«Нобел» олувчилар ёки Исломда аниқ фанлар

05:15 12.07.2019 769

Аниқ фанлар соҳасида баракали ижод қилган мусулмон оламидаги қомусий олимларнинг илмий ютуқларининг замирида уларнинг соф диний илмларни мукаммал билганликлари ётади. Чунончи, буни уларнинг деярли барчаси Қуръони каримни ёшлигиданоқ тўла ёд олганликларидан ҳам билса бўлади.

Мусулмон мамлакатларида ва, умуман, ислом турмуш-тарзида аниқ фанлар, айниқса, математика ва астрономия муҳим ўрин тутган. Ҳақиқат шуки, исломнинг математик ва астрономлари ҳинд, хитой, юнон илмларини жамлаб, тараққий эттириб, бу соҳаларда янги-янги йўналишларни, жумладан, алгебра, тригонометрияга оид ҳисоблаш усуллари ва қоидаларини жорий этдилар. Ислом уламоларининг илм-фаннинг барча соҳаларига қизиқишлари ва алалоқибат эришган ютуқлари бу, албатта, тасодифий нарса эмас. Бунга эътиқод нуқтаи назаридан ёндашмоқ лозим. Мисол учун, Қуръони карим оятлари ва Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида вафот этган киши қолдирган мерос тақсимоти борасида аниқ кўрсатмалар берилган. Ундан ташқари, савдо-сотиқдан тортиб закот, ушр, васият, ширкат, музораба, солиқ, божхона ҳамда қурилиш ва иншоот ишлари ва ҳоказоларда ҳам уларнинг ҳисоб-китобини чиқариш учун математика қонун қоидалари ва аналитик формулаларига чуқур эҳтиёж сезилган. Шу боисдан мусулмонлар ўртасида математик илмларга қизиқиш вужудга келди. Ва бу ишни мусулмон уммати муттасил ва изчил изланишлар натижасида юқори даражада ечимини топди. Ислом олимлари математиканинг бир неча йўналишларида: оддий арифметика, алгебра, геометрия, жумладан, тригонометрия, сферик тригонометрия, планиметрия, стереометрия йўналишларида беназир кашфиётлар қилдилар.

Мусулмон киши қаерда бўлишидан қатъий назар, эрта тонгдан то оқшомга қадар унинг учун беш вақт намоз фарздир. Намоз юзни қиблага – Маккадаги Каъба йўналишига қаратиб ўқилади. Намознинг вақтлари эса, ҳар бир географик кенгликда Қуёшнинг ҳолатига қараб белгиланади. Исломда қабул қилинган ҳижрий йил ҳисоби 354 кунни ташкил қилувчи 12 қамарий ойдан иборат бўлиб, янги ой – ҳилолни масжид минорасидан ёки расадхона тепасидан кўз билан кўриб аниқланган. Шунинг учун мусулмон кишининг ҳаёти астрономия, математика, жуғрофия, ҳунармандчилик ва меъморчиликка алоқадор бўлган қуйидаги масалаларни ҳал қилиш билан узвий боғлиқ бўлган:

1. Маҳаллий жойнинг координаталарини аниқлаш;

2. Маҳаллий меридиан билан қибла йўналишини кўрсатувчи катта доира кесишиш бурчагини аниқлаш;

3. Жуғрофияга оид координаталарни ҳисоблаш усулларини билиш;

4. Жуғрофий координаталарни билиш орқали Қуёш баландлигини аниқлаш қоидаларини билиш;

5. Турли вақтни аниқловчи ўлчаш асбобларини ясаш;

6. Турли шаҳарлар орасидаги масофаларни аниқлаш учун геодезик ўлчашларни бажариш;

7. Ернинг маъмурий қисми ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун хариталар тузиш;

8. Хариталар тузиш учун математикага тааллуқли проекциялаш усулларини билиш;

9. Астрономия, жуғрофия ва геодезияга тааллуқли ҳисобларни бажариш учун юксак аниқликдаги математик ҳисоблаш усулларини билиш;

10. Масжид, мадраса, мақбара ва расадхоналар барпо этиш учун меъморчилик санъати ва анъаналаридан хабардор бўлиш.

