Никоҳнинг биринчи кечасида қилинадиган ишлар

11:00 26.12.2017 7763

Балоғатга етган ҳар бир йигит-қиз ўзининг мустақил ҳаётини келин-куёвликдан бошлайди. Бу ота-боболаримиздан қолган мерос бўлиб, унинг ҳам одоблари бор.

Мустақил ҳаётни поклик асосига қуриш учун чимилдиққа кирадиган келин-куёв аввал таҳорат олишлари, хушбўйликлар суриб, чиройли либос кийишлари тавсия этилади. Никоҳли ҳаётни бошлаш арафасида ҳар қандай инсонда кучли ҳаяжон бўлади, қалби бир олам орзу-истаклар билан тўлиб-тошади. Чунки оила ҳаётига қўйилаётган илк қадам кишини ўзгача туйғулар уммонига ғарқ этади. Бундай пайтда қилинадиган ҳар бир иш, айтиладиган ҳар бир сўз умр бўйи хотирада муҳрланиб қолади. Шу сабаб бўлса керак, одамлар бу ҳодисага алоҳида аҳамият беришади.

Куёв келиннинг олдига илк бор кираётганида хурсанд ҳолда бўлиши, уйга очиқ чеҳра билан кириб келиши, келинга мулойимлик билан муомала қилиши тавсия этилади. Чунки, келин ҳаяжонланади, ҳадиксирайди, бегона уйда ўзини ноқулай ҳис этади. Куёвнинг гўзал муомаласи келинни мана шундай ҳолатдан чиқаради, ўрталарида илиқлик пайдо бўлади.

Куёв “бисмиллаҳ” деб ўнг оёқ билан, салом бериб уйга киради. Кейин келиннинг пешонасига қўлини қўйиб, мана бу дуони ўқийди: “Аллоҳумма, инний асъалука хойраҳаа ва хойра маа жабалтаҳаа ъалайҳ, ва аувзу бика мин шарриҳаа ва мин шарри маа жабалтаҳаа ъалайҳ”.

Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ! Сендан аёлимнинг яхшилигини, Сен унга берган ахлоқнинг яхшилигини сўрайман. Унинг ёмонлигидан, Сен унга берган ахлоқнинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман!”

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу дуони ўқишни уйланган кишига тавсия этганлар (Абу Довуд ривоят қилган).

Дуодан сўнг иккиси биргаликда нафл намоз ўқишади. Куёв имом бўлади, келин орқада (ўнг тарафда туриб) иқтидо қилади. Бу намозни ҳар бири алоҳида ўқиса ҳам бўлади. Лекин бирга ўқишгани маъқул.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар сизлардан бирон киши уйланса, қўшиладиган кечада икки ракат намоз ўқисин. Келинга – орқасида – икки ракат намоз ўқишни айтсин. Шунда Аллоҳ ўша уйда яхшилик (пайдо) қилади” (Баззор ривоят қилган).

Бу намознинг аҳамияти жуда катта. Маълумки, никоҳ кечасида куёвда ҳам, келинда ҳам озми-кўпми ҳаяжон бўлади. Айниқса, келин бегона жойда ўзини ноқулай сезиши, куёвдан чўчиши мумкин. Иккиси бир бўлиб намоз ўқишса, мана шундай салбий ҳолатлар барҳам топади. Куёв имом бўлиб, келин иқтидо қилиб, бир тан-бир жонга айланишади. Намоздан кейин қўлни дуога очиб, Аллоҳдан осуда ҳаёт, фаровон турмуш, солиҳ фарзандлар сўрашади. Янги ҳаёт остонасида турган ёшлар учун мана шу онлардаги ибодатнинг ўрни жуда ҳам беқиёс.

Аниқланишича, келин-куёв бирга намоз ўқишганида иккиси танасидаги зарарли зарядлар, руҳий таранглик йўқолиб, ўрнини хотиржамлик, бир-бирига меҳр-муҳаббат туйғуси эгаллар экан. Афсуски, ота-бобларимиз амал қилиб келган мана шу одат бугунги кунда бир оз унутилаёзгандек. Унинг ўрнига ҳар хил бидъат-хурофотлар ўргатиляпти. Аслида, оила остонасида турган ёшларга жўяли маслаҳат берилса, ирим-сиримларга йўл қўйилмаса, янги қурилган оила аъзолари бахти учун мустаҳкам замин тайёрланган бўлади.

