Наср

Насроний атиргули (43-қисм)

1205

Уйга келганимда ҳорғинлигимни пайқадим. Шом намоздиан кейин дарров ухладим. Ётган жойимда ўйлай бошладим, аслида мен ҳам Ойнурчалик алдангандим. “Оёқ-қўлларингизни кесаман” оятини Аллоҳга далил деб билардим. Лекин Фиръавннинг қандай Фиръавн эканига далил экан. Ётоғимга чўзилиб, ўзимни ўзим койиб ухлаб қолибман.

Тунги соат ўнларда Исмат девонанинг овозидан чўчиб уйғондим. Исмат девона бобом ва бувим билан гаплашиб ўтирганди. Кўзларимни очганимда кўзларимиз тўқнашди. Мени томоша қилиб турарди. Ҳа, ҳа бу қарашалар томошадан хабар берарди. Ҳасратимда қолгандек, мени соғингандек қараб турарди. Қоп-қора бир жуфт кўз ва ҳуркитувчи нигоҳлар. Қолаверса, жинни бўлса ҳам эркак кишининг ётган жойимгача келганидан юрагим сиқилиб, қаттиқ қарашлари ҳатто қўрқитарди мени.

Бироз кескинроқ оҳангда гапирдим:

– Ҳам диндорликдан гапирасан, ҳам аёл киши ухлаб ётган хонага бостириб кирасан. Бу қандай мантиқ?

Яна кўзларимга тикилди. Киприкларига тош осилгандай қовоқларини зўрға очарди. Йиғлаган экан. Йиғи оҳангида жавоб қилди:

– Тўғри айтасан, лекин эсингда бўлсин, мен бир жинниман. Жинни нима қилаётганини билмайди.

Шарт ўрнимдан турдим:

– Сени жинни-пинни эмассан. Жинниликни ўз фойдангга кўра қўллайсан. Ўзини ўзи жинни дедиган одамни ҳеч кўрмадим. Бошқа уйимизга бундай кирмагин, илтимос!

Ғалати қараб ғудранди:

– Сени соғинганим учун келгандим. Бунчалик ҳақорат қилишинг керак эмасди.

Алам билан чиқиб кетди. Эртаси куни машинамга ўтириб, Аминўнига кетмоқчи эдим. Қарасам Исмат девона шундоқ машинамнинг ёнида мени кутиб турган экан. Уни кўриб асабим бузилди.

– Тинчликми, нима бор бу ерда? – дея сўрадим.

Чуқур маъноли нигоҳларини кўзларимга тикди:

– Менга бундай муомала қилма, илтимос. Машинанга ол мени, денгиз бўйига борайлик, бу ерда нима қилаётганимни сенга айтаман. Энди бу юкни мен ҳам кўтаролмайдиган бўлдим. Сен билан ҳамма нарсани очиқ-ошкора гаплашиб олишим керак.

“Ана, холос, – дедим. – Урди худо, ҳали шу менга севги изҳори қилади-да…”

Хатти-ҳаракатидан ошиққа ўхшарди. Йўқ деёлмадим. Нима деса десин, бу ишни тугатайлик дедим. Хавотир билан машинамга ўтиришига рухсат бердим, лекин юрагим отилгудай урарди. Мени бўғиб қўйса-чи? Ё бошқа бир ёмонлик қилса-чи? У истагандай холи жойга бормадим. Машинамни гавжум Сариер майдони бўйида тўхтатдим. “Шу ерда гаплашайлик”. Аввал кўнмади, сўнг рози бўлди.

– Майли, унда шу ерда гапириб бераман. Кўп шошилма. Ҳаётимнинг энг муҳим жиҳатини айтиб бераман.

