Наср

Насроний атиргули (42-қисм)

1346

– Менга қара, Жамила! Сен самимий муслималигингни биламан. Ўлсанг ҳам сохтакорлик қилмаслигингга ишонаман. Мен ҳам ундай қилмайман. Шунинг учун ҳам жуда кўп озор кўрдим. Яқин инсонларим ҳам мендан узоқлашишди. Мен шоҳидларданман, бундан шубҳа қилмагин! Лекин ўзимни ўртаган жавобсиз саволлардан қийналяпман. Атрофдаги мусулмонлар бундай оят йўқ дейишади.

– Қандай оят?! – сўзини бўлдим.

– Аслида жуда кўп оятлар сўроқ остида. Баъзиларини сўрасам, “Бунақа оят йўқ”, дейишади.

– Улар ҳақиқий мусулмонми ёки исмлари мусулмончами?

– Унисини билмайман, мен мусулмонман деган одам динини билиши керак.

– Сен мусулмонман деганингда динингни билармидинг? Мен билармидим? Бу дунё мусулмонларининг аҳволи иккимизнинг олдинги аҳволимиздек.

Ойнур жавобсиз саволлар ичида қолиб кетганини пайқадим. Динимни билмаслигимдаги нуқсонимни пайқадим. У ердан чиқиб тўғри Филиз устозга қараб югурдим. Ўзимни жоҳил санашни истамаслигимни, менга бир чора топишда ёрдамлашишини ўтиндим. Филиз устоз “сен билан дарс қиламиз” деганида севинчдан юрагим тўхтай қолаёзди. Устоз билан келишиб олгач, у ердан севиниб-қувониб Гулдеренларникига югурдим. Эшикдан овозлар эшитдим. Онаси билан тортишаётганди. “Германияга кетмайман, она. Беҳудага оввора бўлманг. Бу ерда менинг дарсларим бор”, дерди. Эшик қўнғироғини чалиб кутиб турдим. Гулдерен эшикни очди. Мени кўриб севинди.

– Кел, Жамила, – деди шиврлаб. Ичкарига кираётиб юзимга қаради. Демак, бу гал ички дунёим катта ҳарфлар билан юзимга ёзиб қўйилганди.

– Жуда хурсанд кўринасан?

– Ҳа, жуда хурсандман, Гулдерен.

Кўзёшларим юзимга оқа бошлади.

– Сенинг ғайратинг билан беш нафар насроний бўлган мусулмон фарзандининг уч нафари ҳақ йўлни топадиган бўлди. Ойнур исломга қайтадигандек, Гулдерен. Ҳаммаси сенинг шарофатинг билан бўлди, азм-қарорли муслимам менинг! Охиратимни асраб қололсам, сен ваксила бўлган бўласан! Аллоҳ сендан рози бўлсин! Яхшиликларингни ҳеч қачон унутмайман.

Уни бағримга босиб йиғладим. Ўша куним мутлақо бошқача эди. Уйга келсам, бобом бетоб бўлиб қолган эканлар. Юраги хуруж қилиб қолибди. Уни Вера касалхонага олиб борибди, дори-дармон қилдирибди. Яна қайноққина шўрва ҳам тайёрлабди. “Олинг, шуни ичиб олинг”, дебди.

Бобомнинг юзи буришиб ётганди. Ҳол-жонига қўймай сўрайвердим бобомдан:

– Қўй, сўрама қизим. Мен қаердадир хато қилдим, аммо қаерда хато қилганимни билмайман. Бир насронийнинг бунчалик яхшилик қилишини ҳеч ақлимга сиғдиролмайман.

Бобомдан ҳеч кўрмагандим бу ҳолатни, жуда севиндим.

– Сизнинг нафратингиз ҳаддан ортиқ, бобо, – дедим. – Сизга қарши уруш очганлардан нафратланасиз, тўғри. Динингизга қарши уруш очган, сизни ватанингиздан узоқлаштиришмоқчи бўлганларга адоватингиз бор. Лекин сиз бу ишларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, ўз диний эътиқодига кўра яшаётган, меҳр-оқибатли инсонга ҳам шундай адоватдасиз. Ҳолбуки, христианларга ислом дини “насоро” номини берган. Бу “ёрдам бергувчилар” дегани экан. Яқинда Филиз устоздан сўрадим.

– Ҳақлисан, қизим. Лекин мен нималарни кўрганимни билмайсан. Билсанг ҳайрон қоласан.

Гапириб беришини сўрадим, рози бўлди.