Намоз ўқиб дуо қилишгач, келин-куёв ўзларига ажратилган хонага киришади... Ораларида ўзаро суҳбат қурилади, бир оз илиқлик пайдо бўлганидан кейин куёв келинга мулойимлик билан яқинлашади... Илк ҳаракатлар жуда муҳимдир. Таналар бир-бирига тегадиган вақтда куёв ўзини қўпол тутмаслиги керак. Чунки, бу кечадаги ҳар битта ҳаракат бутун умр эсда қолади, инсоннинг келгуси ҳаётига таъсир қилади.

Куёв аввалдан режалаштирилган қисқа суҳбат муҳитини яратади. Бу суҳбатда севгисини, биргаликда уйғонадиган ҳиссиётларни тилга олади, аёлига ҳам гапириш имконини беради. Шундай қилинса, ҳаяжон босилади, ораларида яқинлик пайдо бўлади. Жинсий алоқадан олдинги суҳбат жуда муҳим. Чунки баъзи аёлларда ўта кучли ҳаяжон яқинликка тўсқинлик қилиши мумкин. Натижада ғийбат, мишмиш гаплар бошланади. Кимнидир касал деб табибга, кимнидир кўнгли йўқ, деб иссиқ-совуқ қилиш учун фолбин олдига олиб борилади…

Бундай ҳаяжонли дамда тутилиш эркакда ҳам бўлади. Буни тўғри тушуниш, ёмонликка бурмаслик лозим. Ёшлар бир-бирларини тушуниб олгунларича муҳлат берилади, ҳовлиқиш ярамайди... Жинсий алоқадан олдин “бисмиллаҳ”, деб мана бу дуо ўқилади: “Ё Аллоҳ! Бизни, бизга берадиганинг фарзандни шайтондан йироқ қил”. Шундай дуо қилинса, туғилажак фарзандга шайтон зарар етказа олмайди.

Эр-хотин алоқа вақтида нозик муносабатда бўлади, қўпол ҳаракат қилмайди, тозаликка риоя этади. Қўшилишдан олдин ҳазил-ҳузул, ўйин-кулги қилиш, эркалаш лозим. Шунда шаҳват тўла қўзғалади. Тўлиқ шаҳват билан дунёга келган фарзанд соғлом, бақувват бўлади. Шунингдек, жинсий алоқа вақтида гаплашмаслик, устига бирон нарса ташлаб олиш тавсия этилади.

Афсус билан айтамиз, баъзи жойларда куёвнинг бемаза ўртоқлари ёки куёвжўраси озгина ароқ ичиб олса ҳаяжон бўлмаслигини “маслаҳат” бераркан. Бу – жуда ҳам нотўғри гап. Чунки, ароқ ичган одамнинг луқмаси булғанади, дуоси қабул бўлмайди. Қолаверса, ҳаром ичимлик қонга сингиб, бўлажак зурриётга салбий таъсир қилиши мумкин. Биринчи кечани ҳаром луқма билан бошласа, бу нарса келгуси ҳаётига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Шунинг учун бу борада жуда эътиборли бўлишни йигитларга алоҳида тайинлаймиз.

Ҳаяжонни босиш учун намоз ўқишдан, дуо қилишдан зўр нарса йўқ. Бунда Аллоҳдан яхшилик сўралади, савоб олинади. Бир ҳаракатда иккита фойда! Ҳаром нарсаларни еб нима фойда топади одам?! Фақат зарар кўради: имонига ҳам, соғлиғига ҳам катта зиён етади.

Мусулмон одам ҳар қандай ҳолатда шариат кўрсатмаларига амал қилади. Шу билан бахтли бўлади. Бугунги кунда дин-диёнатдан бехабар айрим ёшлар куёвжўралик қилиб, ўзларича “фойдали” маслаҳатлар беришади. Бундоқ эътибор берилса, уларнинг кўрсатмаси на динимизга, на миллий қадриятларимизга тўғри келади. Кўпи Европага тақлидан қилинадиган ишлар. Унутмайлик: биз –мусулмон фарзандимиз. Шунинг учун ҳар бир амалимиз динимиз кўрсатмасига биноан қилинади. Никоҳ кечасидаги ишлар ҳам шариат кўрсатмаларига мос равишда амалга оширилади. Ота-боболаримиз мана шундай тавсияларга амал қилиб кам бўлишмаган. Биз ҳам аждодлар йўлидан борсак, икки дунё саодатига эришамиз.

Зиёвуддин РАҲИМ
“Бахтли ҳаёт сари” китобидан

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!