Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Нима учун араб давлатлари Россияга яқинлашмоқда?

7100

Россияни БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидан чиқариш бўйича овоз беришда кўплаб араб давлатларининг иштирок этмагани ва Украина инқирозига муносабати таҳлилчиларнинг назаридан четда қолмади.

7 апрель куни БМТ Бош Ассамблеясида овоз беришда Ливия ва Комор ороллари Россияни Кенгаш таркибидан чиқариш учун “қўл кўтарган” икки араб давлати бўлди, 12 араб давлати эса бетараф қолди. Жазоир ва Сурия Россияни ёқлаб овоз берди. Марокаш, Ливан, Мавритания, Сомали ва Жибути овоз беришда қатнашмади. 

Маълумки, Россия Украинага қарши бошлаган уруш туфайли Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигидан чиқарилди. Аввалги овоз беришда Россияга қарши овоз берган 14 араб давлатининг муносабати ўзгаргани диққатга сазовор эди. Хўш, бунинг сабаблари нимада?

Овоз беришда Россия тарафига ўтиш

Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужумини қораловчи резолюция лойиҳаси 2 апрель куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида қабул қилинган ва 16 та араб давлати ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Кутилганидек, Сурия қарши овоз берди, Жазоир, Ироқ ва Судан бетараф қолди. Марокаш бу овоз беришда қатнашмаганди. 

Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужумини қоралаган 14 араб давлати БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидан чиқариш учун турлича овоз берган бўлса, бу давлатлардан Сурия Россия тарафидан жой олгани ҳеч кимни ажаблантиргани йўқ. 

Россиянинг Украинага қарши ҳарбий амалиёти араб давлатлари ҳукуматлари ҳамда бу мамлакатлардаги фаоллар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида бўлинишга сабаб бўлди. Бир қисм жамият бу ҳужумларни босқин деб ҳисоблаб, суверен бир давлатга аралашув ва душманона муносабат сифатида баҳолар экан, бир муддат аввал ўз мамлакатлари ишғол қилинган мамлакатлар халқлари эса Москва ҳаракатини оқлаш учун сабаб тополмай овора. 

Араб давлатлари ҳозирги уруш туфайли ўз манфаатларини хавф остига қўймоқчи эмас

Бошқа томондан, кўплаб араб давлатлари Россиядан қурол ва ғалла импорт қилади. Россия бу давлатлар билан тарихий ва мустаҳкам алоқаларга эга. АҚШ ва Ғарбнинг тазйиқлари туфайли русларга нисбатан қўлланилиши керак бўлган қатъий позиция Россия билан стратегик муносабатларга таҳдид солиши муқаррар. 

Масалан, Жазоир қуролларининг учдан икки қисмини Россиядан импорт қилса, Миср буғдойга бўлган эҳтиёжининг қарийб 70 фоизини рус деҳқонларининг ҳосили эвазига қоплайди. Марокаш эса расмий Москва БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғарбий Саҳрои Кабир масаласида кескин позицияни эгаллашидан қўрқади. Сурия режими ҳам ўзининг давомийлигини Россиянинг қўллаб-қувватлаши билан боғлаши ортиқ ҳеч кимга сир эмас. 

Араб давлатлари қоида тариқасида бир мамлакат суверенитетининг бошқаси бузишига қарши бўлса-да, ҳозирги урушда ўз манфаатларига зиён етказадиган тарафдан ўрин олишни хоҳламайди. 

Украина уруши туфайли Россиянинг яккаланиб қолиши ва заифлашиши ҳам араб мамлакатлари манфаатларига хизмат қилмайди. Шу билан бирга, бу мамлакатлар фақат АҚШ тилга олинган бир қутбли дунёни афзал кўрмайди. АҚШ гегемонлигини истамаслик ҳам ўз ўзидан арабларнинг русларга яқинлашишига олиб келмоқда.

Зеленскийнинг Исроил парламентидаги нутқлари норозилик уйғотди

Шу билан бирга, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Исроил парламентидаги онлайн нутқида Россиянинг ҳужумларини "Исроил дучор бўлган нарсага" ўхшатиши Фаластин масаласини қўллаб-қувватловчи араблар томонидан маъқулланмади. 

Бу нутқ аввалроқ Украина халқи билан бирдамлигини изҳор этган араб жамоатчилигини ўз муносабатини қайта кўриб чиқишга ундади. Ижтимоий тармоқларда ҳам муносабат билдирган араб фуқаролари "Россия ва Фаластинни босқинчи, Исроил ва Украинани қурбон ва қурбон сифатида белгиланишига" салбий реакция билдирди.

Ғарбнинг икки томонлама стандартлари

Нафақат Зеленскийнинг, балки Ғарбнинг икки томонлама стандарт позициясини қоралаган араблар, Россиянинг Украина ҳужумига муносабатига қарши Фаластин ҳужумлари қаршисида Исроилнинг жим туришини танқид қилмоқда. Араб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам Россиянинг ҳужумларини қоралаган АҚШ давлатининг Ироқ, Афғонистон ва Ливияда қилган бузғунчиликларини ёдга олмоқда.

Санаб ўтилган омилларнинг барчаси ўз-ўзидан Фаластин, Ироқ, Жазоир, Миср ва Марокашдаги арабларни Россия билан яқинлашишга ундайди. Бу муносабат эса Москвага ҳамдардликдан эмас, балки Ғарбнинг иккиюзламачилик стандартига муносабат сифатида намоён бўлади.

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украина БМТда Исроилга қарши овоз бергани норозиликка сабаб бўлди

1008 10:25 16.11.2022

БМТ Россия бўйича муҳим резолюцияни қабул қилди

569 11:15 15.11.2022

ЖССТ: Глобал иқлим ўзгариши касалликлар кўпайишига олиб келиши мумкин

247 08:53 08.11.2022

Охирги саккиз йил Ер юзидаги энг иссиқ йиллар бўлди – БМТ

314 17:00 07.11.2022

Қора денгиз “дон йўлаги”да кемалар русларсиз ҳам сузаверади

845 10:45 31.10.2022

БМТ: Украинада биологик қурол мавжудлиги ҳақида маълумотга эга эмасмиз

717 19:30 28.10.2022
« Орқага