Наср

Насроний атиргули (6-қисм)

2387

Мен мусулмонларни баъзи намойишларда кўрардим. Уларни сиёсий мақсадлар учун динни ниқоб қилиб олишда айблашганида, “умматчи” деб аташганида ёмон одамлар эканига ишонардим. Кимга ишонишим керак эди, ахир? Ўша пайтларда мамлакат раҳбари ҳам уларни айблаган эди ҳатто. Лекин мусулмонлар тазйиқ ичида яшаганларини энди тушуняпман. Агар Иеогова шоҳидлари сингари улар ҳам эшикма-эшик брошюра тарқатиб даъват қилиб юришганида, давлатни бошқараётганлар мусулмонларнинг нафас олишига йўл қўймасди. Буни энди-энди кўра бошладим.

***

Аэропортдан уйга келгунимча фақат Уғур билан гаплашдим. Ота-онам чурқ дея оғиз очишмади. Масалани тушундим. Ота-онам мени четга суришмоқчи эди. Лекин бу четлатиш менинг парвоимга ҳам келмасди. Ўзимни ҳеч нарсани билмаганга солиб туравердим.

Бир пайт укам сўраб қолди:

– Опа, онам билан отам Муҳаммад учун сиздан жаҳллари чиқди, Муҳаммад ким?

Бу савол автомобилга тушган музли бомбадай бўлди.

– Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам, ўғлим! Эшитмагандай сўрашингни қара!

Отам уялганидан укамга бақирарди. Укамнинг эса ҳеч нарсадан хабари йўқ, беғуборларча жавоб қилди:

– Йўқ, отажон, ҳеч ҳам эшитмаганман-ку. У Германияда яшайдими, Туркиядами?

Отам шу пайт ер ёрилсаю, ерга кириб кетсам, деган бўлса ажаб эмас. Гўё ўғлига дин ҳақида бирор нима ўргатгандай бақириб-чақирди. Кейин яна газни босди.

Уйга қайтганимизда уй гўё таъзияхонадай эди. Тўғрироғи, ота-онам жанозага келгандай эди. Мен янги оламимда жуда бахтиёр эдим. Энди мени севадиган Иегова шоҳидларидан биродарларим ва эътиқодим бор. Нима қилишимни, ўзимни қандай бошқаришни ва кимга қандай муомала қилишни билардим, одамларни чўчитмасдим. Эътиқодимни секин-аста сингдириб боришим керак эди. Менга қандай секин-аста талқин этилган бўлса, мен ҳам шундай талқин қилардим. Фикрларимни аввал укам Уғурга сингдиришни режалаштирдим. Бола бўлгани учун унга тезроқ таъсир кўрсатишим мумкин. Бироз вақт ўтсин дея ўйладим. Ҳасан биродар айтганидек, аввал меҳр беришим керак. Қандай қилиб бўлса-да, укамга ўзимни севдиришим керак эди. Шундоқ ҳам яхши кўрарди, лекин қаттиқ яхши кўриб қолмагунича ҳозир меҳри иш бермасди. Зеро, шоҳидларда мени энг кўп таъсирлантирган хусусият уларнинг меҳр билан муносабатда бўлишлари эди. у кезларда бир нарсани ўйламагандим: “Шунчалик меҳрли кишилар илмли мусулмонлардан нега бунчалик нафратланишади?” Ҳа, ҳа, фақат илмли мусулмонлардан, айтганча, яна насроний пасторлардан ҳам нафратланишади. Лекин уларга бўлган нафрат билан мусулмонга бўлган нафрат орасида фарқ бор эди. Бу фарқни ҳам узоқ йиллардан кейин тушундим.

***

Ота-онам ва мен муаммоли учбурчакка айлангандик. Бир-биримизнинг кўзларимизга қараб гаплашолмасдик. Юзимизнинг ўрта қисмига уч ўлчамли қартга қарагандек қарардик. Бир-биримизга кўзимиз тушган ҳар онда гўё электр токи ургандай бўлардик. Бир-биримизга аввалгидек яқин эмасдик.

Менинг ҳаётим уларга сир каби эди. Мендан шубҳаланишарди. Мен эса улар ҳақида қандай ўйлашни билмасдим.

Кунларимиз шу тарзда ўта бошлади. Отам мени Францияга, Италия ва Англияга ва Швецияга олиб борди. Мени дунё кездирса, насронийликдан воз кечишимни ўйларди.

Кейинчалик Европанинг ҳамма жойини, ҳар қадамини кездим. Тоза-озода майдонлар, кўчалар мени ҳайратлантирарди. Ҳеч қачон бундай жойларни кўрмаган эдим, Истанбулнинг айрим ифлос майдонларидан кейин Европа менга ёлғончи жаннатдай кўринганди. Европанинг энг кўҳна масканлари ҳам топ-тоза эди. Инсонлар озодаликка қонунга риоя қилгандек риоя қилишарди. Поклик Исломда қонун бўла туриб, баъзи мусулмон мамлакатлари гўё нопокликни қонунийлаштиришганди. Ҳамон бунга ҳайратланаман: “Поклик иймондандир” деган ҳам мусулмонлар, ифлосликка ботиб қолганлар ҳам. Ҳеч қайси ислом давлати Ғарбга ўхшаган тоза эмас. Нега? Бу ҳам менинг қўлимдаги дастак эди. Фақат отамга тоза, озода жойларни кўрсатардим: “Қаранг, ота, менга бундай озода ислом мамлакати кўрсата олмайсиз!”

Отам гапларимни инкор этолмасди, лекин тан олишга ҳам қийналарди. Мен ислом давлатлари ва насроний ўлкалар орасидаги тозаликдаги фарқдан усталик билан фойдаланардим. Барча салбий нарсаларни Исломга тўнкардим, ижобий нарсаларни эса Инжилдан билардим. Араб ўлкаларида ерга тупурадиганлар учрайди, улардан далил ўлароқ фойдаланиш менга етарли эди.

Ҳолбуки, биз ёз таътилларида Африка ўлкаларини ҳам кўргандик. У ерлар мустамлакадан энди озод бўлганини, ҳатто баъзилари ҳамон истибдод остидалигини, у ерларда ёмғир ёғмаслигини, ичимлик сувини ҳам зўрға топишларини, энг муҳими, у ердагилардан баъзилари ҳам худди турклар каби исломни унутганини, динсизлик эсган томонга қараб кетаётганларини билмасдим. Билмасам ҳам, буни тушунишимни хаёлимга келтирмайман. Исо ҳатто душманни ҳам севинг деган, лекин мен мусулмонлардан нафратланардим.

Амина Шенликўғлу

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм

УЛАШИНГ:

« Орқага