Илм

«Нисо» сураси тафсири

987

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат ила ҳукм қилишингизни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (58-оят).

Мусулмонлар жамоасига Аллоҳ таоло амр этган муҳим ишлардан бири омонатларни ўз аҳлига эриштиришдир.

«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни...» амр этур.

Бизнинг давримизда, ўтмишда зўр мусулмонлар бўлган халқимизнинг ҳозирги ҳолатида ҳамма ўлчовлар, ҳамма тушунчалар бузилиб кетган. Шу жумладан, омонатлар ҳақидаги тушунча ҳам бузилган. Одамлар омонат деганда, қимматбаҳо нарсани сақлаб бериши учун бошқа бировнинг ҳузурига қўйишнигина тушунадилар. Аслида омонатнинг турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз: «Аллоҳнинг бандага юклаган омонатлари бор: намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир», дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:

«Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, бу сўз омонатдир», – деганлар.

Демак, омонат кенг маънода тушунилиши лозим бўлган атамадир. Энг буюк омонат эса иймон омонатидир. Бу омонат инсондан бошқа махлуқотларга қасдсиз, иродасиз, ҳаракат ва йўлланмасиз берилгандир. Улар хоҳласалар-хоҳламасалар, иймонлидирлар. Фақат инсонгина, ақлга ва ҳур иродага эга бўлгани учун ўз иродаси, ҳаракати, қасди ва уриниши билан мўмин бўла олади. Худди мана шу асл омонатдан бошқа омонатлар туғилади. Иймон омонатини адо қилганларгина Аллоҳнинг барча омонатларини ҳамда бандалар орасидаги омонатларни ҳалол адо эта оладилар. Барча омонатларни ўз эгаларига эриштирганларгина иймони ҳақиқий кишилар ҳисобланадилар. Мўминлар жаҳон халқлари ичида ушбу ҳақиқий иймонлари ила танилганлар. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқликнинг уч аломатидан биридир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди. Аллоҳ кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта хатога йўл қўйилган бўлади. Хиёнатчи ҳатто шаҳид бўлган тақдирда ҳам гуноҳи кечирилмасдир!

Имом Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, «Омонатни адо қил», – дейилади. У эса: «Уни қандай қилиб адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» – дейди. Шунда омонат унга жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб, елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, омонат елкасидан тушиб кетади. У ҳам омонатнинг изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади».

Аллоҳ таоло мусулмонларга юклаётган иккинчи буюк вазифа – одамлар орасида адолат ила ҳукм юритишдир.

«...ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда...»

Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу: «Бу оят ҳокимлар тўғрисида нозил бўлгандир», – деганлар.

Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом:

«Модомики, ҳоким жабр қилмаса, Аллоҳ у биландир. Агар жабр қилса, ўзини ўзига вакил қилиб қўяди», – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда:

«Бир соатлик адолатли ҳукм қирқ йиллик ибодатга тенгдир», дейилган.

Албатта, бу гапдан, ким бир соат адолат қилиб қўйса, қирқ йил ибодат қилмай юраверса ҳам бўлар экан, деган маъно чиқмайди. Бу ердаги ибодатдан мурод нафл ибодатдир.

Эътибор билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада:

«...ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда...» дейилмоқда.

Ҳа, мусулмонлар орасидагина ёки бошқа бирор махсус тоифа орасида эмас, айнан «одамлар» орасида. Ким бўлишидан қатъи назар, барча одамлар орасида адолатли ҳукм юритиш мусулмонларнинг бурчидир.

Исломнинг ҳукм ҳақидаги назариясига биноан, ҳукмнинг ва давлатнинг бардавом бўлмоғи учун асосий шарт адолатдир. Иймон асосий шарт эмас. Уламоларимиз иймонли ва адолатсиз ҳукм узоқ давом этмаслигини, аммо ҳукм адолатли бўлса, бардавом бўлишини, ҳам иймонсиз, ҳам адолатсиз ҳукм эса доимо вақтинчалик ҳукм бўлишини алоҳида қайд этганлар.

Бир оятнинг ўзида икки буюк асосга – ҳам омонатга, ҳам адолатга иршод қилиш катта марҳаматдир. Шунинг учун оятнинг давомида:

«Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур!» – дейилмоқда.

Бизнинг бурчимиз эса Аллоҳ таолонинг ваъзини жон қулоғимиз ила тинглаб, унга амал қилишдир. Чунки Аллоҳ биз бандаларининг бу амрга қандай амал қилаётганимизни эшитиб, кўриб турибди.

«Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир».

Эшитиш ва кўриш эса охиратдаги ҳисоб-китоб учундир. Албатта, Аллоҳ Ўзига хос эшитиш хусусияти билан ҳамма нарсани эшитади ва ўзига хос кўриш хусусияти билан ҳамма нарсани кўради. Ҳеч бир нарса Унинг эшитиш ва кўриш қудратидан четда қолмайди.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба: islom.uz

 

Мўминларнинг амири ўз ўғлини тижоратдан нега қайтарган?

Жаннатда ҳасад бўладими?

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тафсири Нобулсий: "Аср" сураси

1308 07:50 25.06.2020

Покистон: Панжоб университетларида Қуръон дарси мажбурий бўлди

812 15:30 16.06.2020

Қуръонда кимларга вайл бўлсин, дейилган?

1867 06:29 30.04.2020

“Тафсирул-Қуртубий”

579 09:00 25.04.2020

Оят: «Албатта, сенинг душманингнинг орти кесикдир...»

1399 22:00 04.04.2020

Наҳл сураси тафсири

526 06:30 30.03.2020
« Орқага