Наср

Насроний атиргули (41-қисм)

1265

Орадан кўп ўтмасдан Вера мендан илтимос қилиб келди:

– Машинамни Лайло олибди, илтимос, мени Тақсимгача олиб бориб қўя оласанми?

– Албатта, ҳозир!

Дарров йўлга тушдик. Ҳали Бешиктошга етмасимиздан машинам бузилиб қолди. Бир четга чиқдим. Нима қилишни билмай ўйланиб тургандим, Вера бошидан ўтган бир воқеани эслади:

– Ҳали турмуш қурмаган кезларим эди. Бир мусулмон қўшнимиз бўларди. Ҳомиладор эди, дард тутибди, эшигимизни тақиллади.

– Вера! Илтимос қиламан, мени касалхонага олиб бор! – деди.

Олиб бордим. Қайтаётганда машинам бузилиб қолди. Машинани бир четга олиб қўйдим ва таксига ўтириб, уйга келдим.

Машинамнинг бузилганини айтдим. Онам “Сенга ҳеч нарса қилмабди, бошқаси муҳим эмас”, деди. Лекин бувим ғашланди:

– Ҳа-да, тўнғизни машинангга олганингдан кейин омадсизлик келтиради-да! – деди.

– Буви нима деганингиз бу? У мусулмон, тағин ҳақиқий мусулмонлардан, уни тўнғиз деманг! – дедим.

– Нега демаслигим керак? Тўнғиз улардан яхши ҳайвон, – деди. Ишончим комилки, бобонг ҳам шундай дейди: “Ҳа машинанг бузилиши аниқ эди-ку! Насроний кофирни миндирганингдан кейин нима бўлсин?”

Уйга келиб бобомга бўлган воқеани гапириб бергандим, айнан Веранинг айтганларини такрорлади:

– Ҳа, машинанг бузилиши аниқ эди-ку! Насроний кофирни миндирганингдан кейин нима бўлсин?

Нақадар жирканч манзара эди булар! Шунинг учун ҳам инсоният бўри еган бўрига айланган, инсон еётган инсонлар кўпайиб кетяпти. Филиз устоз “Замонавий бўлиш бугуннинг кишисига ҳеч нарса бермади, лекин инсоният буни кўролмаяпти”, дерди. Дарҳақиқат, шундай эди. Ва энг ачинарлиси, инсоният бу ҳолатдан халос бўлиш учун ҳеч нарса қилмаётганди.

***

Бир куни дарс жараёнида Филиз устоздан сўрадим:

– Мен мумтоз намояндаларни ўқишни яхши кўраман. Файласуфларнинг мулоҳазаларига ҳам қойил қоламан. Лекин исломий соҳада файласуф йўқ. Бундан хафа бўламан.

– Нега бўлмас экан? Бор бизда ҳам, лекин уларни биз файласуф демаймиз. Файласуфни кўпчилик “мутафаккир” дея тушунади. Бизда файласуфларни таржима қилганлар “файласуф”ни “мутафаккир” дея ўгирмагани учун файласуф деган даҳо ислом дунёсида бўлмаган деган фикр уйғонди жамиятда. Ибн Арабии, Ибн Рушд, Форобий, Ибн Сино, Имом Ғаззолий кабилар, юнонча айтганда “философ”, яъни файласуфлардир. Бугун ҳам эркак-аёл ўнларча файласуф бор, лекин уларни файласуф демаймиз. Қолаверса, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатилаётган хориж мумтоз намояндаларни ўқитиб, ҳавойи гапларни ўргатишмоқда. “Нолдан чексизликка қадар фикрлар биздадир ва бизда Аршга борган йўл” эканлигини билмайдилар. Шуни билмаганлари учун маҳаллий сериаллар ишқибозлари маҳаллий китобхонлардан ортиб бормоқда.

Филиз устознинг мулоҳазалари ҳақли эди. Ўзи тузган китоблар рўйхатини менга тутқазиб жилмайди-да, тавсиясини беришни ҳам унутмади:

– Шу рўйхатдаги мутаффаккирларнинг асарларини ўқи. Энг таъсирли жумлаларни бир дафтарга ёзиб, менга олиб келгин. Кўрайлик-чи, Канту Суқротлардан ортда қолишганмикин? Табиийки, сенга буларни ўқишни тавсия қила туриб хориж мумтоз намояндаларини ўқимагин, демайман. Ўқигин уларни ҳам, лекин фақат ўқишнинг ўзи етмайди. Ҳолбуки, бизга биз ҳам керакмиз ва энг аввало биз керакмиз. Ўз маданиятимиз керак. Уларнинг маълумотлари ҳам кейинги ўринларда асқотади.

