Наср

Насроний атиргули (39-қисм)

1381

Бобомга ҳам мусулмон бўлганимни айтдим. Қовоқ-тумшуғини очмасдан “Яхши қилибсан”, деб қўйди. “Энди анави Вера кофир билан гаплашмайсан”, деди. Бобомдан жаҳлим чиқди:

– Нима бўлганда ҳам уни кофир деманг, бобо! Пайғамбар алайҳиссаломнинг изидан боринг. “Аҳли китоб ёки мусулмон бўлмаган” маъносида қўлланадиган сўзларни қўлланг! “Ғайримуслим” денг! Шундай дейиш керак экан. Золим аҳли китоб кофир дейилар экан. Лекин аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам кофир эмас-ку! Марҳаматли, меҳрибон насронийлар ҳам борлигини унутмайлик! Албатта, ёмонлари ҳам бор. Лекин Вера ёмонлардан эмас-ку!

– Сен унинг ёнини олавер, бир куни кўрасан қандай душманлик қилишини!

– Адашяпсиз, бобо! У менга ҳеч қандай ёмонлик қилмайди! Сиз кўрасиз ҳали.

– Сен ҳам кўрасан-да.

Бобомда бир нарсани пайқадим. Верага қарши гапирганида юзи қизариб кетарди. Ҳовли-боғчага чиқдим. Гулларимга қараётгандим, рўпарама-рўпара Вера билан гаплашдик:

– Нима гаплар, муслима атиргули?

– Тинчлик, насроний атиргули, – дедим. – Ўзингизда нима гаплар?

– Нима ҳам бўларди, ўзинг билган гаплар менда ҳам. Айтганча, сенга бир хабарим бор.

– Нима экан?

– Бу ерга келмасанг айтолмайман.

Бобом бизни парда ортидан кузатиб турарди. Веранинг ёнига борганимда бобом ҳалиям парда ортида эди.

– Гапиринг, Вера, нима бўлди?

– Нима бўларди, Таркан кеча кечқурун “Мусулмонликни ўрганаман”, деди.

– Нима?! Рост айтяпсизми?

– Албатта, тўғри айтяпман. Лайло билан тортишиб қолишди.

– Оҳ, Аллоҳим! Қулоқларимга ишонмайман!

– Ишон, ишон. Филиз устоздан бир оятни сўраганди-ку, шу гапга ишонгани учун Иегова шоҳиди бўлган экан. Ишонгани аксинча бўлиб чиққани учун ўйлари чалкашиб кетибди. Энди исломни ўрганаман, деяпти. Зинҳор, Жамилага айтманг, мен ўзим айтаман, деди.

Севинчимни таърифлашга сўз ожизлик қилади. Шундай бўлса ҳам аниқ ишонмаётгандим. Илоҳиёт факультетини тамомлаган бир одамдан дарс олаётган экан. Иегова шоҳидлари қайтаришга уриниб келишибди. “Сизлар менга Қуръон оятларини бузиб англатдингиз. Сизларга ишонмайман”, дебди. Лайло укаси учун қайғураётган экан. Нима қилса шу Гулдерен қилди, деётганмиш. Ҳа, Гулдерен қилди. Тинмади, толмади. Энди навбат менга эди. Мен ҳам хизмат қилишим керак эди. Оҳ, кошки мусулмонларнинг ҳам Иегова шоҳидларига ўхшаган тартиб билан ишлайдиган ташкилоти бўлса эди. Ҳозироқ у ерга бориб вазифамга киришган бўлардим.

Бир оқшом Вераникига бордим. Эшик очиқ экан, ичкарига кирдим. Бундоқ қарасам, оҳ, Аллоҳим, кўзларимга ишонмайман, Таркан шом намозини адо этаётган экан! Аввал менга туш каби туюлди, сўнгра бўғзимда алланима тугунланди. Ютиндим. Кейин йиғлагим келди. Ҳам кўзларимдан ёш оқарди, ҳам ўзим хоҳламай уни кузатиб турдим. Ё Аллоҳим, бир йигитга намоз ўқиш шунчалик ярашар эканки!..

Уни ҳаяжон билан кузатиб турарканман, елкаларига салом берди. Мен қараб турганимни кўрди ва ўрнидан қўзғалди:

– Ҳаа, сенмисан?

– Шунақа шекилли…

– Демак, қўлга туширдинг мени?

– Ҳа, жуда хурсанд бўлдим, Таркан. Сендан кутилган нарсани қилдинг!.. Қачон мусулмон бўлишни ўйладинг?

