Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Наводирул вақое (давоми)

604

Алихонтўра Соғуний ҳаётида учрайдиган юқоридаги каби ҳодисалар хусусида эшитиб ёки ўқиганда бир хаёл кишини ўйга толдиради. Айтайлик, ўша “Наводирул вақое”нинг ҳаммутаржими раҳматли Абдураҳмон Ҳамроев ҳам, ТошМИ профессори Содиқов ва уларга ўхшаган жуда кўп кишилар Соғуний домланинг назари тушган ёки у томонидан таржима қилинган ёки бўлмаса изоҳлар берилган матнларга ўзлари истаганлари ҳолда ҳаммуаллиф бўлган ёки домланинг иштирокини қайд қилмаганлар, деб ўйламайман. Ўша Абдураҳмон ака “Наводирул вақое”да таржимон сифатида фақат домланинг номини ёзишни, профессор Содиқов эса салкам уч юз йиллик қўлёзмани ҳеч бўлмаса Алихонтўра Соғуний ёрдамида ўқишга муяссар бўлдик, деб ўз китобида қайд қилишни жуда-жуда хоҳлашган... Буни фақат шўро сиёсати ва бу сиёсатни қўриқловчи ташкилот ҳамда уларнинг кўрсатмаларини бажарувчи раҳбарлар хоҳлашмас эди. Бир жойда Баҳманёр Шокиров тўғри таъкидлаганидек, улар Алихонтўранинг номини матбуотда тилга олишдан қўрқардилар. Шу боис токи Ўзбекистон мус тақил бўлмагунча, унинг асосий асарлари чоп этилмади. Таржималарда эса имзолари “Али Шокиров” ёки “Алихон Соғуний” тарзида берилди.

Алихонтўра Соғуний собир одам эди. Шўролар ва бошқа истибдод ҳукуматлари томонидан халқи, ватанининг камситилишига чидамади: бирда қурол билан, бирда қалам воситасида жанг қилди. Аммо ўзининг камситилишига чидади ва сабр қилди...

Нафақат ўзининг авлодлари, шунингдек, бутун ўзбек халқи фахрланса арзийдиган яна бир жасоратни ҳам Алихонтўра Соғуний кўрсатди. Бу жасорат шўро ҳокимиятининг айни забтига олган, инсон ҳуқуқлари камситилиши, оддий меҳнаткашга бераётган бир бурда нони учун унинг бутун куч-қувватини, устларидан бутифослар сочиб, соғлиғини сўриб олаётган даврига тўғри келди. Яна шуни ҳам эътибордан қочирмаслик керакки, ўша пайтда Соғуний жасоратига ҳамоҳанг яна бир қур довюрак инсонлар юз кўрсатдики, уларни унутиб бўлмайди. Бу жасорат ва довюраклик 1967 йилда Амир Темур Кўрагоннинг “Темур тузуклари” асарининг “Гулис тон” журналида чоп этилишида ўзини намоён қилди. Бу воқеани назаримда, фақат Болтиқбўйи республикаларида ва Русияда ўша пайтларда энди куртак ёзаётган диссидентлик ҳаракати билангина қиёслаш мумкин. Албатта, 60-йиллар шабадасининг ҳам таъсири йўқ эмасди. 

“Гулистон” журналининг 1967 йил 1-сонида “Темур тузуклари” чоп этилгач, нафақат таҳририят, айни пайт да биринчи навбатда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси ходимлари ўз ҳаловатларини йўқотдилар. Бу “бало” (улар учун айнан бало эди)нинг қаердан, ким томонидан пайдо бўлганини аниқлаш учун телефонлар тинимсиз жиринглар, курьерлар хонама-хона изғир, журнал ходимлари турли “эшиклар” остонасида мунтазир ва ҳоказо. Уруш кўрган, турмушнинг жуда кўп аччиқ-чучукларини тотиб, охирида ҳақиқат йўлида фидо бўлишдан бошқа ҳамма нарса икки пулга қиммат эканига иқрор бўлган ҳарбий ёзувчи, журналнинг бош муҳаррири Иброҳим Раҳим ҳам дастлаб бу тўс-тўполондан ўзини йўқотаёзди. Ахир юз йилдан ортиқ давр мобайнида “Босқинчи”, “Золим”, “Каллалардан минора ясаган қонхўр” дея тавсиф бериб келинган одамни бир кунда оқлашнинг ўзи бўладими?! Аммо Иброҳим ака тезда ўзини ўнглаб олди ва жамоани ҳам жипслашишга даъват этди. Шоҳидларнинг гувоҳлик беришларича журналнинг ҳар сони чиққанида таҳририятга “замбарак”нинг ўқи отилар эди. Телефонда марказкомдаги масъул ходимнинг: “Бу зорманда қачон тугайди” деган даҳшатли овози келганда таҳририятда сув қуйгандек жимлик ҳукмрон бўлар эди. Ҳамма бир-бирига овоз соҳибининг кимлигини айтмоқчи бўлганидек, им қоқишарди.