– Озодлик курашида ўша насроний инглиз аскарларининг қилмишларини ўз кўзларим билан кўрдим. Кўнгилхушлик учун бир мусулмоннинг аввал қулоқларини кесишди. Сўнг бақиртириб кўзларини ўйишди. Шўрликнинг исми Иброҳим эди. Иброҳимнинг фарёди аршга етиб борди деб ўйлайман. Мени ўлди деб ўйлашардир. Сездирмай узуқ-юлуқ нафас олиб воқеани кузатиб турдим. Сўнгра ўқ узиб ўлдирдилар уни. Бу манзарани ўн-ўн беш киши томоша қилди. Демак, насронийларнинг ҳаммаси шундай, деб ўйлардим. Аммо яхшилари ҳам бор экан.

– Шундай. Хоинлар ўзимиздан ҳам топилади, бобо. Бир нечта хоин туфайли бутун бошли миллатни айбласалар бизга ёқадими?

– Албатта, мусулмон ҳам урушда одам ўлдиради, ўлдирмайди демайман. Айниқса, урушда одам ўлдириши аниқ. Лекин қасам ичаманки, бирор насроний ёки бошқа диндагининг кўзини ўйишса, уни кулиб томоша қиладиган мусулмон ичимиздан чиқмайди! Мен миллатимни билмайманми? Энг золим мусулмоннинг ҳам нима қилишини ва нима қила олмаслигини биламан. Эҳ, бир кўрсанг, мен озодлик курашида нималарни кўрмадим! Энди ғарбликларга истасам ҳам, истамасам ҳам адоватим бор. Айримлар у кунларни унутди. Инглиз билан француздан бошқа ҳаммага улар душман, немис, айниқса, америкаликларни кўришса, жуда иноқлашиб кетишади. Мен кўрдим болам, у кунларни мен кўрдим. Кўрганларимни кўрсанг, сен ҳам мендай бўлардинг.

Бобомнинг руҳий ҳолатини тушундим, лекин яна жоҳилона муносабатларини кечира олмасдим. Мусулмонлар ичидан ундай золим чиқмайди дейиши менга унчалик ишонарли чиқмади. Қасдлашган одам мусулмон бўлса ҳам золим бўлиши мумкин.

Орадан ойлар ўтди. Уғурга ҳар кеча бир қисса гапириб берардим. Баъзан Исо алайҳиссалом ҳақида, баъзан Мусо алайҳиссалом ҳақида, баъзан эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳивассаллам ҳақида қиссалар айтиб берардим. Уғур бу услубни хуш кўрди. Исо алайҳиссаломга қарши гапирмаганим ва у зотга имон келтирганим учун. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламни унга янада яхшироқ севдирдим. Шукр, мен қўрққанчалик бўлиб чиқмади. Алҳамдулиллаҳ.

Лайло мен билан гап-сўзни буткул узиб ташлади. Лекин мен салом-алик қилишда давом этдим. Қанча уринсак ҳам Лайло ва каптарвоз Содиқ бейни йўлидан қайтролмадик. Гулдерен воситасида катта ишларни амалга оширдик. Маҳалламизни ҳимояга олдик. Иеговачилар қайси эшикка кирса, орқасидан биз ҳам кириб, улар уйғотган шубҳа-гумонларни ўчирардик.

Юрагимни бошқа нарса ўртарди. Биз ўз маҳалламизни Аллоҳнинг изни билан ҳимоя қилардик, бошқа маҳаллаларни ким ҳимоя қиларди? Бошқа маҳаллаларда ҳам бир Гулдерен, ёки Аҳмад, ё Меҳмед бормиди? Бу саволнинг жавобни ҳамон билмайман.

Орадан ўн беш-йигирма кунлар ўтди. Ойнур қўнғироқ қилиб қолди. Гап орасида: “Мен хато қилдим чоғи, Қуръонни Қуръонга қарши бўлганлардан ўргандим, улар мени ўзи истаган шаклда йўналтирди”, деди.

Бу сўз катта қадам эди. Телефонни ўчиргач, Гулдеренга хушхабар айтиб, бор гапни тушунтирдим. Хушхабардан Гулдерен жуда хурсанд бўлди:

– Вақт йўқотмасдан Ойнурни Филиз устозга олиб борайлик, унинг саволларига фақат Филиз устоз жавоб бера олади, – деди.

Дарҳол Ойнурга қўнғироқ қилиб айтдим. Эртаси куни учрашадиган бўлдик. Филиз устозникига бораётганик, Ойнур бироз беҳаловат эди. Гулдерен билан мен ҳаяжонда эдик.

