Нима учун муаззинлар тайёрланмайди?

19:55 14.08.2019 638

Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги масжидларнинг бирида азон бўйича намозхонлар билан жанжал қилган аёл ҳақидаги видео кенг тарқалди ва жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Видеодаги аёл эрининг касаллигини айтиб, азонни баланд овозда айтмасликни талаб қилган.

Бу ерда масалани фақат бир тарафлама ёритиш ярамайди. Масалан, Ислом юзасидан олиб қарасак, азонни ёқтирмаслик мунофиқлик аломати ҳисобланади. Лекин бу аёлнинг ҳолати олиб қаралса, диний илмлардан бехабар оддий аёл эрининг саломатлигидан хавотирланмоқда. Уни ҳам тушуниш, икки тарафга ҳам оғир ботмайдиган ечим топиш керак бўлади.

Аслини олиб қараганда, Ислом шиорларини гўзал ва чиройли тарзда оммага етказиш "Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил*" оятига мосдир. Нафақат динини энди англаб, Ислом амалларини бажара бошлаган халққа, балки умуман ҳеч бир мусулмонга қўполлик қилинмайди. Азон айтишни Пайғамбаримиз алайҳиссалом бекорга айнан Билол розияллоҳу анҳуга топширмаганлар. Ўша машхур ҳадисни эсласак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Зайдга азон жумлаларини ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуга ўргатишни, бунинг сабаби сифатида Билол розияллоҳу анҳунинг овозлари баланд ва ширалироқ эканини айтадилар. Бундан келиб чиқадики, азонни овози баландроқ ва ёқимли мусулмон айтгани афзалдир.

Ижтимоий тармоқлардаги шарҳларнинг кўпчилик қисмида айнан муаммо сифатида аёлнинг масжидга чиқиб жанжал қилиши эмас, балки масжидлардаги муаззинларда тажвид ва чиройли овознинг етишмаслиги айтилмоқда. Демак, бу муаммо нафақат ўша масжидда, балки юртимиздаги кўплаб бошқа масжидларда ҳам мавжуд. Минглаб масжидлар учун муаззинларни етиштириш бир мунча қийиндай туюлиши мумкин, лекин бунинг учун аслида хоҳиш бўлса етарли. Бундан аввалги мақолада бу борадаги таклифларни келтириб ўтдик:

- қисқа муддатли тайёрлов курслари ташкил қилиш (худди Қуръон курслари каби);

- лозим бўлса, чет давлатларга бориб малака оширишга имкон яратиш.

Бу борада мутасадди ташкилотларимиз – Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ташаббусни ўз қўлларига олса, бундай ҳолатларга чиройли ечимларни таклиф қилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Улар азон мусобақасини ўтказиш, муаззинларнинг малакасини ошириш бўйича хайрли ишни бошласалар, Azon.uz сайти оммавий ахборот воситаси сифатида бундай ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва кенг ёритишда ёрдам беради.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!