Янгиликлар

Непалнинг юзи Ҳиндистондан Хитойга ўгирилмоқда

643

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Непалга амалга оширилган биринчи расмий ташрифи ўз якунига етди. У охирги 23 йилда Непалга сафар қилган илк Хитой раҳбари бўлди.

Икки томонлама музокаралар доирасида хавфсизлик, савдо, туризм ва таълимни ривожлантиришга қаратилган 20 та битим имзоланган. Томонлар олий даражадаги музокараларда Хитой ҳукумати томонидан кейинги икки йил давомида Непал иқтисодиётига 492 млн доллар миқдорида сармоя киритиш борасида келишиб олди.

Непал ташқи ишлар вазири Прадеп Гявали ушбу ташрифни Непал учун «муҳим аҳамиятга эга тарихий воқеа» сифатида баҳолади.

«Непал учун имкониятлар доирасини кенгайтириш устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Ҳозирда асосий эътиборимизни икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратмоқчимиз», – деди у.

Си Цзиньпин маҳаллий нашрларга берган интервьюсида икки кунлик ташрифдан «дўстлик алоқаларини тиклаш ва Непал билан ҳамкорликни янада кенгайтириш» учун фойдаланишини маълум қилган.

«Икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш учун аниқ стратегияга эга бўлиш жуда муҳимдир», – деб қўшимча қилган Си.

Икки мамлакат ўртасида шунингдек Ҳимолай темир йўлини Тибет билан боғлайдиган туннел борасида алоҳида битимлар имзоланган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Тибетнинг Гирон шаҳрини Катманду билан боғлайдиган 70 километрлик темир йўл линияси ушбу мамлакатнинг энг катта инфратузилма лойиҳаларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Жуғрофий жиҳатдан Непал Ҳиндистон ва Хитой ўртасида жойлашган бўлиб, энергия ҳамда инфратузилмалар борасида Хитой билан яқин алоқалар ўрнатишдан манфаатдор ҳисобланади.

2017 йилда Непал Хитойнинг улкан глобал инфратузилма дастури «Бир камар, бир йўл» ташаббусига қўшилди.

Тарихан Непалнинг асосий ҳамкорларидан бири Ҳиндистон ҳисобланса-да, бугунги кунда йўллар қуришдан то гидроэлектростанцияларгача бўлган лойиҳаларга Хитой томонидан миллионлаб доллар сарфланмоқда.

Непалнинг Ҳиндистондаги собиқ элчиси Лок Раж Барал Непал жуда эҳтиёткор бўлиши ва қўшнилар ўртасида мувозанатни сақлаб туриши кераклигини билдирган.

«Непал геосиёсий нуқтаи назардан жуда муҳим аҳамиятга эга давлат ҳисобланади, шунинг учун биз жуда эҳтиёткор бўлишимиз лозим», – дейди у.

Маълумки, Ҳиндистон Непалнинг иқтисодиёти ва сиёсатига катта таъсир кўрсатади. 2015-2016 йилларда Ҳиндистон билан чегара пунктларида узоқ давом этган қамал Непал миллий иқтисодиётига улкан зарба бўлганди.

Бангалорда жойлашган Такшашила институтининг хитойшунослик бўйича мутахассиси Манож Кевалраманининг сўзларига кўра, Непал сингари кичик давлатлар Хитой билан муносабатларни яхшилашга «Ҳиндистоннинг минтақадаги таъсирини чеклаш учун» учун имконият сифатида қарайдилар.

«Хитой билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш инвестицияларни жалб қилиш учун ажойиб имконият ҳисобланади, аммо бу бир вақтнинг ўзида улкан таваккални ҳам ўз бўйнига олиш демакдир», дейди у.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Непалда номаълум касаллик юзага келиб, 200 дан ортиқ одам хасталанган

393 12:30 30.04.2019

Непалда Бангладеш самолёти ҳалокатга учради

556 23:35 12.03.2018
« Орқага