Бу изоҳлардан мамнун бўлдим. Дунёқараши кенг инсон барибир бошқача-да. Кейин ҳафтада бир дарсимизни давом этира бошладик. Мушрикларнинг кўнглини яна бир бор кўра бошладим. “Ғофир” сураси 26-оятда Фиравн Аллоҳнинг пайғамбарига уюштирган бўҳтонни ўқидик: “Фиръавн: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. Майли, Раббига дуо қилсин. Албатта, мен унинг динингизни алмаштиришидан ва ер юзида фасод чиқаришидан қўрқмоқдаман», деди.”

Филиз устоз бир муддат ўйга толди. Ҳозир бу оятнининг Қуръонда марҳамат қилинганини янада яхшироқ англадим. Мушриклар одамларга динни ҳимоя қилгувчи фаришта каби кўринар экан, ҳақиқий диндорларни, динга хизмат қилувчиларни, гарчи улар пайғамбар бўлса ҳам, динсизликда айблай олишарди. Эҳ, юртимдаги ва дунёдаги мусулмонлар кошкийди буни англаб етсалар эди.

Ойнурни ўйладим. Атрофдагиларининг танқид ва тазйиғига учрагани сари мужодала этишда давом этарди.

Ойнур бир нималарни уддалашга ҳаракат қиларди, қачон ва нимага эришмоқчилигига қизиқардик. Бир хориж мутафаккири “Тезда қўлга киритилган муваффақият инсонни беқарор ва хавфли кишига айлантиради” деган экан. Ойнур атрофдагилардан таъқиб кўргани сари ўзига тинчлик бермаётган саволларга жавоб излашга уринарди. Унинг бу изланишларини энг яқинлари ҳам билишмасди. Руҳий инқирозга тушгани камлик қилгандай, таъқиблардан асабийлашар, тазйиқлар уни буткул ҳолдан тойдирганди.

“Умр бўйи ҳеч нимага эришмаганлар бошқаларнинг эришганларини камситиш билан ўзларини овутишади”.

Дунёда бундай кимсалар жуда кўп ва одамни ғажиётган одамсифат бўрилар қилмишларини давом эттиришяпти.

Ойнур буткул ёлғиз қолди. Руҳиятини англайдиган ҳеч ким йўқ эди. “Муваффақият пиллапояларидан ҳеч ким қўлини чўнтагига солиб чиқолмайди”. Шундай экан, саволларига ўзи жавоб топар, бир хатоси оқибатида чала ташлаб кетган ўқишини тамомлаб, одамларга ва ўзига ёрдами тегадиган инсон бўлиб етишиши керак эди. Ўрнига чўзилганида ҳар хил режалар тузар, ўз оиласининг ёнида, лекин улардан қалбан узоқлашиш изтиробидан азобланарди. Ойнурнинг ўйлари фақат шу нуқтага қаратилган эди: “Кимдир мени кўр-кўрона алдаётган бўлса-чи? Ҳеч нарсани уддаламасам-чи?!”

Оқибатида хайрли манфаат бўлмаган ишни бажаролмаслик ҳам бир неъмат эканини Ойнур билмасди.

Ойнурнинг гап-сўзларидан шуни мулоҳаза қилдимки, дугонам алал-оқибат буюк изланишларга ғарқ бўлади ва ниҳоят ҳақни топарди!

“Бу йўлда чарчама, Ойнур! Туман эмассанки, бўшлиқда қолсанг!”

Одамлар ўзини шу даражада чиройли қадоқлаб ўрайдики, ичи бошқа, таши бошқа одам ичида гўёки икки кимса қаршингда тургандек. Ойнур ўзини ўраб-чирмашни истамайди. Лекин атрофдагилари ўзларини безаб-бежаш кўрсатишдан мамнун эди. Ички ва ташқи дунёлари бир-бирига ҳеч ўхшамасди. Ўзини борича кўрсатгани учун ҳам Ойнур илмсиз, лекин диндор бувисини ранжитди. Шунинг учун онажонисини йиғлатди. Тили бошқа, дили бошқа бўлмагани учун ҳам дўсту яқинларига озор берарди.

“Оқ бу қадар арзон бўлиши мумкинми?” дейди бир фозил киши. Албатта, мумкин эмас. Хўш, инсоннинг бунчалик арзон баҳоланиши-чи? Фикрларнинг сотилиши-чи? Ҳақиқатни поймол қилиш, тўғриларни оёқ остида эзғилаш бутун бошли инсониятни алдади. Ҳатто сигирга сиғинадиган одам ҳам ўзини дунёда ҳеч алданмаган киши санайди. Мен ҳам шундай алданган бўлсам-чи?