Ҳайрат ва ҳуркак нигоҳлар билан тикилдим унга. Сўз бошлади:

– Мен жуда тиришқоқ ўқувчи эдим. Бешинчи синфга борардим, оиламиз жуда қашшоқ эди. Қалам олишга пулимиз йўқ эди. Қишлоғимизга бир бадавлат одам келди. Тракторга етгулик пул бериб, асранди фарзанд олмоқчи эди. Фақир оилалардан баъзилари шу заҳоти болаларини олиб келишди. Қишлоққа бир пасда бу хабар тарқалди. Қишлоқ аҳли майдонга тўпланди. Мен ҳам қизиқиб у ерга бордим. Фарзандларини сотмоқчи бўлган оталарга ҳайрат билан қараб турардим. “Одам ўз боласини-я, – дердим, – одам ўз фарзандини қандай қилиб сотиши мумкин?”

Бадавлат одам менга қаради. Кимнинг ўғли эканимни айтди. Отамни кўрсатдим. Отамга: “Бизга бу бола жуда ҳам ёқди, илтимос уни бизга сотгин, тракторга қўшиб сенга бир кило олтин ҳам бераман”, деди. Ичимда “Аҳмоқлик, отам мени бир кило олтин нари турсин, икки машина олтинга, дунё унга берсилса ҳам сотмайди”, деб ўйлардим. Отам кутилмаганда шундай деди: “Бўлди, бердим, ол!”

Қулоғимга ишонмасдим. Отам ҳазиллашаётгандек эди. Лекин ҳазил эмас экан. Онамнинг “Боламни бермайман”, дея чинқириб йиғлашларига қарамай отам мени бериб юборди. Онамдан айрилаётганда кўп йиғладим. Отамдан айрилаётганда йиғламадим, юзига ҳам қарамадим. Ўша онлар отамни ҳеч соғинмасам-да, онам кўз ўнгимдан кетмасди. Орадан йиллар ўтди. Асраб олган оилам менга яхши қаради. Уларни яхши кўрсам-да, онамни кўпроқ соғинардим. Шўрлик, ғариб онажоним умрида бир бор банан, икки бор печенье еган экан. “Уларнинг таъмини ҳеч унутмайман”, дерди. Эсингда бўлсин, ҳар бир нарсанинг бир сабаби бор. Ўттиз ёшимдан кейин қишлоққа борай, онамни кўрай дедим. Қишлоқдан бир неча йил аввал кетишибди, Истанбулга келишибди. Мен ҳам Истанбулга келдим. Уларни изладим. Бир неча ой изладим ва топдим.

– Онангни кўра олдингми? – қизиқиш устун келиб сўрадим.

– Кўрдим. Кексайибди онам, лекин ўша онам. У мени танимади. Уни тез-тез кўраман.

– Хўш, руҳий касал бўлишинг қачон бўлди?

– Ҳаммаси аскарлик хизматида бўлди. Лекин уни айтолмайман, кўтаролмайсан. Мен кўтаролмаганим учун шу ҳолга тушдим. Менинг гапирм ҳали тугамади. Биз уч ака-ука эдик. Бошқа ҳеч кимимиз йўқ эди. Мени сотган одам, яъни отам ким биласанми, Жамила?

– Нима?! Мен уни танийманми?

– Ҳа, танийсан, у сенинг бобонг. Сен менинг жиянимсан…

Музлаб қолгандим гўё. Тилим тутилиб қолди, ишонмаслигимдан қўрқиб чўнтагидан сурат чиқарди. Бобом-бувим ёнма ён ўтиришибди, отам билан Исмат орқаларида, отам ўн уч, Исмат ўн бир, катта амаким ўн тўрт ёшда экан. Ҳайрат ва ачиниш аралаш исмсиз туйғулар гирдобида қолгнадим. У эса йиғлаётганди.

– Энди нега сенга эътиборли эканимни тушундингми? Сен мен учун ҳаётда онамдан кейин энг қадрли инсонсан. Сендан кейин Уғур, ундан кейин акаларим келади. Сени устингда жон берардим. Кечаю кундуз сени ўйлардим. Динини билган инсон сифатида сени диндан узоқ кўриш мени адо қиларди.

