Наср

Насроний атиргули (8-қисм)

2293

Отам ақлдан озгандек эди. Эшик ортидан туриб олиб мени Исломга қайтишга ундарди. Унинг босимларига жавобан шундай дедим:

– Сохтакорлик қилманг, ўзингиз ишонмаган динга менинг киришимни истаяпсизми? Сизнинг эътиқодингиз қайси ишингизда кўринади?

Отам бу сўзимни ҳеч ҳазм қилолмади:

– Ким сенга мени Исломга ишонмайди деди? Бу қаердан чиққан гап?

– Онам билан қадаҳ чўқиштирганингизда сизда дин бормиди? Ахир эътиқодингизда спиртли ичкилик ман қилинган-ку! Жазманларингизнинг исмини рўйхат қилиб қўйгандингиз. Онам нима қилди экан, у ҳам сиздай яшадимикан, билмайман.

Бу гапим отамга ҳаммасидан ҳам оғир ботди. Ғазаб билан эшикни очиб, томоғимдан бўға бошлади:

– Гапир, тез! Онанг нимадир қилганини кўрдингми? У менга хиёнат қилдими?

Бўғилаётгандим, қийналиб жавоб қилдим:

– Билмасам, бўлса бордир. Эркак-аёл аралаш ўтириб ичкилик ичардиларинг. Жазманларингиздан бири, албатта, столимизда бўларди, онам ҳам буни биларди. Балки онам ҳам сизга қасд қилгандир, қаердан билай?

Нима бўлганда ҳам, нодонлигим бор эди. Отага ҳам шундай дейиладими? Шундай дебман-да. Онам ҳайрон қолди.

– Бу қиз ақлдан озибди, – дея олди холос.

Ҳақиқатан, ақлдан озаёзгандим. Менинг бу ҳолимни шоҳидлар кўрса, ҳеч оқламасди. Бунга ишончим комил. Ўзимни бундай тутишим шоҳидга ярашмасди, лекин чидолмагандим. Дин ва имон билан ҳеч қандай боғлиқлиги бўлмаган ота-онамнинг менга диндорлик қилишига тоқат қилолмасдим. Сўнг Инжилдан шу оят эсимга тушди: “Мен сизларга айтяпман: Ким мени инсонларнинг олдида ошкора қабул қилса, инсоният ҳам уни Тангрининг малаклари қаршисида ошкора қабул қилади”, Луқо.  Масиҳни инсонлар олдида тан олиш ёки унга итоат қилиш бўлимида ўқиганим маълумотга кўра, мен имонимни одамларга очиқ-ошкора эътироф этаётгандим. Бу билан фаришталар олдида тан олинишимни тасдиқланаётгандим. Ҳаммага буни эътироф этаётгандим.

Отам, жаҳли чиққанида дину имонга куфр келтирадиган отам мени Исломга қайтарадиган одам излаётганди. Авваллари “диндан сиёсат йўлида фойдаланишади” дея ҳақорат қилган одамларига муҳтож қолганди. Уларга вазиятни тушунтириб, мени Исломга қайтаришга кўндиришларини сўради. Мен қулоқ солармидим? Бир қулоғимдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетарди. Ҳатто қулоғимга кирмасди ҳам!

Улар кетгач, яна Инжилни олиб ўқирдим. Луқо, 49-53 оятлар мени қаттиқ таъсирлантирарди. Мусулмонлар бу оятларга бошқача маъно беришарди, лекин биз бошқа маънони англардик. Бу ерда Исо шундай дерди: “Мен ер юзига ўт қўйиш учун келдим. Ҳозир ёнишидан бошқа нимани ҳам истайман? Ер юзига сулҳ учун тушди деб ўйласизларми? Сизларга йўқ дейман! Аксинча, айрилиқ олиб келдим...” Исонинг айрилиғи шу эди. Оиламдан айрилгандим. Исонинг ўргатганларига қаршилик қилган оилам айрилиқни хоҳлади. Исонинг илмини қабул қилиш осон эдими? Албатта, фикрлар тўқнашарди.

Босимга учраган сари Исони яхшироқ тушунар, шукр қилардим. Чин дилдан, бор қалбим билан мустаҳкам ришта ила боғланганим учун мени ҳеч ким Иеговадан айиролмасди. Уларнинг кучи етмасди бундай қилишга. Зотан, илми йўқларда бундай куч бўлмаслигини билардим.

