Нега айнан Дубай Амирлиги ҳокими “Йил одами” бўлди?

14:30 15.03.2019 1583

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан бугун “Йил одами” номи эълон қилинди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон ахборот агентлиги.

Аввал хабар берганимиздек, 2018 йилнинг “Йил одами” деб Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти ва бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум номзоди кўрсатилди.

Табиийки одамларда нима учун Ўзбекистонда айнан Дубай Амири “Йил одами”, деб топилгани ҳамда нега бу каби тадбир Истеъмолчилар федерацияси томонидан ўтказилаётгани борасида саволлар туғилиши мумкин.

Тадбирда ҳакам аъзоси сифатида қатнашганлар федерациянинг ташаббусини қуйидагича изоҳлади:

“Очиғи, яқинда Туркия ва Кореяда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давримизнинг таъсирли давлат арбоби сифатида “Йил одами” деб эътироф этилиши бизни қаттиқ тўлқинлантириб, ғурурлантириб юборган эди.

Шу маънода бундай дастлабки ташаббуслар бизда ҳам пайдо бўлаётгани албатта ярашади ва уларни янада кўпроқ ўтказиб борилиши Ўзбекистоннинг жаҳон билан бўйлашаётганига яққол далилдир, десак тўғри бўлади”.

Шунингдек, ҳайъат аъзолари давлат миқёсидаги катта танлов нодавлат ташкилот томонидан ташкиллаштирилганини ижобий баҳолади:

“Аввало, бу ташаббуснинг, шунга эътибор қаратинг, давлат ёки бошқарув идоралари томонидан эмас, балки Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот томонидан ўтказилаётганида катта рамзий маъно бор.

Биз бир пайтлар “учинчи сектор” деб кўп ҳам эътибор қаратмайдиган ноҳукумат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва фаоллиги охирги икки ярим йил мобайнида кескин ошганини кузатаяпмиз. Биз ҳайъат аъзолари ўрганишлар чоғида бежизга Бирлашган Араб Амирликлари номзодига тўхталмадик. Бу ерда инсон омилига, инсон қадрига, унинг талаб ва эҳтиёжларига, истак ва орзуларига муносабат барча нарсадан муҳимроқ вазифа ва муқаддас бурж, деб қаралаётганига гувоҳ бўлдик”, дея эътироф этди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳайъати 2018 йилнинг “Йил одами” деб Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти ва бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум ҳазрати олийларини халқаро миқёсда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги буюк хизматлари учун “Йил одами” соврини билан тақдирлашга қарор қилди.

50 йиллик давлат бошқаруви тажрибасига эга, “Замонавий Дубай меъмори” дея эътироф этилган Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум ҳазрати олийлари 13 йилдан бери Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти ва бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими лавозимларида фаолият юритиб келади. Унинг раҳбарлигида Дубай шаҳрида оламшумул лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қисқа вақт мобайнида мамлакат дунёдаги энг йирик молия марказлари қаторига қўшилди.

Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. “Мамлакат чўлларининг одам оёғи етмайдиган энг олис жойларида ҳам инсон ҳаёти учун энг яхши ва энг юқори шарт-шароитлар яратилди. Юксак истеъмолчилик маданияти ва улар ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши қонуний мажбурият эмас, балки инсонларнинг кундалик ҳаёт тарзига айланди”, дейди федерация раиси Саримсоқов.

Рашид Али ал-Мазруи жаноби олийларига Шайх Муҳаммад бин Рошид ал-Мактум ҳазрати олийлари мукофотланган “Йил одами” нишони ва сертификати топширилди.

Тадбирда Федерация кенгаши аъзолари, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!