Наср

Насроний атиргули (40-қисм)

1175

Уғур ётоғига кирди. Мен рўпарасига ўтириб, оламларга раҳмат қилиб юборилган етим Муҳаммад ҳақида гапира бошладим:

– Минг тўрт юз йил олдин Макка деган шаҳарда бир ўғил бола дунёга келибди. Бола шу қадар ширин ва севимли эканки, кўрган одам: “Бунча севимли экан бу бола?!” деб юборар экан. Боланинг онаси ўғлининг ҳамма қатори бола эмаслигини ҳис қилар, аммо ҳеч кимга айтолмас экан. Кўпдан бери Макка номи билан аталадиган бу шаҳарда бир одат бўлган экан, янги туғилган чақалоқлар эмизиш учун эмизадиган оналарга берилар экан. Муҳаммадни ҳам эмизадиган онага беришлари керак эди. Шунга мажбур эдилар. Муҳаммаднинг онаси Омина боласини эмизадиган аёлнинг қишлоғига юбориш учун тайёрлабди. Кўз ёшлари юзини ювар экан. Ширингина болакай ҳам онасидан айрилаётганини ҳис қилибди ва йиғлай бошлабди. Аммо кўз ёшларининг фойдаси йўқ эди. Муҳаммадни эмизадиган онасига берибдилар. Эмизикли онаси уни яхши парвариш қилибди. Ҳалима узоқ пайт уни эмизибди. Ундан кейин Муҳаммадни ундан олиб, бу гал Баракот номли энагага беришибди. Баракотнинг бир ўғли бўлибди. Унинг исми Айман экан. Ундан кейин Айманнинг онаси маъносида “Умму Айман” номини олган экан. Умму Айман Муҳаммадни жуда яхши кўрар экан. Муҳаммад уни жуда яхши кўрар экан…

Шу орада Уғурим сўраб қолди:

– Онаси йўқ деб йиғлаган эканми?

– Онаси бўлган экан, лекин жуда узоқда экан. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам оналарининг қоринларида олти ойлик ҳомила бўлганларида оталари вафот этган.

– Отасини қаттиқ соғинар эканми?

– Жуда ҳам!

– Онасини-чи?

– Онасини ҳам.

– Унда нега онаси уни узоқларга юборибди?

– Ўшанда шунақа одат бўлган экан жамиятда. Аммо исломдан кейин Қуръон оналарга “Болаларингизни эмизинг” дея буюрган экан. Ундан кейин оналар болаларини узоқларга юбормасдан, ўзлари эмизадиган бўлишибди.

– Албатта, юборишмасин, опа. Болалар оналарини қаттиқ соғинишади. Болалар онасини соғиниб, ҳеч кимга билдирмай йиғлашади.

Боланинг бу гапларидан юрак бағрим ўртанди.

– Сен қаердан биласан?

Ерга тикилиб жавоб қилди:

– Мен бошқа нарсаларни ҳам биламан, опа. Онасини соғинган болалар онасининг кўзойнагини яшириб қўйиб, соғинишганда уни ўпишади…

Ёндим, онам! Юрак-бағрим ёнди! Билинтирмай яна сўрадим:

– Хўш, сен буларни қаердан биласан?

Уғуримнинг кўзларига ёш тўлди. Охири ёноқларини кўз ёшлари ювиб ўтди. Бироздан кейин жавоб берди:

