Ният ва шариат мақсадлари (Ният ва ихлос)

00:00 02.08.2019 447

“Эъломул муваққиъийн” (Тасдиқловчиларни билдириш”) китобида амалнинг қийматини белгилашда ният ва қасднинг аҳамиятини ва бир амалнинг сурати бир хил бўлса ҳам, бири саҳиҳ қурбат, бошқаси ботил маъсият эканлигини кенг баён қилган. Бу, албатта, ният ва қасднинг сабабидандир. Масалан, узумни сиқиб сувини маст қилувчи ичимлик учун олиш маъсият бўлиб, бу ишни қилувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларидан лаънатланган. Аммо узумни сирка олиш учун сиқиб сувини олса, жоиз бўлади. Бу амалнинг сурати эса бир хил. Худди шундай, қурол сотувчи инсон ҳам сотиб олувчи қурол билан бегуноҳ инсонларга зарар етказмоқчи эканлигини билиб туриб сотиши ҳаром, аммо сотиб олувчи ўзи ва атрофидагиларни турли зарарлардан сақлаш ниятида олаётганини билиб сотса, савоб. Худди шундай, талоқ лафзларининг киноялиси ила талоқни ният қилган бўлса талоқ тушади, бўлмаса йўқ. Ва яна турмуш ўртоғига: “Сен мен учун онамдексан”, жумласини айтса, агар зиҳорни ният қилган бўлса зиҳор бўлади, аммо онадек ҳурматли, мукаррам эканлигини ният қилган бўлса, ҳеч гап йўқ.

Ибодатларнинг саҳиҳ ёки фосид бўлишида ниятнинг ўрни қанчалар муҳим эканлигини ортиқча зикр қилишга эҳтиёж йўқ. Ҳар бир Аллоҳга яқинлаштирувчи амалларнинг асоси тўғри ниятдир. Бирор феъл тўғри ният ва қасдсиз ибодатга айланмайди. Шу сабабдан киши кун ботгунча ўз одатига кўра ёки бандлиги сабабли таомланмаса, у рўзадор ҳисобланмайди. Агар Каъба атрофида йўқотган нарсасини излаб айланса, тавоф қилаётган бўлмайди. Агар фақирга бирор нарса берса ва закотни ният қилмаса, закот ўрнига ўтмайди. Агар масжидда ўтирса ва эътикофни ният қилмаса, эътикоф ўрнига ўтмайди. Бу амаллар ҳисобга ўтиш ва ўтмасликда ниятнинг ўрни собит бўлганидек, савоб олиш ва гуноҳкор бўлишда ҳам ниятнинг ўрни собит. Шу сабабли агар бегона аёлга ўз аёли деб ўйлаб, билмасдан яқинлик қилиб қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Ва ўз аёли ила Аллоҳ яхши оилапарвар бўлишга буюргани учун яқинлик қилса, савоб олади. Аммо, масалан, қоронғиликда бегона аёлга яқинлик қилиш нияти ила адашиб ўз аёлига яқинлик қилиб қўйса ҳам, гуноҳкор бўлади, чунки у ҳаромни ният қилди. Агар ҳаром таомни ҳалол деб билиб еб қўйса, аслида у таом ҳаром бўлса ҳам, гуноҳкор бўлмайди, аммо агар ҳалол таомни ҳаром деб ўйлаб, ҳаром еявераман деб еса, таоми ҳалол бўлса ҳам, у нияти туфайли гуноҳкор бўлади. Худди шундай, ким бегуноҳ мусулмонни ўлдираман деб бир кишини ўлдирса, ўлдирилган тажовузкор кофир бўлса ҳам, қотил нияти сабабли гуноҳкор бўлади. Ов қиламан деб барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда билмасдан одамни отиб қўйса, гуноҳкор бўлмайди, одам отаман деб ов отса, гуноҳкор бўлади. Шу сабабдан ҳадисда бир-бирини ўлдирмоқчи бўлган икки мусулмоннинг ўлдиргани ҳам, ўлдирилгани ҳам жазосини олиши айтилган.

Ният амалнинг руҳи, мағзи ва асосидир. Амал ниятнинг саҳиҳлиги ила саҳиҳ бўлади, фосидлиги ила фосид бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кифоя қилувчи, шифо бўлувчи, замирида илм хазиналари бўлган икки калима айтганлар, ушбу икки калима: “Амаллар ниятларга биноандир, ҳар бир кишига ният қилгани бўлур”. Аввалги жумлада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амал фақатгина ният билан бўлишини, шу сабабли ниятсиз амал бўлмаслигини баён қилмоқдалар, сўнгра иккинчи жумлада амал қилувчининг амалидан фақатгина ўзи ният қилгани бўлишини баён қилганлар. Бу нарса ибодатлар, ўзаро муомалалар, қасамлар, назрлар ва бошқа аҳдномалару феълларни ўз ичига олади. Бу кимки рибо ниятида савдо қилса, рибохўрга айланиши ва суратан бўлган савдо уни савдогарга айлантириб қўймаслигининг далилидир. Ким никоҳ ақди ила таҳлийлни (таҳлийл – уч талоқ қўйилган аёлни келишилган ҳолда эрига ҳалол бўлиши учун никоҳига олиб, кейин талоқ қилиш) ният қилса, суратан никоҳ бўлса ҳам, таҳлийл бўлади. Чунки у таҳлийлни ният қилди ва ҳар бир кишига ният қилгани бўлур. Ҳадисдаги аввалги қисм сезги орқали билинади, иккинчи қисм матн орқали билинади. Шунга асосан узумни сиқишдан маст қилувчи ичимлик тайёрлашни қасд қилса, ният қилгани бўлади ва лаънатга мустаҳиқ бўлади.

Агар киши Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсада ҳийла қилишни ният қилса, унга ният қилгани бўлади, чунки у ҳаромни қасд қилди ва уни ҳосил қилишда имкониятини ишга солди. Ўзига баҳона ахтарган ҳолда ҳийла қилганда у ўзига тегишли ишда ҳийла қиладими ёки бошқага тегишли ишда ҳийла қиладими, барибир гуноҳкор бўлади. Бунинг шаръий жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам фарқи йўқ. Шу сабабли табиб касални озор берувчи нарсадан қайтарса ва уни ҳимоя қилсаю касал у нарсадан ҳийла қилиб четланмаса ва ҳеч кимга билдирмаса ҳам, барибир мумкин бўлмаган ишни қилган бўлади. Ҳеч ким кўрмагани касални зарардан сақлай олмайди. 

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!