Таҳлил

Нега эгилиб турамиз? Қачонгача?

2553

Кавказликлар ва европаликларда бир хислатни кузатганман. Эркакми аёлми, ёшу-қарими, бари қаддини рост тутиб юради, биров олдида бўйин эгмайди. Уларни болаликдан шунга ўргатишади. Шунинг учун уларда бошқалар олдида ўзини паст тутиш учрамайди, мағрурлик айб ва ҳурматсизлик ҳисобланмайди.

Бизда эса ёши катталар, меҳмонлар олдида қўлни кўксига қўйиб, бўйинни  эгиш, каттароқ лавозимлик шахс олдида елкани чўктириб таъзим қилиб туришлар одатий ҳолга айланган. Кўпинча ўйлаб қоламан, балки миллатимизга хос шу ҳаракатлардан қутулишимиз керакдир? Чунки ҳаракатларимиз ҳиссиётимизга таъсир қилади, ҳиссиётимиз фикрларимизни белгилайди. Фикрлар эса кундалик қарорларимизни шакллантиради. Негадир шу қарорлар бизни ўсишга тўсқинлик қиляпти, кўпинча ўз ҳаққимизни осонликча бериб қўявериб, вазият оғрилашиб, пичоқ суякка қадалгунча қўлимиз кўксимиздан тушмайди.

Қадди ғоз, кўзга тик қарай олган шахсни онасидан сўкиш қийин, вақтини ва молини осонликча тортиб ололмайсиз. Лекин инсонни бутун умр хизматкор, айбдор, маҳбус хатти ҳаракатига кўниктирса, у билан ҳар нарса қилиш мумкин.

Тафаккуримизни ўзгаришини хоҳласак кундалик ҳатти ҳаракатларимизни синчковлик билан кузатиб, зарарли тана атворидан тўхташимиз зарур, болалар тарбиясига қуллик одатлари кириб қолишидан эҳтиёт бўлайлик. Албатта бу ривожланиш учун етарли шарт эмас, лекин зарурий шартлардан бири.

Жамшид Муслимов

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага