Қозоғистонда шарқона Янги йил – Наврўз байрамини алоҳида дастур асосида 10 кун давомида нишонлаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақдаги тегишли лойиҳа муҳокама учун эълон қилинган. “Tengrinews.kz” хабар беришича, Концепцияда байрамнинг вазифаси қозоқ миллий анъаналари ва одатларини қайта жонлантириш, оила институтини мустаҳкамлаши ва бирликни таъминлаши, атрофи муҳитни асраш кераклигини тарғиб қилиш бўлади.
Ҳужжатга кўра, ушбу байрамни 14 мартдан 23 мартгача нишонлаш таклиф этилмоқда:
14 март — Табриклар куни;
15 март — Табиат куни;
16 март — Аждодлар хотираси ва дуолари куни;
17 март — Тарих куни;
18 март — Ҳайрли ишлар куни;
19 март — Спорт ва маҳорат куни;
20 март — Донолик ва билим куни;
21 март — Миллий таомлар куни;
22 март — Халқнинг улуғ куни;
23 март — Эҳтиром куни.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам “Мустақиллик – энг азиз неъмат” мақоласида Наврўз байрамини нишонлаш концепциясини ишлаб чиқиш ва баҳор байрами мазмунини бойитишга кўрсатма берган. “Наврўз байрамининг асосий мақсади — Қозоғистон заминида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, миллий ўзликни сақлаш, оилавий қадриятларни оммалаштириш, атроф-муҳитга оқилона муносабатни шакллантириш”, дейилади ҳужжатда.
Нима ҳам дердик, Марказий Осиё халқларининг байрам қиладиган саналари оз эмас. Таъбир жоиз бўлса, Шарқу Ғарбнинг барча байрамларини ўзлаштириб олганмиз. Бу кетишда ҳиндистонликларни ҳам ортда қолдириб кетсак, не ажаб...