Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Насронийларнинг масжидда ибодат қилганини биласизми?

1675

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ерда анчагина яҳудийлар бор эди. У зотнинг давлат ишларидаги биринчи амаллари улар билан ақидаларини эҳтиром қиладиган аҳднома тузиш бўлди. Унга кўра, давлат яҳудийларни ўз ҳимоясига олади ва улар ҳам ўз ўрнида Мадинага ёмон қасд қилган кишиларга қарши мусулмонлар билан бир қўл бўладилар. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исломий ҳазоранингилк уруғларида диний эркинлик асосларини татбиқ қилдилар.

Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: «Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман».

Бир марта Нажрон насоролари келганда, уларни ҳам масжидга жойладилар ва унда намоз (ибодат)ларини адо этмоққа рухсат бердилар. Улар масжиднинг бир томонида ибодат қилишса, Расулуллоҳ ва мусулмонлар бошқа томонида намоз ўқишган. Улар динларини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ билан муноқаша этмоқчи бўлганларида, уларни тинглаб, мужодала қилганлар. Буларнинг барчаси мулойимлик, одоб ва гўзал ахлоқ билан бўлган. Муқавқиснинг (қибтийлар подшоси) ҳам ҳадясини қабул қилганлар. Унинг юборган жориясини қабул этиб, Иброҳим исмли фарзанд ҳам кўрганлар. Шундан мусулмонларга: «Мен қибтларга яхши бўлишингизни тавсия этаман, чунки сизларда улар билан насаб ва қуда-андачилик бор», деб васият қилганлар.

Расули акрамнинг юксак инсоний табиатли диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан сўнг халифалари ҳам амал қилишди. Умар ибн Хаттобнинг Байтул Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида, у ернинг масиҳий аҳолиси у ерда яҳудийлар билан бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишганда, бунга рози бўлганликларини яхши биламиз. У зот «Қуддус ал-Кубро» черковида эканликларида аср намозининг вақти кириб қолганда, кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олмасинлар деб у ерда намоз ўқишдан бош тортдилар. Миср аҳолисидан бўлган бир масиҳий аёл ҳазрати Умарга ҳовлисини Амр ибн Ос мажбуран масжидга қўшиб олганлиги ҳақида шикоят қилди. У зот Амрдан бу ҳақда сўраганларида, шундай жавоб олдилар: мусулмонлар кўпайиб, масжид уларга торлик қилиб қолди. Масжид ёнида эса бу хотиннинг ҳовлиси бўлган. Амр унинг ҳовлисига бир миқдор пул таклиф қиладилар. Пул миқдорини қанчалик кўпайтирмасинлар, хотин барибир рози бўлмайди.

Бу ҳол Амрни ҳовлини бузиб, масжидга қўшиб олишга мажбур этади. Ҳовлининг пули эса хотин қачон хоҳласа, оладиган қилиб, Байтул-молга қўйилади. Амр қилган ишларида узрли бўлган бу ҳолат ҳозирги қонунларимизда ҳам жоиз, деб билингани ҳолда Умар унинг бу ишларидан рози бўлмайдилар ва Амрга масжиднинг янги биносини бузишга ва хотинга ҳовлиси олдин қандай бўлса, шундай топширишга буюрадилар!

Диний эркинлик кўринишларидан яна бири барҳаёт ҳазора соясида масжидлар канисалар билан ёнма-ён бўлишидир. Канисалардаги дин кишиларига диний ва канисий ишларининг барчасида раийатлари устидан тўлиқ ҳокимият бериб қўйилганди. Давлат бу ишларда уларга аралашмасди, балки мазҳаблари ўртасидаги ихтилофли масалаларини ҳал қилиб беришгагина қўшилар ва улар ўртасида инсоф билан ҳукм этарди. Рум ҳукмронлиги даврида Малконийлар Миср қибтларини қувғин қилиб, канисаларини тортиб олишарди. Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгач, қибтларга канисаларини қайтариб олиб беришди.

Шундан сўнг қибтлар Малконийларнинг араб фатҳидан олдинги қилмишлари учун интиқом олиб, ўзларидан кета бошлашди. Улар буни Ҳорун ар-Рашидга шикоят қилишганда, у қибтлар Мисрда эгаллаб олган канисаларни қайтариб олишга амр этди. Малконийларнинг патриархи мурожаат қилгандан кейин улар Малконийларга қайтариб берилди.

Дин кишиларининг маросимларидаги ҳуррияти ва қавмларига бўлган раҳнамоликларининг давомийлиги давлатнинг аралашувисиз қолди. Мамлакат аҳолисидан бўлган масиҳийлар бу тўғрида Рум ҳукмронлиги пайтида озгинасини ҳам сезмаган ҳурриятни ҳис қилдилар. Султон Муҳаммад Фотиҳнинг бутун Шарқда православ патриархияси қароргоҳи бўлган Қустантинияни эгаллаб олгандаги кўринишни ҳеч ким унутмаган бўлса керак. У ўша кунда барчаси насроний бўлган аҳолига молларида, жонларида, эътиқодларида, черков ва хочларида омонда эканликларини эълон этди ва уларни аскарликка олинишдан озод қилди. Раисларига эса қонунчилик ва қавмлари орасида чиқадиган турли даъволарни давлатнинг аралашувисиз ҳал қилиб бериш ҳуқуқини берди.

Қустантиния аҳолиси бунда византияликлар замонида кўрган муомала билан Султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан кўрган муомала ўртасида катта фарқ сезганлар. Чунки византияликлар уларнинг мазҳабий ихтилофларига аралашар, канисаларини бошқа канисаларга тобеъ бўлишини афзал кўришарди. Улар янги ҳукмдан хурсанд бўлишди. Ўз миллатдошлари бўлган ҳокимлар замонида ҳам кўрмаган бундай диний эркинликдан хурсанд бўлдилар. Ҳатто, Рум патриархига султон томонидан ҳукумат ичра ҳукуматга ўхшаш ҳуқуқлар бериб қўйилди ва унинг жамоаси яқин беш юз йил яхшиликда ҳаёт кўрди. Улар амалда мустақил эдилар, мустақилликларига на қўшин ва на мол раҳна сола оларди.

“Ислом ҳазораси” китобидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Пайғамбарларни карикатура қилиш эркинлик эмас!

3005 11:05 28.10.2020

Аввалги пайғамбар алайҳимуссаломлар кўпхотинли бўлмаганми?

1884 17:05 26.10.2020

“Қирқ ёш Аллоҳдан бандага юборилган элчидир”

2689 12:25 01.09.2020

Жаннатда пайғамбарлар билан бирга бўладиган зотлар

2278 08:00 28.04.2020

Пайғамбарларнинг дуолари

1167 08:30 16.04.2020
« Орқага