– Хўш, нега айтмадинг?

– Билмайман, балки асраб олган онам билан ўз онам эшитишини истамадим… Бундан кейин нима қилишни билмайман, лекин сенга юрагимни очишни истадим. Ортиқ чидолмадим. Ҳозир шунчалик хотиржам бўлдимки, буни англатишим қийин.

Бир-биримизни қучиб йиғладик. Йиғлаганча яна гапира бошлади:

– Сенга яқинлашиш учун қандай баҳоналар уйдиргандим. Эслайсанми, сариқ бўёқли вилла ҳикоясини? У ҳикоя ҳам сенга яқишлаши учун ўйлаб топган ҳикоям эди.

У ҳисларни тушунтиришнинг ҳеч имкони йўқ. Оқшомга яқин уйга қайтганимда, қордан ясалган аёлга айлангандим. Орадан бир неча кун ўтганига қарамай ҳамон ўзимга келмагандим. Демак, бу эътибор беҳудага эмас экан. Ўтмишдаги ҳолатлар бир-бир кўз олдимдан ўтди. Ҳа, беҳудага бунчалик эътибор берилмасди. Орадан бир ҳафта ўтиб бироз ўзимга кела бошладим. Сўнгги йилларда ҳар хил муҳитга кириб-чиқаётганимда худди танамнинг хусусияти ҳам ўзгараётгандек эди.

***

Шундай ҳолатда юрган кезларим мен Инжилга қарши гапира бошладим. Гўёки Инжил кейинчалик ўзгарганини исботласам, Қуръон юксаладигандек туюлди. Мен баъзи ғайримуслимларнинг Қуръонга қилган ишини такрорлаётгандим. Инжилдан хато излардим, бир хато топсам хурсанд бўлардим. Хусусан, Инжилнинг ўзгариб кетганини ҳар доим гапирардим. Бу ҳолатимни пайқаган Филиз устоз бир куни мени чақирди. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин сўради:

– Жамила! Агар Инжилнинг ўзгармаганини билсанг, Қуръонни қўйиб Инжилга қайтасанми?

– Йўқ!

– Демак, бизнинг Қуръонга имон келтирганимизнинг ёлғиз сабаби Инжилнинг ўзгаргани эмас! Биз Инжилда хатолар бор деб, Қуръонга имон келтирмаганмиз. Буни унутма, Аллоҳ бизга “Қуръонга итоат қилинг!” дея буюргани учун имон келтирганмиз. Сен Инжилга қарши гапирмасдан, одамларга Қуръонни англатсан, шу етади. Амри маъруф, наҳий мункар билан шуғуллан. Тушунтир. Диндор-динсиз, насроний-яҳудий, ёнингга ким келса ҳам уларга исломни англат. Эшитишса эшитар, эшитмаса бошқа одамга гапрасан. Ўзингни кўп уринтирма ва такрорлайман: Инжил ўзгармаган тақдирда ҳам биз Қуръонга имон келтиришга мукаллафмиз.

Бу мулоҳазаларга қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди.

Исмат айтган гаплардан шок ҳолатида юрган кунларим Ойнур қўнғироқ қилиб ўзимга келтирди: Ойнур Бурсада Зайнаблар билан бирга Қуръон дарсига бораётган экан. Энди Қуръонга имон келтирганлардан сабоқ олаётганди. Жуда ҳам қувондим. Бу хурсандчилигим қўша хурсандчиликлар олиб келди. Бувим билан гаплашиб ўтирганимда Уғур бир хат олиб келди. Хатни очдим, икки-уч жумла ёзилганди унда:

“Севикли мусулима атиргули! Аллоҳнинг амри билан сенга муносиб жуфти ҳалол бўлишга ваъда қилиб, умр бўйи сўлмайдиган гуллардан менинг боғчамга гул ўтказишингни истайман ва бу таклифимни қабул қилишингни ўтинаман. Аллоҳ ҳақи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳақи, Исо алайҳиссалом ҳаққи таклифимни рад этма. Сени кўп йиллардан бери севган, ҳаёт йўлида сен билан давом этишни истаган ошиқ Таркан».