– Аслида, анчадан бери баъзи саволлар мени тинч қўймаётганди. Масалан, Қуръон бизга айтилганидек шафқатсиз эмаслигини кейинги пайтларда тушуна бошлагандим. Биз нимага эътиқод қилган бўлсак, унинг аксига далиллар келтирилди. Бир неча ойдан бери ўйлайман, кечаю кундуз шу саволлар билан миям банд эди. Масалан, оддий савол: бир қиз билан бир йигит доимий бирга юрса-да, кўнгли бузилмасмиш, шу эътиқодни қабул қилишим қийин бўлди. Эркакка ҳам, аёлга ҳам буни лойиқ кўрмасдим, лекин ҳеч кимга бирор нима деёлмасдим.

– Тўғри айтасан. Мен ҳам шу нарсани ўйлагандим…

– Аслида бошқа шоҳидлар ҳам буни ўйлагандир, менимча. Бу инсон фитратини билмасликдан. Хуллас, икки оила қурмаган киши ҳар доим бирга юради, лекин қалбидан ҳеч нарса ўтмайди. Балки, бироз мустаснолар бордир, лекин қоида бўйича ҳеч ундай бўлиши мумкин эмас! Яна бир қанча саволлардан беҳаловат эдим.

– Хаёлингда шунча саволлар бўла туриб нега гапирмадинг?

Таркан бироз ўйланиб жавоб қилди:

– Сен онам билан ўтира тургин, мен намозимни адо қилай. Сен билан гаплашадиган кўп гаплар бор.

Мен Веранинг ёнига бордим. У Лайло ҳақида гапириб берди.

– Тарканнинг мусулмон бўлиши Лайлони жуда хафа қилди.

Вера овқат тайёрлаётганди. Иши қилаётиб мен билан гаплашаётганди.

– Сиз хафа бўлмадингизми, Вера?

– Ҳеч хафа бўлмадим. Мен ўзим ҳақида жавоб бераман. Улар нима истаса, шуни қилсин.

– Отаси нима деди?

– У ҳам мендай ўйлайди. Лекин қайнонамнинг хурсандчиликдан юраги ёриляпти. Ўзи мусулмон эмас, лекин ўзидан бошқа ҳамманинг мусулмон бўлишини истайди.

Бу гап менга хуш ёқди. Чиндан ҳам баъзи мусулмонлар ўзи исломга амал қилмаса ҳам, бошқалар исломдаги барча қоидага амал қилишини исташади.

Филиз устоздан гап очилди. Мен уни мақтаб адо қилолмасдим.

– Кошки ҳамма мусулмонлар ҳам Филиз устоздек бўлса эди.

– Ҳа, ҳақлисиз. Кошки барча мусулмон Филиз устоз каби, ҳар насроний сиздай бўлса эди. Афсуслар бўлсинки, икки, ҳатто уч, ҳатто тўрт тарафдаги жоҳиллар сабабли яхши ниятли одамлар кўринмайди, уруш чиқариш учун бузғунчилик қилаётганлар ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам исломда урушда одамлар орасини бузувчиларга катта жазо берилар экан. Ҳатто энг катта жазо уларга берилар экан.

Мендан бобомни сўради:

– Бобонг ҳалиям мендан нафратланадими?

– Ҳеч ҳам ўзгаргани йўқ. Ҳатто менга бир ёмонлик қилишингизни кутяпти. Сиз менга бирор ёмонлик қилсангиз, бобом байрам қилиб нишонлайди! Қачон сизларникига келсам, парда орқасидан мени пойлаб ўтиради. Насроний деганда инсонга ўхшамаган бир жонивор каби кўради. Насронийларда ҳам бобомга ўхшаганлари бормикан? Мусулмондан қўрқадиган ва ҳуркадиганлари?

– Бўлмайдими, бор! Ақидапарастлар ҳар нуқтада учрайдиган паразитлар.

Бу орада Таркан келди. Менга ҳазиллашди:

– Қани, Жамила, сен билан бир бўлиб онамни мусулмон қиламизми?

– Беҳуда ҳавасланманглар. Динингизни чиройли яшанг, мен бўласам ҳам бўлади.

Кейин биз Таркан билан ярим қолган гапимизга қайтдик:

– Хўш, Таркан сени эшитаман, нега ўйларингни ўртоқлашмадинг?

– Билмайман. Тадқиқчимни ранжитишни истамадим. Сидқидилдан мен билан шуғулланди. Бошқа сабаблари ҳам бор. Инжилдаги кўп ҳикоялар, Тавротда мен қабул қилолмаган кўп нарсалар бор эди.

– Масалан?