– Мен биламан, чунки мен шундай қиламан, опа…

Бу қайғули, изтиробли сўзлардан кейин кўз ёшларимни тийишга қаердан куч топа олардимки?! Мен ҳам йиғлаб юбордим. Уни бағримга босдим, иккимиз ҳам йиғладик. Бола онамни унутди деб ўйлардим. Уни онамнинг қабрига ҳам олиб бормасдим, у билан етарлича шуғулланмасдим. Кўпгина катталар каби боланинг фақат имон билан боғлиқ муаммоси бор деб ўйлардим, бутун эътиборимни шу жиҳатга қаратгандим. Ҳаётни билиш, керагича англамоқ керак экан. Бизга ўқитилган дарсларда нега ҳаёт дарси йўқ эди? Авваломбор инсон ҳаётини, руҳиятини ҳақиқатга уйғун шаклда ўрганганимизда, мен укамни шундай унутиб қўярмидим? Унга вазифамни бажармаганимдан уялиб кетдим. Катталардан биров ҳам “Бу боланинг руҳий оламига эътибор бергин. Сен унга оналик қиласан”, демади. Отамга илтижо қилган кунимни эсладим. “Мен унга оналик қиламан”, дегандим. Атрофдагиларда кўрганим оналик услубига кўра эди менинг оналигим ҳам. Шуни “оналик” деса, мен ҳам шунақа қилгандим. Боладаги фақат мени қизиқтирган жиҳатларига эътибор берибману, унинг руҳияти билан боғлиқ жиҳатларга эътибор қаратмаган эканман. Бу ҳолат ҳаммамизда бор. Бола тарбиясида фақат ота-онани масъул санаймиз. Ҳолбуки, опа, ака, тоға, хола, ҳатто қўни-қўшни, кимнинг боласи бўлишидан қатъи назар, унга тарбиячи бўлишлари керак эмасми?

Уғурнинг сўзлари юрак-бағримни ёқди. Эсимга тушди. Онам ўлганда бола шўрлик шундай хўрсиниб-хўрсиниб йиғлагандики, ҳамон кўз олдимда турибди. “Онамни тупроққа қўйдирманг, уйимизда сақлайлик, илтимос, ота”, дея ёлворганди. Бир неча кун икки тишлам егулик еб, дастурхондан туриб кетарди. Ўша пайтлар унга бироз ғамхўрлик қилдик, кейин бир зумда ўз ҳолига ташлаб қўявердик. Мен ҳам болани роса эздим шоҳидлардан бўлсин деб. Бола боёқиш ўзи билан ўзи қолиб кетган экан. Энди хатоимни ислоҳ қилишим керак эди. Агар инсон бўлсам, буни уддалаш менга қийин бўлмасди. Шу қарордан кейин уни яна бағримга босдим.

– Жоним Уғурим! Опангни кечир, жоним. Опанг ҳам янглиш тарбиянинг маҳсули эди, жоним жигарим…

***

Гулдерен орзусига етганди. Жуда ҳам бахтиёр эди. Энди Гулдерен мен билан шуғулланганидек мен Ойнур билан шуғулланишда давом этдим. Менинг мусулмон бўлганим уни ҳайрон қолдирганди. Вера ўша-ўша ҳолида, мени ранжитиб юрганди. Ҳамон “Марҳабо”, “Яхшимисан?”дан бошқа бир оғиз ҳам гаплашмасди. Ажабо, дедим, Италияда поплар билан гаплашдию поплар унга мен билан муносабат қилмаслигини айтдимикан?! Биз воқеаларга ўз услубимизга мос либос кийдиришни яйраб бажарамиз. Бошқаларнинг ҳолатини фаросатимизга кўра изоҳлашга ўрганиб қолганмиз. Бир куни жуда зерикиб кетдим. Гулдерен ҳам йўқ эди. Лайло-ку нисбатан буткул бегонага айланиб бўлганди. Мутлақо меҳри қолмаганди. Бирдан эсладим. Бир тадқиқ дарсимизда Матто Инжили бешинчи бўлимда “Душманни сев!” сарлавҳали оятдаги сарлавҳа, бошқа бир таржимада “Севги синови” номи билан ёзилган, унда шундай дейиларди: “Қўшнингни севасан, душманингда адоватда бўласан, дейилганини эшитдингиз. Лекин сизга айтаманки, душманингизни севинг ва сизга озор берганларни дуо қилинг…” Ўша кезларда буни кўп ўйлагандим. Унда биз мусулмонлардан нафратлантирилгандик. Ўзимиз билмай қандай қилиб бу ҳолатга тушгандик. Алавийликдан фойдаланиб, алавий эътиқоди севгидир деявериб мутассил адоватда бўлган сохта алавийлар ва сохта суннийлардек, биз истар-истамас ҳам нафратланардик, ҳам ўзимиз шуғулланаётган инсонларда нафрат уйғотардик. Бундай бўлмаслиги керак эди-ку? Модомики, Исонинг буйруғи эди, биз ҳатто душманимизни ҳам севишимиз керак эдик? Буни Лайлодан сўрамоқчи эдим. Ортиқ чидаёлмасдим. Борганимда виллада эди. Жуда совуқ қаршилади мени.

