Наср

Насроний атиргули (7-қисм)

2517

Кунларимиз шундай ўтарди. Маданиятсиз араблар, маданиятсиз турклар ёки бошқа халқлар демасдан, ҳаммасининг айбини мусулмонлар ва исломга юклардим. Гўё ғарбни Инжил поклаб, шарқни Қуръон кирлатган эди менинг наздимда. Ота-намда эса менга ғалати туюлган индамаслик бор эди. Баъзан овқатдан олдин дуо қилсам, онам бир нималар демоқчи бўларди. Унга жавобан:

– Мен овқатдан олдин дуо қиламан, мусулмонлар эса овқатдан кейин дуо қилишади. Лекин сизлар Аллоҳнинг неъматларини ейсизлару, на аввал, на кейин дуо қиласиз! Бирор марта шукр қилганингизни эшитмадим! – десам ҳайрон қолишарди. Айниқса, онамнинг жавоб тополмай қолишидан билардимки, онамни отамдан олдим ўз эътиқодимга бошлай олардим. Ҳар куни умидим ортиб борарди. Ҳаяжонланардим, лекин ҳеч кимга айтолмасдим. Биродарларимга ёзардим баъзида. Охирги марта Бейзага шундай ёздим: “Сабрсизланяпман, Бейза, ота-онамни шоҳидлардан қила олармиканман? Уларнинг қўлида Инжил кўрармиканман?”  У ҳам менга жавоб йўллабди: “Шошилма, босим ўтказиб чўчитма. Ҳурмат-иззатларини ўрнига қўй. Сендаги гўзал хулқни кўриб, ўзлари эътиқодимизга қизиқишади. Қолгани осон кечади”.  Ҳа, қолгани жуда осон эди. Умид ва қатъий аҳд билан кутардим.

Аммо отам мени кузатиб юрган экан. Бейзадан келган мактубни ўқиб қолибди.

– Сен ҳалиям насрониймисан? Мен йигирма йил нарсонийлар дунёсига умримни бағишладим. Энди фарзандимни ҳам беришга тоқат қилолмайман. Бу иштиёқингдан воз кеч! Сенга яхшиликча айтяпман, насроний бўлишингга йўл қўймайман! – деди.

– Аллақачон бўлдим! Ҳатто ҳақиқий насроний бўлдим! – дедим. Отамнинг сўзлари менга жуда ҳам беъмани туюлган бўлса-да, ундан жаҳлим чиқмасди. Шунақанги беъмани дод-вой ҳам бўладими? Мен жоним, қалбим, руҳим билан бу динга киргандим. Керак бўлса, ота-онамдан воз кечардим, лекин эътиқодимдан асло воз кечмасдим!..

Отам мени ҳақорат қилганида, оиласидан ҳақорат эшитган биродарларимни эсладим. Азоб-уқубат тортганлари учун уларга ҳавас қилардим. Энди ўзим ҳам шу азобларни тортаётгандим. Иеоговага қанча шукр қилсам оз эди.

Отам бор овози билан бақирарди. Ҳатто мени ўлдиришини ҳам айтди. Мен бундан жуда ҳам мамнун эдим. Раб учун, Исо учун ўлишдан ҳам буюк шараф борми? Ҳақоратлар, ҳақорат эмас, ҳар бири жаннатдан келган бир нишона эди мен учун. Тангрим учун озор истардим, бундан ҳам буюк саодат борми?

Мен ҳам отамга баланд овозда:

– Ўлдиринг, ота, фақат бу билан менининг мақомим юксалишига сабаб бўласиз. Лекин мен ўлимдан қўрқиб эътиқодидан воз кечадиган аҳмоқлардан эмасман. Зотан, бундай аҳмоқлар бизнинг орамизда учрамайди, сизларда учрайди, – дедим. – Беш чақалик манфаат учун динингиздан воз кечасизлар.  Ўлимни қўяверинг, ўттиз кун ҳибсда ётасан дейишса, ўттиз йил Аллоҳ демайсизлар. Шундай экан, сизлар мени тушунмайсизлар. Биз ўлсак ўламиз, лекин эътиқодимиздан юз ўгирмаймиз! Мусулмонликка келсак, бошимга бостириб келса-да, мени энди ҳеч ким мусулмон қила олмайди. Беҳудага овора бўлманг!

Мен бу ҳолатга осонгина келмагандимки, осонгина динимдан чиқсам.  Отам мени уйга қамаб қўйиш билан қўрқитмоқчи бўлди. Баъзан мен ҳам уларга қаттиқроқ гапирардим. Отам чиндан ҳам мени хонамга қамаб қўйди. Ичкарида ўзим қолдим. Деворлари пуштига бўялган, тўр пардали хонам бирданига кўзимга ҳужрадай кўрина бошлади. Ўша лаҳзада бирдан қалбим севинчдан ёришди. Худди Америкада, Россияда ва бошқа мамлакатларда зиндонларга ташланган, лекин динидан юз ўгирмаган биродарларимни ўйладим. Ўзимни улар билан бир хил кўра бошладим. Мана бу ҳашамдор хона. Эшик устимдан қулфлангач, бу ер менинг хонам эмас, ҳужрамга айланганди ва бундан жуда ҳам хурсанд эдим.

Шўрлик отам илмли бўлганида менга бундай муносабатда бўлиб, Иегова шоҳиди бўлишимга янада кўпроқ ёрдам берган бўлармиди? Ўша лаҳзалардаги қувончимни ҳозир ифодалаб беролмайман. Нафратимдан бақир-чақир қилардим. Мусулмонлардан ишонилмас даражада нафратланардим. Энди нафратим бутун бўлди. Бундан ортиқ нафрат бўлмайди. Боши берк кўчада эди нафратим. Бундан ортиғи бўлиши мумкин эмас.

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алининг жойнамози (12-қисм)

273 21:00 19.11.2019

Нонвойнинг хотини бахтли-ю...

1189 23:00 16.11.2019

Фарзанд онанинг кўнгил ойнаси

562 22:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (11-қисм)

745 21:00 16.11.2019

Алининг жойнамози (10-қисм)

645 21:00 15.11.2019

«Ҳозирдан эҳсон қилмасам, катта бой бўлолмайман!»

1005 18:00 15.11.2019
« Орқага