– Масалан, менга Тавротда аёл ҳаддан ортиқ айбланадигандек туюларди. Кейинчалик биринчи кездаги ишонишнинг ҳаяжонлари сабабли буларни унутдим. Кейин орага Филиз устоз кирди, қандай ҳайратланганимни тушунтиролмайман! Исломда сиздан бўлмаганларни ўлдиринг, деган оят уруш майдони ҳақида экан, лекин бизга кундалик ҳаётда деб тушунтирилганди. Бу ҳам мени паришон қилди. Ҳисларимни ерпачин қилди. Ўзим билан ўзим кўп олишдим. Ҳеч кимга билдирмай ўзим билан курашдим. Зотан, биз бошидан хато қилдик. Ўз динимизни уларнинг нуқтаи назаридан, улар истагани қадар ўргнадик. Улар ҳам аниқ гаплар эди. Тушунчаларимизга сиғдиролмадик. Бизга хуш ёқадиган оятларга эмас, бошимизни қотирадиган, ақлимизни чалғитадиган оятларга диққатимиз қаратилди ва шоҳидлардан бўлдик.

– Биз ҳали шоҳидларданмиз. Филиз устоз айтди.

– Нима деди?

– Шундай яхши гап айтдики, ҳайрон қолдим. Бир ерда ўқиган экан. “Иегова шоҳидлари биз Аллоҳнинг шоҳидимиз, дейишади. Биз ҳамма нарса Аллоҳнинг шоҳиди деймиз” деди. Яна нима десин?

Орадан ойлар ўтди. Филиз устоз китоблар рўйхатини берди. Тавсия қилган барча китобларини ўқиб тугатдим. Дунёқарашим кенгайди. Унинг тавсияси билан Қуръон тадқиқини бошладим. Бу гал Филиз устознинг айтишича, Қуръондаги ҳамма нарсани аниқ-тиниқ тушунмасам ҳам, Қуръон руҳи мени қамраб олганди. Дарсларимиз яхши кетаётганди. Мен исломий илмларга жиддий аҳамият берганим сари Вера мендан узоқлаша бошлади. Буни ҳазм қилишим қийин бўлди. Нега ўзгариб кетганди Вера? Салом-алиги ҳам совуқ эди. Айниқса, Италияга бориб келганидан кейин бу ҳолат бошлаганди. Таркан дарсларини бенуқсон олиб борарди. Баъзан унга дуч келганимда ўқишларидан хабар топардим. Гулдерен ҳам ўша ғайрати билан йўлида давом этарди. Дарсларга у билан бирга бориб келар, у билан бирга ишлардим. Ўтган кунларда менинг аҳволимга қайғурганидан қанчалик изтироб чекканини вақт-вақти билан гаплашардик. Бобом ҳам Веранинг ўзини тутишини пайқади, тинимсиз мени мазах қиларди.

– Хўш, сенинг Веранг қаерда қолди? Нега сен билан муносабатларини узди? Мен сенга унга ишонма, демаганмидим?! – дер, имкон топгунича ҳақли чиққанини бошимга калтак қиларди.

Бобомнинг гапларига парво қилмасдим-ку, лекин Веранинг ўзини тутиши юрагимни ўртарди.

Лайло эса “Салом,яхшимисан?”дан бошқа мен билан бир оғиз ҳам гаплашмайдиган бўлди.

Лайлони ва отаси Фаик бейни исломга даъват қилиш учун кўп уриндим. Гулдерен ҳам кўп ҳаракат қилди, лекин ҳеч нарсага эришолмадик. Негадир улар билан шуғулланганимизчалик маҳаламиздаги номи мусулмон, ўзи мушрик бўлган бидъатчилар билан шуғулланмасдик. Худди уларга исломни англатишимиз фарз бўлмагандек…

Уғурга келсак, бу боладан ҳеч кутмагандим, мени касал қилишига сал қолди. Бир кеча эртак айтиб беринг, деб туриб олди. Бобом билан бувим ҳам қайта-қайта айтаверишди. Уғуримнинг қорнини тўйдирдим. “Тишларингни тозала, пижамангни кий, хонангга кел. Сен ётоғингга чўзиласан, мен сенга “Етим Муҳаммад” номли эртак айтиб бераман”, дедим.

Айтмоқчи бўлганим эртак эмасди, лекин эртак десам хурсанд бўларди.

Бориб тишларини тозалади. Қўлларини совунлаб ювиб, пижамасини кийди. Жуда тартибли бола Уғур. Устидан ечган кийимларини буклаб жавонга қўяди. Онамнинг оналик асари эди бу…

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм 33-қисм 34-қисм 35-қисм 36-қисм 37-қисм 38-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алининг жойнамози (12-қисм)

274 21:00 19.11.2019

Нонвойнинг хотини бахтли-ю...

1189 23:00 16.11.2019

Фарзанд онанинг кўнгил ойнаси

562 22:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (11-қисм)

745 21:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (10-қисм)

645 21:00 15.11.2019

«Ҳозирдан эҳсон қилмасам, катта бой бўлолмайман!»

1005 18:00 15.11.2019
« Орқага