Таҳлил

Нега раҳбарлар халқни ҳақорат қилаверди?!

2217

Одобни беодобдан ўрган, дейди катталар. Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видео одамни ларзага солади. Ҳоким бува бировнинг даласидан маккажўхори олган кишини етти-саккиз ёш набиралари олдида жудаям қаттиқ “тарбиялади”. Тарбия сўзини қўштирноққа олганимиз бежиз эмас. Чунки тарбиячининг (ҳоким бованинг) оғзидан чиққан айнима сўзларга илон пўст ташлайди.

Мазкур видеони ёйинлаган FayzbogUz канали томонидан қолдирилган изоҳ ҳам жўяли аслида.

“Ҳақорат учун маъмурий жавобгарлик мавжудлиги ва айбсизлик презумпцияси нима эканини билмаган «фаришта» ҳоким макканинг ҳимоясига отланган:

Уялмайсанми оппоқ сочларинг билан? Нима ҳоким буво? Бу маккани экспорт қиламизку?!  Сен олиб кетсанг 4 та, бошқаси олиб кетса 4 та, мен онамнинг ...дан оламанми? Падарингга лаънат! Виждонинг чирисин сени? Очкўз, очингдан ўл ундан кўра. Невараларингга ўғриликни ўргатиб боққанингдан кўра, ўзингни ос икки метр ип билан. Маккани машинамнинг орқа багажига сол».

Бировнинг даласидан берухсат маккажўхори олиш албатта гуноҳ. (Аслида қишлоқ жойларида бу ҳолатни кўрган аксар деҳқон ва ё фермер беш-ўнта маккажўхори учун пинагини бузмайди, ош бўлсин, дейди).

Аммо ёш қизчалар олдида оғзидан боди кириб-шоди чиқадиган раҳбар бизга бир нарсани эслатди. Бизда амалга минган кишиларнинг аксари ўзидан кетиб қолади, босар тусарини билмайди, хоҳлаган одамни ҳақоратлайди, ўзини валломат ҳис қилади.

Раҳбарликка ўқитилмайди дейишади. (Тўғри, битта академиямиз бор ўқитадиган аслида). У ҳолда “каттакон”ларимиз бу қадар маънавиятсиз бўлиб кетганининг боиси нимада?

Президентимиз раҳбарларга халқ билан чиройли муомала қилиш ҳақида қайта қайта кўрсатма беряпти, огоҳлантиряпти, лекин муштумзўрлик, ҳақорат тўхтамаяпти.

Наҳотки, шунчалар тубанлашиб кетдинг?! Бундай дилхираликларнинг чеки чегараси борми?!

P.S. Дарвоқе, ўша видеони эълон қилиш бизнинг табиятимизга ҳам, тарбиятимизга ҳам тўғри келмайди. Ўйлаймизки, бу видео бўйича масъул идоралар керакли чоралар кўради, деган умиддамиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

42 сонияда 10 марта сўкинган ҳоким ёхуд «Букрини гўр тузатади»ми?

843 14:00 17.10.2019

Прокуратура сўконғич ҳоким “иши”ни назоратга олди

1799 16:10 09.10.2019

Давлат бошқаруви органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари

437 19:55 15.08.2019

Ҳокимларга «закон» борми?

1833 17:55 23.07.2019

Вилоят ҳокими Президент тайинлайдиган вазирларни ҳақорат қилиб турса-я...

2763 19:34 29.06.2019
« Орқага