Насроний олимининг холислиги

15:00 04.04.2019 5486

Куфр олами, дин душманлари Исломга қарши жазавали хуружини ҳеч қачон, ҳатто бир соат ҳам тўхтатмаган. Ислом тарихи давомида дин душманларига жўр бўлган олимлар ва адиблар Исломга, унинг муқаддасотларига қарши кураш, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъниларини булғаш учун не-не туҳмат-иғволарни ўйлаб топишмади, дейсиз. Айниқса кейинги беш юз йил мобайнида бу кураш янада шиддатли тус олди. Биргина Оврупада шу даврда Ислом ва унинг муқаддасотларига қарши ёзилган 10 минг китоб босилиб чиқди. Оврупа кинорежиссёрлари Ислом, Қуръони карим ва Ҳазрати Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёмонотлиқ қилиш мавзуида 131 та филм ишлашди.

Мусулмонлар динларининг бутун инсониятга юборилган сўнгги ҳақ динлиги, Пайғамбарларининг Аллоҳ таолонинг суюмли элчиси эканини билганлари ва бунга имон келтиришгани учун ғаламислар туҳматига жавоб бериб ҳам ёки улар билан тортишиб ҳам ўтиришмайди. Шундай бўлса-да адолат тарафида бўлган Исломдан ташқаридаги айрим холис ва инсофли олимлар туҳматчиларга асосли далиллар билан жавоб қайтаришяпти.

Яқинда шундай китоблардан бири билан танишишга тўғри келди. Миср православ насронийлар черковининг раҳбарларидан бири, Миср Шўро Кенгаши (парламенти)нинг ахборот, маданият ва сайёҳлик Қўмитаси раиси доктор Набил Луқо Бобовий “Насроний Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳимоя қилади” деган каттагина китоб ёзди. Китоб муқовасида “Унинг номига қараб отилган ханжарларга жавобимиз” деган тагсарлавҳа ҳам қўйилган.

Муаллиф асар сўзбошисида бундай ёзади: “Ҳар қандай диннинг тарафдорлари ўз динига қаттиқ эътиқод қилади, буни ўзгартириш жуда қийин иш. Имон фақат Аллоҳ берадиган нарса, ҳеч бир одам бошқа диндаги кишини жазолашга ҳақли эмас. Бундай ҳуқуққа фақат Қиёмат кунининг эгаси Аллоҳ ҳақлидир. Ҳар бир самовий дин тарафдорлари ўзга дин муқаддасотларига ҳурмат билан, нафрат ва мутаассибликсиз муносабатда бўлишлари лозим. Исломга, айниқса унинг Пайғамбари Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қарши шиддатли ҳужумлар муносабати билан мен, мусулмон биродарлари ичида яшаб турган мисрлик насроний шарқшуносларнинг барча ёлғон даъволари ва айбловларига жавоб қайтаришни ўзимнинг илмий ва миллий бурчим, деб билдим. Бу ёлғонлар Пайғамбар номига отилган заҳарли ханжарлардир. Имкони борича бу туҳматларни аниқлаб-тўплаб, уларга батафсил жавоб қайтардим. Ўзим мусулмон эмас, насроний бўлганимдан қатъи назар, илмий тафаккур билангина қуролланиб, мутаассиблик ва нохолис хулосаларни рад этдим”. Бу гапларга қўшимча қилиш ортиқча иш бўлса керак.

Муаллиф китобида Ислом ғанимларининг Пайғамбаримизга, инсонларнинг энг комили бўлган зотга қарши бор туҳмат ва иғволарни сочишгани ва сочишаётганини ишонарли далил ва мисоллар билан фош этади. У ёзишича, “диншунос“лар Аллоҳнинг элчисига “қўрқоқ, ақлсиз ва жирттаки одам эди“, “ўзи шоир бўлган“, “Қуръони каримни Аллоҳ туширмаган, балки ўзи ёзган“, “шаҳватпараст бўлгани учун кўп уйланган, ҳатто қулининг хотинини ҳам тортиб олган“ каби куракда турмайдиган, ҳатто ёш боланинг ҳам ишониши маҳол “айб”ларни тақаш билан одамларни алдамоқчи бўлишади. Доктор Набил Бобовий китобида Пайғамбаримиз шаъниларига отилган туҳмат ўқларининг ўндан зиёдини келтириб, уларнинг ғирт асоссизлигини, туҳматдан бошқа нарса эмаслигини илмий далиллар билан исботлаб беради.

Аҳмад МУҲАММАД 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!