Бу ҳолатга қандай тушганим кўпчиликка қизиқдир. Хонамда, устимдан қулфланган жойимда қолиб, ҳаммасини бошидан гапириб бераман. Ҳаммасини, ҳамма нарсани бошидан гапириб беришни истайман. Гапириб берайки, аҳволимдан ота-оналар, ёшлар ва таълим-тарбия вакиллари ибрат олишсин. Давлатларга ҳам ибрат бўлсин, дердим-ку, лекин яхши биламанки, аҳволимни кўриб хавф-хатарни сезадиган давлат масъуллари йўқ. Ҳукуматнинг сеҳриданми, билмадим, ҳукумат учун масъул мартабали шахсларнинг аксарияти халқни унутади. Исломга шунчалик қаршиларки, Иегова шоҳидларига кўрсатган бағрикенгликнинг чорагини ҳам мусулмонга қўлламайдилар.

Мантиқсизлик бозори

Достоевскийнинг шундай гапи бор: “Ҳамма нарсанинг асл маъносини англаш ва билиш касалликдир, ҳатто бутун бошли ҳақиқий касаллик!”

Достоевкий менинг аҳволимни кўрса, нима дерди экан? Зеро, мен ҳеч нарсани билмасдим. Бу ҳам бир бошқача касалликмиди, ажабо?

Ота-онам мени бобом билан бувимнинг ёнига қўйиб, Германияга қайтишди. Аксарият бахтсизлар ва оз бахтлилар яшайдиган Истанбул бўғозида яшардик.

Отам мен учун олинган виллага бувим ва бобомни ҳам қишлоқдан олиб келиб, мени у ерга жойлаштирди. Олдин айтганимдай, машина олишни ва ҳайдовчи ёллашни ҳам унутмади. Мен Германияда туғилгандим, бошланғич ва ўрта мактабни ўша ерда ўқигандим. Отам турк тилини яхшироқ ўрганишим учун лицейни Туркияда ўқишимни истади. Отамнинг мақсади туркчани чиройли гапиришим эди. Турк бўла туриб, туркча гаплашмайдиганларни кўрса, қаттиқ жаҳли чиқарди.

– Булар ҳеч нимага ақли етмайдиган шўрлик одамлар-да, – дерди. – Шундай бўлмаса, одам деган иккита китоб ўқийди, туркчани бунақа расво қилмайди...

Бувим содда, қулоқлари яхши эшитмайдиган, тез-тез сигир-қўйларини соғиниб эслайдиган аёл эди. Қулоқлари эшитмагани учун ўзи ҳам кўп гапирмасди. Баъзан узоқларга тикилиб қолар, бобом пул кўйида уни куйдирганини айтарди, лекин мен унча тушунмасдим.

Ота-онам мени ташлаб қайтишди. Аввалига бироз зерикдим. Кейин қўшнининг қизи Лайло ва укаси Таркан, кейинчалик эса ёнимиздаги уйда яшайдиган Гулдерен билан танишдим. Улар билан танишиб, бироз зерикишларим ариди, лекин бобом менга нафас олдирмасди: мусиқа эшитма, қўшиқ айтма, калта шим билан юрма. Ярим соат кечиксам: қаерда эдинг, нега анави болага кулиб қарадинг, манави қиз билан гаплашма... Бу тазйиқу тақиқлар мени зериктириб юборарди. Бобомга ёқадиган қўшиқларни эшитсам, жаҳли чиқмасди. Менга ёқадиган мусиқаларни жиннилик дерди. Жоҳиллик!

Нодонлик бир инсондан бошқаларга ўтиши кўп кузатилади, лекин жуда хунук нарса. Бобом менга яхшилик қилмоқчи бўлиб, қайтанга барбод қилганди. Менга донолик ва ақл билан яқинлашганида, балки шунча кўрган кечирганларимни кўрмасмидим? Ўша гўзал виллада бахтли яшардим. Вилламиз шу қадар чиройли эдики, айвонга чиққанимда гўё бўғознинг суви юзимга уриларди. Осмонда оппоқ булутлар сузаркан, денгиз мовий ёқутни эслатарди. Булутлар қуюқлашгани сари либосини ўзгиртирган эртакдаги маликага айланарди бўғоз. Надоматлар бўлсинки, вақт ўтиб гуноҳлар кир қилган дунёда денгизнинг гўзаллиги ҳам сезилмайди ва ҳаттоки гўзалликнинг нима экани ҳам унутилади.

Шеър ёзишни севганим учун бўғознинг тўлқинларига атаб шеърлар ёзардим. Далли-ғулли кўринганим билан ички дунёмда бошқача инсон яширин яшарди гўё. Ота-онамни соғинганимда айвонга чиқиб, улар учун шеърлар ёзардим. Бир гал “Бинафшаранг сочли онажоним” дея шеър ёзгандим. Бинафшаранг соч ҳам бўладими?! Аввал-бошида ота-онамнинг соғинчи ёндирарди мени.