Ойнур мана шу ҳис ичида одамларга шубҳа билан қарарди. Ва ўзига кўрсатилган ўша “Сиздан бўлмаганларни оёқ-қўлини кесинг” дея ўқилган оятни кимдир низо қўзғаш ва диний ихтилоф келтириб чиқариш учун ўйлаб топганини англади. Олдинги оят нима эди? Уни бошқалардан эшитганди. Ойнурдан шундай сўрашарди: “Аллоҳ сизлардан бўлмаганни шафқатсизларча ўлдиринг, дейди. Хўш, эътиқод эркинлиги қаерда қолди?” Лекин у оятни мусулмонлардан эшитди. Агар мусулмонлар ҳам шоҳидлар тушунтирган маънони берса, ана ўшанда қалбида ҳеч қандай шубҳа қолмас, шоҳидларга таслим бўлар, улар қандай эътиқод қилса, шунга иймон келтирарди.

Бир гал икки тушини гапириб берди. Тушлари менга умид берарди. Ойнурнинг бир хусусияти бор эди: у ҳар доим Аллоҳга ёлвориб дуо қиларди. “Аллоҳим, менга ёрдам бергин! Ўз йўлингни менга очгин!” дея илтижо қилармиш. Бир куни шу дуоларидан кейин ухлаб қолибди. Тушида Исо алайҳиссаломни кўрган экан. Исо алайҳиссалом узун, оппоқ кийим кийган экан. Ойнурга диққат билан қарар экан. Ойнур у зотнинг оппоқ этагини ўпишга йиқилибди. Шу орада Исо алайҳиссалом уни огоҳлантирибдилар: “Нега этагимни ўпяпсан? Ҳеч ким бировнинг этагини ўпмайди! Сен буни билмасмидинг?” Шу орада қандайдир овози эшитилибди, овоз унга: “Сен Инжилни ўқийсану, нега ўз Қуръонингни ўқимайсан?!”

Ойнур шу тушдан уйғонган заҳоти дарҳол ўзи яхши кўрган шоҳидлардан бўлган ҳамширанинг ёнига борибди. “Олинг бу Инжилингизни, мен уни ўқимайман”, дебди. Ҳали илк кунларда экан бу воқеалар. У шоҳидлардан бўлган ҳамшира хоним ҳам дарров Қуръони каримни чиқариб, “Мана, кўр, Қуръонда ҳам ҳатто Инжилни ўқиш, унга имон келтириш ёзилган. Кўрган тушинг шайтондан, сен унга алданма”, дебди. Боёқиш Ойнур ҳам “Модомики Қуръонда айтилган экан, унда мен ҳам Инжилни ўқийман”, деб китобни олибди. Албатта, Инжилни ўқиш гуноҳ эмас. Бу ердаги қилаётганлари имон ахлоқига зид бўлган нарса эътиқод қилаётганлари Инжил учун ўзлари эътиқод қилмайдиган Қуръондан дастак олишлари деб ўйлайман.

Ойнурнинг яна бир туши жуда ғалати эди. Яна бир кеча Аллоҳга дуо қилиб, “Ё Раббим! Қайси дин ҳақ бўлса, уни менга тушимда аён қил”, деб йиғлаб ёлворибди. Гарчи бу усул инсонни тўғри йўлга бошламайди, лекин Ойнур бир неча ой илтижо қилавергани учун Аллоҳ унга чиройли ва аниқ аён қилганди. Тушида у билан шуғулланган, Бурсадаги бувисининг қўшниси Зайнаб деган аёл кирибди. Зайнаб жамоати билан бир хонада экан, шоҳидлар нариги хонада. Шоҳидлар “бу ерга кел” деган экан, бир овоз Зайнаб ўтирган хонага киришини айтибди. Ойнур бу тушидан ҳам қаттиқ таъсирланганди, лекин шоҳидлар “Бу ҳам шайтоний туш” деб унинг фикрини ўзгартиришган экан.

Мен Ойнур бир куни бу тушини эслашига ишонардим. Гулдерен мени ўйлаганидек, мен ҳам уни ўйлардим. Қўнғироқ қилиб, мени чақирди. Овози жуда қайғули эди. Машинага ўтириб бордим. Эшикни очганимда йиғлаб ўтирганини сездим. “Ичкарига кир”, деди хушламайгина. Ичкарига кираётиб ўйладим, модомики келишимдан мамнун бўлмади, бу қиз нега мени уйига таклиф қилди. Сабрсизлана бошладим.

Ясама ҳол сўрашлик қисмидан кейин суҳбатга киришдик.

Амина Шенликўғлу

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм  5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16- мм 17 -қм қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм 28-қисм 29-қисм 30-қис м 31-исм 32-қисм 33 34-қисм 35-қисм 36-қисм 37-қисм 38-қисм 39-қисм 40-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алининг жойнамози (12-қисм)

273 21:00 19.11.2019

Нонвойнинг хотини бахтли-ю...

1189 23:00 16.11.2019

Фарзанд онанинг кўнгил ойнаси

562 22:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (11-қисм)

745 21:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (10-қисм)

645 21:00 15.11.2019

«Ҳозирдан эҳсон қилмасам, катта бой бўлолмайман!»

1005 18:00 15.11.2019
« Орқага