Нетаньяҳу Миср президентини мақтовга кўмди

08:35 12.07.2019 990

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Миср президенти Абдулфаттоҳ Сисийни мақтаб, унинг етакчилигидан ва заковатидан таъсирланганини айтди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар бермоқда.

“Мамлакатларимиз бошқа кўпгина давлатлар билан радикализмга ва террорга қарши кураш олиб бормоқда. Бу радикализм ва террор тўлқинига қарши чиқаётгани учун дўстим ва ҳамкасбим Сисийни қутлайман”, – деди Нетаньяҳу Мисрнинг миллий куни муносабати билан Тель-Авивда ўтказилган тадбирда.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган Исроил президенти Реувен Ривлин ҳам Миср президенти ҳақида илиқ сўзлар айтиб, у икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил мустақиллигини тан олган илк араб давлатли Миср бўлган.  

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!