Сўнгра кўникдим. Лайло, Таркан ва Гулдерен бўлмаса, ақлдан озишим ҳеч гап эмасди соғинчдан. Лайло оғир-вазмин, виқорли қиз эди. Лекин бундай кўринмаслик учун қўлидан келганини қиларди. Таркан ҳам шундай.  Йўлда юриб кетаётиб рақсга тушар, баъзан шимининг бир почасини тиззасидан кесиб ташлар, баъзан бошининг бир қисмидаги сочларини олдириб, бир қисмини ўстирарди. Ўша пайтдаги муҳит маданиятига кўра жаноблардек кўринмаслик учун нима керак бўлса, ҳаммасини қиларди.

Кейинчалик яхшироқ тушундимки, баъзи ёшлар катталардай кўринишдан уяларди. Айниқса, жаноб, хоним каби кўриниш бебош ёшларга асло ярашмасди. Бу замонавий бебошликлар динсизлик заҳрига ботирилиб, ёшларга сингдирилгани учун ёшлик шу аҳволга тушиб қолганди. Мен улардан ҳам оғир-вазмин эдим. Ҳатто уларга ўхшаб тунги ҳаётим йўқ эди ва тунда кўча-куйда сандироқлашга қарши ҳам эдим. Бу ҳолимни Лайло ҳам, Таркан ҳам яхши кўрарди. Шунинг учун ҳам улар билан тезгина иноқлашиб кетдик. Тарканнинг онаси Вера насроний эди, лекин унга ўхшаган очиқюз ва ростгўй насронийга аввал ҳеч дуч келмагандим. Аслидан бошқача кўринмасди. Амал қилмайдиган ишларини гапириб юрмасди, адолатли, тўғрисўз эди.

– Ғофил мусулмонлар ва ғофил насронийлар бўлмаса, биз мусулмонлар билан жуда иноқ яшардик. Орамизда ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳеч қачон бўлмайди ҳам, – дея бот-бот такрорларди.

Лекин мен унинг гапини унчалик яхши тушунмасдим. Кап-катта қиз эдим, ҳолбуки, тушунишим керак эди. Энди-энди фаҳмлаяпманки, ёшларга эшитганини тушуна оладиган даражада билим берилмайди. Баъзи ёшлар  атроф-муҳитга, воқеа-ҳодисаларга нисбатан бепарво қилиб етиштирилади.

Вера буни ҳам тез-тез танқид қиларди:

– Ғарбда Инжил, Шарқда Қуръон бор. Нега ёшлар бу аҳволда ўсяпти, тушунмайман...

Менга ўзини яқин оларди. Лекин бобом буни ҳам бурнимдан чиқарарди.

– У насроний бўлса, нега бунчалик яқин бўласан?! – дея баъзан урарди ҳам. Ўзи умрида бир бор сажда қилмаган одам, лекин менга насроний билан гаплашишни тақиқларди. Худди насронийлардан ҳам яхшироқ хислатлари бордек тутарди ўзини. Вера бобом мени уришганини билиб қолганди. Бир куни менга секин ёрилди:

– Менга қара, болам, мен мусулмонларнинг илмлисини ҳам, жоҳилини ҳам яхши танийман. Бобонг учрашишимизни истамайди, хўп десанг, яширинча учрашамиз.

Уялдим ва буни инкор қилишга уриндим. Вера аччиқ-аччиқ кулди:

– Инкор этма, бобонгнинг қарашларидан буни пайқадим...

Кейинчалик қарашдан қандай тушуниш мумкинлигини мен ҳам ўргандим. Қарши томоннинг фикрини хушламаган одам ёқтирмаган одамига қараганида, кўзлари инсон кўзи эмас, худди музли шишадан ясалган кўзга ўхшаркан. Меҳр ва тушунишдан асар ҳам бўлмаган совуқ нигоҳга яъни...

Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳижоб ояти

180 07:00 14.10.2019

«Сенга бир дирҳам, шеригингга етти...»

915 21:00 02.10.2019

Насроний атиргули (10-қисм)

3491 23:55 21.09.2019

Насроний атиргули (9-қисм)

2399 00:00 20.09.2019

Масжиднинг икки айри бурчагида икки киши дуо қилиб ўтирибди...

2169 09:00 19.09.2019

Ҳикоянинг қаҳрамони ҳақми, Сиз нима дейсиз?

1468 07:05 19.09.2019
« Орқага