаммадни яхши кўринг, мен Исони яхши кўраман. Сиз Қуръон ўқинг, мен Инжил ўқийман, бўлдими, опа?

Тизгинидан чиқди ишлар.

Мовий тўлқинларим сиёҳ рангига бўянди.

Умидларим чил-чил синди, сарсон бўлди хаёллар.

Дардларимга ўзимдан бошқа чидади.

Заъфарон тус олди япроқлар.

Оҳ, сени жуда ҳам соғиндим, мен қўрққан ўлим!

Исмат девонани ўйладим. У гапирса, ёнида энг ақлли одам ҳам индамай қоларди. Ундан сўрашга қарор қилдим. Бирор куни бизникига келса ё эшик олдидан ўтса, чақириб маслаҳатлашмоқчи эдим.

Бир неча кундан кейин диний қўшиқ хиргойи қилиб эшигимиз олдидан ўтаётганди. Бироз хуруж қилган экан чоғи, мени эшитмади. Бемаъни гаплар гапирди: “Мен ўз халқимга азоб бермайман, жаноб! Куйдирмайман! Мени ўлдиринг, жаноб, бошқа қилмайман. Ўз динимдан бўлган одамга қурол ўқталмайман! Ўқ отмайман! Ҳар қандай жазога тайёрман, ўз халқимнинг қишлоғига ўт қўймайман!”

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм 33-қисм 34-қисм 35-қисм 36-қисм 37-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

663 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1437 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

299 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

528 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2566 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

413 21:00 06.12.2019
« Орқага