Филиз устознинг уйига борганимизда, устозимизни ҳорғин кўрдик. Ҳорғин бўлса-да, бизни самимий ва очиқюз билан қаршилади. Ичкарига кирдик. Ёнма-ён ўриндиқларга ўтриб уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирган бўлдик. Ойнур сиқилаётганди, лекин қўлидан келгунича билинтирмасликка уринаётганди. Кўп ўтмай мақсадга ўтдик. Ойнур портлашга тайёр бомбадек эди. Охир-оқибат портлади:

– Мен сўрамоқчи бўлган оят ҳақида сиз ҳам жавоб беролмайсиз, мен энди ҳеч кимдан сўрамайман!

Филиз устоз хотиржам жавоб қилди:

– Мен ҳамма нарсани биладиган донишманд эмасман, аммо барибир айтинг, мен қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Қайси оят экан у?

– Аллоҳ Қуръонда мусулмон бўлмаганларнинг қўл-оёқларини шафқат қилмасдан кесаман, деган эмиш. Бу қандай гап? Буни мутлақо ақлимга сиғдиролмадим.

Мен ҳаяжондан қалтирай бошладим. Филиз устоз кулимсираб жавоб берди:

– Буни Аллоҳ айтмаган-ку, шундай дейилганини бизга Аллоҳ марҳамат қилган.

Ойнур ҳайратланиб сўради:

– Унда ким?

– Буни Фиръавн айтган…

Ойнур шаҳд билан ўрнидан туриб, Филиз устознинг ёнига келди:

– Бундай бўлиши мумкин эмас. Хато қиляпсиз қаердадир. Ундай бўлса, бу гапнинг Аллоҳга тааллуқли экани нега айтилсин? Бу ёлғончилик бўлади.

Филиз устоз Қуръони каримнинг олиб, “Аъроф” сурасини очди.

– Мана ўша оятларни ўқийман: Аввал 123-оятни ўқийман: “Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга имон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз”.  124-оятга диққат қилинг: “Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман”, деди”. Оятнинг асли мана шу. Сизга бузиб тушунтирилган.

Ойнур даҳшатли чуқурга тушган каби эди. Ўрнидан туриб деразага қараб югурди. Бизга орқаси ўгирилган эди. Узоқ муддат қимирламасдан бошини ойнага тираб, ташқарига қараб ўтирди.

Биз ҳам ҳайрон эдик, ундан бундай муносабат кутмагандик.

Бироздан кейин ёнига бордим. Ойнур ич-ичидан йиғлаган, кўзлари қизарган, шишган эди.

Секин шивирладим:

– Ойнур, ўзингни қўлга олгин. Дардингни бизга очгин.

Кўзларида ёш билан менга тикилди. Энди бор овози билан йиғлаётганди:

– Яна нима бўлсин? Ўзимни аҳмоқ, алданган ҳис этяпман. Мен шу оят туфайли оиламдан айрилдим. Ота-онамдан узилдим. Қуръонни ҳақорат қилдим. Қуръонни ёқдим…

Сўнг фарёд қилиб ерга чўккалади:

– Мен алдандим… Мен алдандим, Аллоҳим! Мусулмонликдан бехабар ҳолатда Қуръонни бировларга ташлаб қўйган жоҳил бандаларинг туфайли алдандим. Қуръонни саҳифа-саҳифа ёқдим. Уни одамларнинг оғзига қараб озорладим…

Тиз чўккан кўйи ўтирган жойида узоқ йиғлади. Алданиш уни шошириб қўйганди. Паришону абгор бўлганди Ойнур. Янгидан туғилмоқлик учун янги оғриқларни бошдан кечираётганди.

Бироздан кейин йиғидан шишган кўзларини бизга тикди:

– Ўтинаман, ҳозироқ бу ердан кетайлик. Ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Эртага Бурсага, бувимникига бориб, бир муддат у ерда қоламан ва ички овозимга қулоқ тутаман. Ҳозир ўтинаман мени уйимга олиб боринглар…

Амина Шенликўғлу

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм  5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16- мм 17 -қм қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм 28-қисм 29-қисм 30-қис м 31-исм 32-қисм 33 34-қисм 35-қисм 36-қисм 37-қисм 38-қисм 39-қисм 40-қисм 41-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алининг жойнамози (12-қисм)

273 21:00 19.11.2019

Нонвойнинг хотини бахтли-ю...

1189 23:00 16.11.2019

Фарзанд онанинг кўнгил ойнаси

562 22:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (11-қисм)

745 21:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (10-қисм)

645 21:00 15.11.2019

«Ҳозирдан эҳсон қилмасам, катта бой бўлолмайман!»

1005 18:00 15.11.2019
« Орқага