– Сенинг эътиқодинг сенга: “Душманингни ҳам севасан” дейди, сен нега мендан нафратланасан? – дея сўрадим Лайлодан. Совуққина қилиб жавоб берди:

– Мен ҳеч кимдан нафратланмайман!

– Рост гапирмаяпсан! Мендан нафратланасан. Сизлар душманингизни ҳам севардингиз-ку? Сен билан неча йиллик дугонамиз. Менга бундай қилишинг яхши эмас. Онанг ҳам бир дунё бўлиб қолди. Онанг борган жойидан нохуш огоҳлантириш олди, чоғимда. Тўғриси, мени жуда ҳайрон қолдирди. Нега бунақа бўлиб қолганингизни айтасанми?

Қониқарли жавоб ололмадим. Баттар юрагим сиқилиб уйга келдим. Эртаси куни боғчамизга тушдим. Атиргул кўчатлари тиқилиб қолган, бир-бирига халал бераётганди. Боғчани тартибга келтирмоқчи эдим. Қарасам, Вера ўтиб кетаётганди.

– Исо алайҳиссалом ва Марям онамиз ҳақи тўхтанг! – дедим. Тўхтади.  – Нега менга бундай қиляпсиз? Сизга нима қилдим? Гаплашмасангиз гаплашманг, лекин Аллоҳ учун менга айтинг, нима қилдим сизга?

Аввалига менга қарамасдан, ҳовли панжарасидан тутган куйи турарди. Сўнг кўзларини менга тикди:

– Тўғрисини билгинг келаётган бўлса, бил, мен Италияга кетганимда оиламдан сўнг энг кўп сени соғиндим. Қизимга нима олган бўлсам, сенга ҳам шу ҳадялар олдим. Лекин мени аэропортда кутиб олишга муносиб кўрмадинг. Соғинганингда кутиб олишга чиқардинг. Шунинг учун сендан оғриндим.

– Йўғе?! Аразингизнинг сабаби шумиди? – дея сўрадим ҳайрат билан.

– Етарли сабаб эмасми?

Ё Раббим! Буни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Панжарадан қўлимни чиқариб кўришдим. Сўнг юқорига чиқиб бағримга босдим.

– Сиз хусусингизда янглишмаган эканман.

Анча гаплашиб ўтирдик. Бироздан кейин Самира опа ёнимизга келди. Гуллар қалин ўсгани учун мен бирини юлар, бошқасини кесаётгандим.

– Нима қиляпсан? – Самира опа сўради.

Жуда хурсанд эдим. Ҳазиллашгим келди:

– Нима қилардим, боғчадаги насроний атиргулларини юляпман. Ўрнига мусулмон атиргулларни ўтқазаман. Вера билан ҳазиллшаш эди мақсадим. Самира опа индамай кетди. Вера билан анчагина қувноқ суҳбатлашдик. Кейин “энди ҳамма уй-уйига” деб кулишиб уйимизга кетдик.

Амина Шенликўғлу

Таржимон:  Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм  28-қисм 29-қисм 30-қисм 31-қисм 32-қисм 33-қисм 34-қисм 35-қисм 36-қисм 37-қисм 38-қисм 39-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алининг жойнамози (12-қисм)

273 21:00 19.11.2019

Нонвойнинг хотини бахтли-ю...

1189 23:00 16.11.2019

Фарзанд онанинг кўнгил ойнаси

562 22:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (11-қисм)

745 21:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (10-қисм)

645 21:00 15.11.2019

«Ҳозирдан эҳсон қилмасам, катта бой бўлолмайман!»

1005 18:00 15.11.2019
« Орқага