Нега мусулмонмиз?

09:59 07.01.2019 3290

Агар динда ниманидир тушунмасангиз, бу нарсани кўпроқ биладиган одамдан сўранг. Агар улар тушунтирганидан қониқмасангиз, уларга “узр, лекин жавобингиздан қониқмадим, мен буни яхшилаб тушунишим керак”, деб айтинг. Бу шунчаки сўрашга ҳаққингиз борлиги учун эмас балки, бу сизнинг бурчингиздир.

Қачонки уммат фикр юритишдан тўхтаса, фикрлаш санъатини авлодларга етказишдан тўхтаса, умматга энг ёмон нарсалар содир бўла бошлайди, энг ёмони кейинги авлод фақатгина ота-оналари мусулмон бўлгани учунгина мусулмон бўлишади. Бу уммат билан содир бўладиган энг даҳшатли нарса. Чунки кейин, бола Исломни сақлаб турганига ягона сабаб, ота онаси ундан шуни кутгани учунгина холос.

Биламизки, биз ҳозирги кунда оилалар жуда ҳам тарқоқ ва фарзандлар ота-онасидан мустақил равишда яшайдиган замонда яшаяпмиз. Улар коллежга, университетга боради, ўз ишига эга бўлади. Ва кун келиб, диндор оила фарзандлари ҳам кўп ҳолларда диндан узоқлашади.

Ва айнан шу фарзандлар айтишадики: “Ота-онам билан яшаганимда, (онам намозимга эътиборли эди), отам ҳар ҳафта жумага олиб борарди, аммо отам билан ортиқ яшамайман. Мен университетда ўқийман. Мен озодман, энди боришга мажбур эмасман. Менда боришга сабаб ҳам йўқ, сабаб ота-онам бўлишган”. Ва қачонки бу болалар таътил учун ота-оналарини уйига қайтганда, яна жумага боришади, (яна намоз ўқишади) лекин бу вақтинча, шундай эмасми?

Биласизми, нега шундай? Чунки биз фарзандларимизга Ислом ҳақида ўзлари қандай ўйлашларини ўргатмаганмиз. Нега улар мусулмон? Нега улар Аллоҳни Худо деб тан олишлари керак? Нега улар Қуръонни тан олиши керак? Нега улар ақлли саволларни сўраши керак?

Бизнинг динимиз кўзни юмиб қабул қилиб, кейин унга кўр-кўрона амал қилиш керак бўлган дин эмас!

Йўқ! Йўқ! Йўқ! Иброҳим алайҳиссалом нафақат одамлардан, балки Аллоҳнинг ўзидан сўраганлар: “Аллоҳим, ўликка қандай қилиб ҳаёт беришингни кўрсат менга?” ("Бақара" сураси, 260-оят). Ва Аллоҳ жавоб берган “Ҳали ҳам Иймон келтирмадингми? (Ишонмайсанми ҳали ҳам?)”

У жавоб берди:“Ундай эмас. Сўраганим сабаби юрагим таскин топиши учундир“.

Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳикояси орқали бизга кўнглимиз хотиржам бўлмагунча, савол сўрашимиз кераклигини ўргатяпти.

Биз изланишимиз керак, фикрлашимиз керак ва фарзандларимизга ҳам фикрлашни ўргатишимиз керак.

Устоз Ноуман Али Хон (1-қисм)

Насиба Ражабова томонидан эркин таржима қилинди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!