“Темур тузуклари”нинг охирги қисми журналнинг сентябрь сонида тугалланиши лозим эди. Аммо Марказкомдаги масъул ходимнинг ҳар гал дўқ-пўписа билан: “Бас қилинглар ўшани, тўйдириб юбординглар!” деган қўнғироқлари туфайли “Темур тузуклари” ойномада тўлалигича босилмай, тўхтаб қолади......Ўтган асрнинг 80-йиллари эди, ўшанда. “Ўзбекис тон адабиёти ва санъати” газетасида сайёр мухбир эдим. Газетанинг топшириғи билан Андижонга йўлим тушди. Андижонда эса Абдухалил Қорабоев, Қамчибек Кенжа, Исмоил Тўлак, Сотволди Ражабов каби дўстларимиз бор. Уларнинг аксарияти билан Тошкент шаҳрида бирга ишлаганмиз. Дўстлар билан шоир Исмоил Тўлакнинг (уни Худо раҳмат қилсин) уйида учрашадиган бўлдик. Унинг ҳовлиси шундай Янгибозорнинг тўғрисидаги маҳаллада эди. Айтилган пайтда тўпландик. Ҳаво анча совуқ бўлгани учун Исмоил Тўлакнинг турмуш ўртоғи Зулайҳо печкаларни гупиллатиб ёқиб қўйган экан. Мен уйга кирганимда хонада Абдухалил Қорабоев, Исмоилнинг ўзи ва яна бир одам бор экан. Сўрашибоқ бу одамни танидим. У машҳур журналист Рустам Раҳмон эди. Рустам акани радиоларда овозини эшитиб, телевизорда кўрган бўлсам ҳам, ўзи билан бақамти келмагандим. Андижонга ҳар борганда “Бу сафар, албатта, Рустам ака билан танишиб қайтаман” деб ният қилар эдиму, бироқ насиб этмаганди. Чунки Рус там Раҳмон республика радиосининг Андижон вилояти мухбири бўлиб, доим йўлда эди... Эсимда, бир сафар Рустам Раҳмонни  Абдухалил ака билан (Абдухалил ака “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг вилоят мухбири эди) кеч соат ўнгача кутганмиз, аммо устоз ҳали ҳам Бўздан қайтмаган эканлар...

Хуллас, Исмоилникида Рустам Раҳмонни кўриб, ичимдан қувондим. Қўл олишиб улгурмай Абдухалил ака сўз қотди:

–  Рустам ака, ҳў ўшанда бир йигит сизни ярим кечагача кутиб, келмаганингиздан сўнг Тошкентга қайтиб кетди, деганим ёдингиздами? Ёқубжон – ўша йигит, – деб таништирди.

Рустам ака “ҳа, ҳа эсимда” деб мен билан қуюқ сўрашди. Бир замондан кейин эса “Қани, Тошкентдан гапиринг” деб кулди. Мен ҳам жойи келиб қолди, деб:

–  Тошкентдан сизлар гапирасизлар-да, – дедим унинг радио мухбири эканига ишора қилиб. Кулишдик. Рустам ака бир пайтлар Ўзбекистон радиосида “Ёшлик” радиостанцияси ташкил этилган пайтларни, Ўлмас Умарбеков, Саъдулла Сиёев, яна кимларнидир эслади. Уларнинг соғ-саломатликлари ҳақида сўради. Суҳбат орасида билдимки, ўтирган уйимиз асли Рустам Раҳмоннинг уйи экан. Кейинчалик дўстларимиздан бири, “Шайх Саъдий ёрнинг бир дона холи учун Самарқанд билан Бухорони бериб юборганидек, Рустам ака ҳам жияни Исмоил Тўлакнинг шеърларига шаҳардаги уйини туҳфа қилган”, деб лутф этган эди. Бу ҳақда эшитиб, Рустам акага нафақат билимдон, довюрак журналист, айни пайтда сахий, одамгарчилиги улуғ одам сифатида янада меҳрим ошди...

Суҳбатимиз, жуда қизиди. Ўз-ўзидан гап айланиб, Рустам Раҳмоннинг (уни Худо раҳмат қилиб, жойи жаннатдан бўлсин) “Гулистон” журналида ишлаган йиллари ва албатта, “Темур тузуклари”нинг чоп этилиши масаласига тўхталди. Шунда Рустам ака бу воқеани қисқа қилиб сўзлаб берди:

–  Қайтадан ташкил бўлаётган “Гулистон” журналига шу пайтгача “Қизил Ўзбекистон” газетасида бош муҳаррир вазифасида ишлаб келган Иброҳим Раҳим бош муҳаррир этиб тайинланди. У киши газетада бирга ишлаган бир неча журналистни, шу жумладан мени ҳам ишга чақирди. Ўтдик. Иброҳим ака олдимизга “ўқишли”, “журналхонлар қидириб ўқийдиган” материаллар тайёрлашни вазифа қилиб қўйди. Нима демайлик ўша йиллари – 60-йиллар бошида Москвадан туриб эсган “илиқ шамол”ларнинг ҳали таъсири бор эди. Таҳририятимизга дарди ичида бўлган зиёли кишилар мурожаат қилиб туришар эди. Ўшалардан бири файласуф олим, “Ўзбек таомлари” китобининг муаллифи Карим Маҳмудов эди. У киши бир куни таҳририятга келиб, Алихонтўра Соғуний деган олим “Темур тузук лари”ни таржима қилибди. Шуни берсанглар қандай бўларкин, деди.  Бош муҳаррирдан рухсат олиб Соғуний домла ҳузурига бордик. У одамнинг уйлари Себзорда экан. Карим ака билан узун-қисқа бўлиб, тор йўлаклардан ўтиб, бир ҳовлига кирдик. Чапда бир қадар кўтариб қурилган эшик-ромли уй, ўнгда эса бир нечта пастқам хоналар. Яна бир ҳужра кўзга ташланди. Домла бизни ўша ҳужрага бошладилар. Хонадон эгаси саксон ёшлардаги ниҳоятда истарали киши экан, бизни электр плита билан иситиладиган сандал атрофига таклиф қилди.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Abdulhamid Xon” Ўрта ер денгизида газ излашни бошлади

104 12:40 18.08.2022

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

67 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

143 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

83 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

118 11:10 18.08.2022

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бошланди

77 10:46 18.08.2022
« Орқага