Янгиликлар

Нега сўфийлар 40 кун чиллада ўтирганлар?

1912

Сўфий тариқатида кенг қўлланилган усуллардан бири – ўзини 40 кун давомида ибодат ва руҳий покланишга бағишлаш эди, деб ёзади Ясин Тачар.

Тасаввуфда қирқ кун давомида узлатда бўлиш форсийча "чил", арабча "арбаин" деб номланган ва "қирқ" деб таржима қилинган. Қирқ кун давомида сўфийлар ўзларидаги "мен" (нафслари)ни тарбиялаш учун дунёдан юз ўгирганлар, ёлғизликда қолиб, нафсга ёқадиган нарсалардан воз кечганлар. Шу билан бирга, улар ўзларини тафаккур, зикр ва ибодатларга бағишлаганлар.

Одатда, бундай ёлғизлик қирқ кун давом этади, аммо шайхнинг кўрсатмаларига кўра у уч, етти ва ҳатто минг кун давом этиши мумкин. Мавлавийлик тариқатида бир минг бир кун узлатга кетиш амалиёти бўлган. Қирқ кун муддат турли хил ривоятларга асосланган. Масалан, Мусо алайҳиссалом Раббидан ваҳий олишдан олдин Тур тоғида қирқ кун ибодат қилган. Шунингдек, Одам Атонинг танаси яратилаётганда қирқ кун давомида "аралашиб турган", Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшларида пайғамбар бўлганлар.

Бундай ёлғизлик имтиҳон деб ҳисобланган, бу ҳар бир сўфий учун мажбурий эмас, фақат бундай истакни билдирганлар учун ёки шайх буюрган муридлар учун бўлган. Танҳо бўлишнинг мақсади нафсни тарбиялаш ва Аллоҳга яқин бўлиш эди.

Профессор Сулаймон Улудаг шундай ёзади: «40 кунлик узлатга кириш одати Хилватия тариқати асосчиси Абу Абдуллоҳ Сирожиддин Умар томонидан киритилган, деб ҳисобланади. Шундан сўнг бошқа тариқатлар ҳам буни қабул қилишди. Ривоятларга кўра, Абу Абдуллоҳ Сирожиддин етти марта ҳаж амалини бажарган ва биринчи марта улкан чинорнинг катта бўш танасида 40 кун давомида қолиб, мазкур анъанани бошлаб берган.

Узлат "чиллахона" деб аталган жойда ўтказилган. Аммо сўфийлар 40 кун давомида қадам етмас жойларга боришлари ёки ҳатто ертўлаларга ҳам жойлашишлари мумкин эди. Масалан, Хўжа Аҳмад Ясавий ҳаётининг сўнгги йилларини ер остида ўтказди. У зот 63 ёшида ер остига кириб кетган ва шу ёшда вафот топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ ер юзида юришни бефойда деб ҳисоблаган.

Ёлғизликда дарвиш пири унга буюрган Аллоҳнинг исмларини зикр қилиш билан шуғулланади. У Қуръон ўқиб, ибодат қилиб, доимо зикр қилиш билан машғул бўлган. У узлатда бўлганида, ҳар куни у билан Аллоҳ ўртасида пардалардан бири кўтарилишига ишонган. Шундай қилиб, қирқ кун давомида қирқ парда очилган. Сўфийнинг қалбида зикр бўлганида, у Аллоҳ Таолонинг Ўзи билан алоқаси мустаҳкамланади. Ниҳоят маърифат ва ҳақиқат даражасига кўтарилади. Ва бундан буён унинг Аллоҳни зикр этиши тилда эмас, балки тафаккур билан амалга оширилади. Бу 40 кунлик узлатнинг мақсади бўлган.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага