Нега қонун лойиҳалари ўзбек тилида эълон қилинмайди? Ўзбек тилини кимлар беҳурмат қиляпти?

18:00 15.06.2019 562

Ўтган ой рус тилига расмий мақом бериш ҳақидаги таклифни кўриб, кўпчилик жазавага тушди, аксарият ўзбекларнинг дили оғриди, рост. Аммо бу таклиф бугунги аҳволимизга тутилган кўзгу эди, аслида.

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев бежизга ялпи мажлисда «Тилимиз абгор ҳолатга тушиб қолганига ўзимиз айбдормиз» демаганди. “Ўзимиз” деганда энг аввало давлат ташкилотларини тушунишимиз керак. Чунки айнан улар давлат тилини кўп ўринларда писанд қилмасдан, беҳурматлик қилишади.

Биргина мисол, жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг аксарияти рус тилида бўлади. Тўғри, вазият сўнгги пайтларда бироз яхшиланди, ўзбек тилидаги матнлар кўпайди.

Айрим ҳолларда эса ижтимоий тармоқларда танқид қилиб чиққандан кейингина, ўзбекча вариантини жойлаштиришмоқда. Масалан, Солиқ кодекси бунга мисол.

Ёки куни-кеча «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири рус тилида муҳокамага қўйилгани танқид қилинганди, тезгина унинг ўзбекча варианти ҳам пайдо бўлди.

Аммо ҳалигача ҳолат қониқарли аҳволда эмас. Келинг, аниқ мисолларга ўтамиз.

Охирги 1 ой ичида 6 та Қонун лойиҳаси фақат рус тилида муҳокамага қўйилган. Ушбу ташкилотлар қонун лойиҳасининг ўзбек тилидаги вариантини тақдим этмаганини давлат тилига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаш мумкинми? Ўзбекистонда давлат тили рус тили эмаску, ҳар ҳолда.

Фақат рус тилида эълон қилинган қонун лойиҳалари рўйхати билан танишинг:

Муҳокамаси давом этаётган ҳужжатлар:

Лойиҳа номи: О митингах, собраниях и демонстрациях граждан

Муаллиф: Ички ишлар вазирлиги Ҳавола 

Лойиҳа номи: О внесении изменений и дополнений в некоторые законодательные акты Республики Узбекистан

Муаллиф: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ҳавола

Лойиҳа номи: О внесении изменений и дополнений в некоторые законодательные акты Республики Узбекистан

Муаллиф: Савдо-саноат палатаси Ҳавола

Муҳокамаси якунланган лойиҳалар:

Лойиҳа номи: О занятости населения (новая редакция)

Муаллиф: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ҳавола

Лойиҳа номи: О гражданстве Республики Узбекистан (новая редакция)

Муаллиф: Ички ишлар вазирлиги Ҳавола

Лойиҳа номи: О гарантиях законности предпринимательской деятельности

Муаллиф: Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ҳавола

Бу фақат қонун лойиҳалари холос. Президент ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳақида-ку гапирмай қўя қолай. Уларда аҳвол бундан ҳам ёмонроқ.

Масалан, бугунги кунда муҳокамаси давом этаётган 15 та Президент қарори лойиҳасининг 8 таси рус тилида жойлаштирилган.

Юқорида номлари зикр этилган ташкилотларига савол: Сиз учун ўзбек тилининг ҳурмати борми, йўқми? «Давлат тили тўғрисида»ги Қонунни тан оласизларми?

Ўзбек тилининг ривожи ҳақида соатлаб нутқ сўзлаш, ижтимоий тармоқларда бетиним муҳокама қилиш билан бир қаторда амалий ишларга ўтиш пайти келди, менимча.

Бизда шунақа фикр шаклланган, худдики ҳужжатлар рус тилида муҳокамага қўйилса, изоҳлар кўпроқ ёзилади, ўзбекчада камроқ деб ўйлаймиз. Аслида бу унчалик ҳам ҳақиқатга яқин эмас.

Биргина мисол. Адлия вазирлиги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккала тилда эълон қилган.

Ўзбекча вариантга 84 та изоҳ қолдирилган, рус тилидаги лойиҳага эса бирорта фикр билдирилмаган.

P.S.: мен фақат ўзбекча бўлсин, демоқчи эмасман. Бошқа тилларда, жумладан рус тилида ҳам эълон қилинишга қаршимасман. Фақат ҳар доим ва ҳар қанақасига ҳам ўзбек тилидагиси бўлиши шарт.

P.S-2: нима учун regulation.gov.uz порталининг ўзбекча версиясида ҳам ташкилот номлари русча кўринади, шунисига тушунмайман.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналидан олинди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!