Жумага ўтар кечаси Нигериянинг Замфара штатида 317 нафар ўқувчи қизлар ўғирлаб кетилган. Ушбу маълумотни штат расмий вакили Шеху Муҳаммад тасдиқлади, дея хабар бермоқда “Евроньюс”.
Унинг айтишича, автобус, йўлтанламас ва мотоциклларда келган кимсалар Янгебе аҳоли пунктидаги мактаб-интернатга кириб, қизларни олиб кетган. Улар давлат хавфсизлик хизмати ходимлари формасида бўлган. Ҳодиса ортидан полиция ҳарбийлар билан бирга қидирув-қутқарув операциясини бошлади. Операцияга Замфара штати полицияси бошлиғи, армия ва разведка вакилларидан иборат махсус гуруҳ бошчилик қилмоқда. Ўқувчилар яқин ўртадаги ўрмонга олиб кетилгани тахмин қилиняпти.
Замфара штати раҳбарияти қизлари ўғирлаб кетилган оилаларни вазминликка чақирди. Жума куни Янгебеда штатнинг хавфсизлиги учун жавобгар мутасаддилар кетаётган автомобиллар тошбўрон қилинган.
Жорий йилнинг 17 февраль куни ҳам Кагара шаҳридаги мактаб-интернатдан 27 нафар ўқувчи ўғирлаб кетилган эди. Мамлакат президенти Муҳаммад Бухорий эълон қилган қутқарув операцияси ҳозиргача натижа бергани йўқ.