Г. П. Матвиевская ва Б. А. Розенфельд каби шарқшунослар: “Ҳар бир классик асарга (Птолемейнинг “Альмагест”, Аристотелнинг “Метафизика”, Евклиднинг “Негизлар”, Менелайнинг “Сферика”, Брахмагуптанинг “Синдҳинд” каби асарлари ва ҳоказолар назарда тутиляпти) бир неча шарҳлар ёзилган. Уларда қадимгиларнинг назариялари, илмий ҳақиқатлари очиб берилиши асносида ҳатто мустақил асарлар вужудга келиб қолган. Уларда кўрилаётган масала мутлақо янгича нуқтаи назар билан ёритилган бўлади...”, деган эдилар. Бу фикрларни эса буюк мусулмон математиги Муҳаммад ал-Хоразмий бундай деб таърифлаган:

“Ўтмишдаги олимлар ... улардан бирлари очиқланмаган нарсаларни кашф этиб, бошқалардан ўзиб кетди ва ўзидан кейингиларга мерос қилиб қолдирди. Бошқаси ўзидан олдингиларнинг ишларини шарҳлаб, қийинчиликларни бартараф этди, яширин маъноларни очиб берди, йўлни ёритди ва тушунишга осон қилиб берди”.

Илм-фан ва фалсафанинг ўша даврдаги шиддатли одимларига сифат нуқтаи назаридан қаралса, Марказий Осиё учун ва мусулмон оламидаги барча мамлакатлар учун шу нарса характерлики, халифаликнинг фан ва маданияти Ҳинд, Марказий Осиё, Эрон, Бобил, Миср, Юнон ва Рим фани ҳамда маданиятининг ўзаро аралашиши ва бир-бирига сингиб бориши маҳсули бўлиши билан бирга, ҳеч қандай истисносиз барча илғор олимлар антик давр тафаккурининг у ёки бу фан соҳасида эришган энг юксак поғонасига асосланадилар ва уни яна-да юқори кўтарадилар. Шарқ фани тарихи билан шуғулланувчилар ўрта аср қўлёзмаларида кўпинча “иккинчи Гиппарх”, “иккинчи Гален”, “иккинчи Аристотель”, “иккинчи Евклид”, “иккинчи Птолемей” каби ҳурмат ва эъзозлаш билан атaлган атамаларни учратадилар. (Бу нарса бизнинг мусулмон мутафаккирларимиз нақадар инсофли ва адолатли зотлар бўлганликларини кўрсатади). Лекин шу ондаёқ “иккинчилар” кўп масалаларда “биринчилар”дан ўзиб кетганликларини кўрадилар. Улар ўзларининг қадимги устозларига тан бериш билан бирга, уларнинг салобатларидан чўчимай, барча эски ва кучини йўқотган маълумотлар ўрнига янги, замонавийларини қўйганлар.

Муҳаммад ал-Хоразмий, Собит ибн Қурра, Иброҳим ал-Фазорий, ал-Беруний, Ибн Сино, шайхулислом имом Ғаззолий, Насируддин Тусий, ҳанафийлик мазҳабининг энг машҳур фиқҳий матн китоби “Мухтасар ал-виқоя”нинг муаллифи, “Садру-ш-шариъа” лақаби билан танилган Убайдуллоҳ ибн Масъуд ҳамда у зотнинг муҳтарама оналари Умома, “Муфтийи калон” лақаби билан танилган самарқандлик муфтий Бобо ас-Самарқандий ва яна санаб адоғига етиб бўлмайдиган қанчадан-қанча дин уламолари мазкур аниқ фанлар соҳаларида етук асарлар яратганлар. Исломнинг ҳужжати деб тан олинган Имом Ғаззолий астрономияга оид бир эмас, роппа-роса учта асар ёзган. Насируддин Тусий эса 26 та математик ва 21 та астрономик асарлар муаллифидир. “Мухтасар”нинг соҳиби Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож уш-шариъа ал-Бухорий 4 та математик ва битта астрономик асар ёзганлар. Ҳатто у зотнинг оналари Умома момомиз Евклиднинг гиометрияга оид китобининг шарҳига шарҳ ёзганлар. Муфтийи калон Самарқандийнинг эса фиқҳий фатво тўпламларидан ташқари бир неча математикага оид асарлари мавжуд.

