Нима сабабдан оилалар бузилади?

20:00 13.06.2018 754

Ҳаммаям “Бахтли бўламан”, деган яхши ният билан бир ёстиққа бош қўяди. Афсуски, ҳар қандай оила ҳам бахт манзилига етиб боролмай, турли жанжал-тўполонлар билан ярим йўлда қолиб кетади.

Оилавий ажримлар жўяли сабаб билан бўлса, бошқа гап. Лекин ёшлар арзимаган сабаб билан ажрашишга ҳаракат қилаётгани кишини ташвишга солади. Фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон бу ҳақида ўйламаслиги мумкин эмас. Чунки оила – жамият бўғини. Юрт тинчлиги бевосита оилалар тинчлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, қуйида оилавий ажралишлари сабабларини таҳлил қиламиз.

Бунинг энг катта сабаби – ёш йигит-қизларни турмушга тайёрлашга эътибор берилмаётгани. Йигитга оила бошлиғи қандай бўлиши кераклиги, турмуш ташвишларига сабр қилиш, оиласини кўз қорачиғидек асраши лозимлигини ўргатиш унутилаётгандек. Қизларга эса келинлик одоблари, она бўлишга тайёргарлик босқичлари, умуман ҳаёт дарси ўтилмаяпти, десак хато бўлмайди. Бунинг ўрнига фарзандларга мол-дунё йиғиш, қўша-қўша сеп олиш, ўғилга уй қуриш ташвиши билан оворамиз. Аслида бу ишлар ҳам керак. Аммо энг асосий эътиборни фарзандларимиз тарбиясига қаратсак, тўғрироқ бўлади.

Кўп ҳолларда ҳали турмуш ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган йигитнинг ота-онаси қистови билан уйланиши ёки қизлар келинликка мослашолмаслиги оқибатида кўп ташвиш келиб чиқади.

Фарзандларни ёш ҳолида турмуш қуришга мажбурлаш ҳам анча-мунча муаммоларга сабаб бўлмоқда. Оила қуриш учун йигит ҳам, қиз ҳам руҳий, моддий, тиббий, жисмоний тарафдан турмушга тайёр бўлиши керак. Акс ҳолда ёшларни никоҳга мажбурлаш оилалар бузилишига олиб боради. Баъзилар 16 ёшли, ҳатто ундан ҳам кичик қизларни турмушга бериб юбораётгани аччиқ ҳақиқатдир.

Қолаверса, ёшлар мол-дунёга қаттиқ ружу қўймоқда. Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган ёшлар десак, уларнинг ота-оналари ҳам молпарастлик иллатига мубтало бўлган. Куёв томон ўз ғурурига тескари бориб, келин тарафга катта солиқлар солади. Агар солиқ тўланмаса, оила асоси дарз кетади. Наҳотки бахт-саодат мол-дунё билан ўлчанса?!

Оила қуришдан мақсад моддий фаровонликка эришиш эмас, бахтли бўлиш, фарзанд орттириб, ўзидан кейинги насл давомчиларини тарбиялаш. Айрим ҳолларда белида белбоғи йўқ йигитлар бўлажак қайнота бойлигига, мансаб-мартабасига кўз тикиб, қизлари ўзига мос келадими-йўқми, ўйламай-нетмай турмуш қурмоқдалар. Бошида уларнинг ҳаёти маромида кетаётгандек кўринса-да, бирон муаммога дуч келиб қолсалар, бир-бирига мос эмасликлари кундек равшан бўлади. Зеро, қуруқ бойлик билан икки қалбни бир-бирига ошно қилиб бўлмайди. Агар бунинг имкони топилганида, ҳамма бойлар бир-бирини яхши кўришарди ёки энг севимли инсонларга айланишарди.

Оилалар парокандалигига носоғлом муҳит (яъни, телевидение, радио, интернет сайтларида турли бузуқ намойишлар кўпайиши) ҳам сабаб бўлмоқда. “Эркак” бу тасвирларни томоша қилади. Оқибатда хотини кўзига хунук кўринади. Шу билан жанжал кетидан жанжал чиқиб келаверади...

Ҳозирги ёшлар телефонни жуда кўп мақсадларда ишлатишмоқда. Ачинарлиси, айнан мана шу телефон, ундаги расмлар, видео лавҳалар кўплаб оилалар ажаралишига сабаб бўлмоқда. Бундан ҳеч ким кўз юма олмайди.

Телефон, интернет туфайли оилалар бузилишига фақат эркаклар эмас, аёллар ҳам сабаб бўлмоқда. Баъзи аёллар интернет орқали бегона эркаклар билан мулоқотга киришади. Бу нарсадан хабар топган эр жаҳл устида хотинига бирон азият етказиб қўйиши ёки уни бутунлай уйидан ҳайдаб юбориши мумкин.

Замонавий технологиялар ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборди, кўп қулайлик яратилди. Бу – инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Лекин маънавиятимизни бузаётгани, тинч оилаларни пароканда қилаётгани ҳам бор гап. Шундай экан, технологиялардан фойдаланишни тартибга солинмаса, уларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегади, шунча замонавий қулайликлар бизга татимайди.

Кези келганда, яна бир масалага урғу бериб ўтамиз: тўйларда дабдаба, исрофгарчилик кўпайиб кетиши ҳам оилалар бахтига зомин бўлмоқда. Зеро, оила қуриш маросими яхши дуолар билан, ҳаром-харишларсиз ўтгани маъқул. Аммо унда исрофгарчилик қилинса, нопок нарсалар қўйилса, тўй қилиш билан кимўзарга ўйналса, бундай тўйларнинг фойдасидан зиёни кўпайиб кетади. Шундай экан, фарзандларимиз бахтли бўлиши учун тўйларни ихчам, миллий, диний урф-одатларимизга мувофиқ ҳолда ўтказсак, тўйга кетадиган маблағни ёш оиланинг зарур эҳтиёжларига ишлатсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўй бир кунда ўтади-кетади. Ҳали ҳаёт олдинда. Тўй учун жуда катта маблағ сарфланса, тўйдан кейин қарздорлик ботқоғига ботиб қолинса, буям дардисар бўлади. Исрофгарчилик учун олинган қарз юки одамнинг ҳузур-ҳаловатини кетказади, оиласи тотувлигига путур етказади.

 

Зиёвуддин РАҲИМ,

“Бахтли ҳаёт сари” китобидан.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!