Мактубни олиб ғайриихтиёрий равишда ойна қаршисига ўтдим. Кўзларимга қараганимда мен ҳам ҳайрон қолдим. Аввал ҳеч кўрмагандим, кўзларим куларди.

***

Ишончим комилки, кейин нима бўлганига қизиқяпсиз. Таркан билан турмуш қурдик. Иккимиз ҳам илоҳиёт факультетига ўқишга кирдик. Алоҳида дасрлар ўқидик. Гулдерен жуда яхши диндор ўқитувчи билан турмуш қурди. У ҳам тафсир қила оладиган даражада араб тилини ўрганди. Бу қийинчиликларни ўз ғайрати билан енгиб ўтди. Уғур бувимлар билан қолди. Бувимга ҳақиқатни айтдим, “Исмат сизнинг ўғлингиз”, дедим. Боёқиш бувижоним хурсандчиликдан ақлдан озаёзди.

Аммо афсуслар бўлсинки, Исмат амаким уч йилдан кейин ёш ўлиб кетди. Онамга куйганимдан ҳам унга кўп куйдим. Ҳозир мен Германиядаман. Яхшиликларини бир умр унутмайдиганим Гулдерен ва Филиз устоз билан камида йилда бир учрашамиз. Ойнур уйига қайтди. Кейин араб тилини ўрганиш учун хорижга кетди. Ойнур бизга ойли, нурли байрам қилди. Лайло қайнэгачим бўлганидан кейин менга нисбатан муомаласи бироз яхшиланди, лекин насронийликдан воз кечмади. Вера қанду болдай қайноналик қилди ва ҳалиям шундай давом этмоқда. Таркан ажойиб умр йўлдош чиқди. Атрофимда парвона. Икки фарзандимиз бор, қўлларингиздан ўпиб дуоингизни олишади…

Интиҳо.

Қанчалик ҳурмат қилсак, шунчалик ҳурмат кўрамиз. Модомики бутун инсоният тамали бир экан, унда ҳар кимни ўз эътиқоди билан қолдириш керак. Биз инсонмиз, шундай экан, бошқасининг диний эътиқодига тоқат қилишни ўрганамиз ва ҳақорат билан муҳокама қилишни тўхтатамиз. Бугунги кунда фикрлар тўқнашуви яхши ишларнинг хабари бўлмаяпти, шундай экан, бу кетишда зулмат тунларни қандай ёритиш кераклигини ўйлашимиз керак. Ва олдинга юрганда шуни ҳам ўйлашимиз керак: “Ҳар доим ҳақли бўлган биз бўлавермаймиз, баъзан душманимиз ҳам ҳақли бўлиши мумкин”. Инсоният буларни ажрата олишни билганида, инсон бўлгани учун мақтанишга муносиб бўлади. “Иегова шоҳидлари” “Биз Аллоҳнинг шоҳидларимиз”, дейишади. Биз айтамизки, ҳамма нарса Аллоҳнинг шоҳидидир.

ТАМОМ.

Амина Шенликўғлу

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм  5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16- мм 17 -қм қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм 28-қисм 29-қисм 30-қис м 31-исм 32-қисм 33 34-қисм 35-қисм 36-қисм 37-қисм 38-қисм 39-қисм 40-қисм 41-қисм 42-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эълон

865 12:30 04.11.2019

Насроний атиргули (42-қисм)

1347 23:00 01.11.2019

Насроний атиргули (41-қисм)

1266 23:00 31.10.2019

Насроний атиргули (40-қисм)

1176 23:00 30.10.2019

Насроний атиргули (39-қисм)

1381 23:00 29.10.2019
« Орқага