Илоҳий масъулиятни ҳис қилган адолатпеша ҳукмдор ва давлат раҳбарларининг оқилона сиёсатлари ҳам илм-фаннинг ривожига олиб келди. Улар илм аҳлига юқори маошлар, уй жойлар ва шарт-шароитлар яратиб беришди, уларнинг ҳурматларини жойига қўйишди. Маъмун Хоразмшоҳ ва Абу Райҳон Беруний, Халифа Муътазид ва Собит ибн Қурра ўрталаридаги мана бу воқеа бу фикримизни исботлайди:

Абу Райҳон Беруний бобомиз бундай деганлар:

Маъмун Хоразмшоҳ уйим ёнига келиб, мени чақира бошлади. Мен озроқ кечиккан эдим, у аллақачон кираверишда отдан тушишга ҳаракат қилаётган эди. Мен хижолатдан хизмату истиқболига шошиб, отдан тушмаслигини сўраган эдим, у бундай деди:

Илм инсон эришган нарсаларнинг энг афзалидир.

Ҳамма унга талпинади-ю, унинг ўзи келмайди.

Кейин: “Замоннинг бу оғир қонунлари бўлмаганида мен сизни овора қилиб чақириб олмас эдим. Чунки, илм устундир, мен эмас!”- деди.

Мўъминлар амири Маъмун Хоразмшоҳ Халифа Муътазид ҳақидаги ушбу воқеани ўқиган бўлса ажабмас: Бир куни Муътазид ўша даврнинг энг машҳур қомусий олимларидан бўлмиш Собит ибн Қурранинг қўлидан ушлаб боғда сайр қилиб юришганида, кутилмаганда қўлини тортиб олди. Собит: “Эй мўминлар амири! Нега қўлингизни тортдингиз?”, деб сўради. Халифа: “Менинг қўлим сизникини тепасида турган экан, лекин аслида илм устун туради, мен эмас”, деб жавоб берди.

Шу пайтгача Муҳаммад Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ибн Сино ва Улуғбек каби алломаларни фақат дунёвий, ҳаттоки даҳрий олимлар деб келишгани ҳеч кимга сир эмас. Бу нарсаларга ҳақиқат кўзи билан қараб, холисона баҳо берадиган вақт етди, деб ўйлаймиз.

Ал-Хоразмий яшаган давр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган даврларга, яъни ҳадис ва бошқа илмлар гуркираб ривожланган даврга тўғри келади. Ал-Хоразмий асарларини варақлаб кўрган киши у зотнинг имон-эътиқодлари бутун, ҳамма илмларга моҳир эканликларига амин бўлади. Қуйидаги жумлалар бунга яққол далилдир: “Шунинг учун мен арифметиканинг оддий ва мураккаб масалаларини ўз ичига олувчи ал-жабр ва ал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб таълиф қилдим, чунки мерос тақсим қилишда, васиятнома тузишда, мол тақсимлашда ва адлия ишларида, савдода ва ҳар қандай битимларда, шунингдек, ер ўлчашда, каналлар қазишда, геометрияда ва бошқа шунга ўхшаш турлича ишларда кишилар учун бу зарурдир. Мен бунга яхши ниятлар билан киришиб, ишонаманки, билимдон кишилар уларга улуғвор ва меҳрибон Аллоҳ ато қилган нарсаларни бунга қаратадилар. Менинг бунда [эришадиган] муваффақиятим, ҳамма нарсалардаги каби Аллоҳ измидадир. Мен унга тоат қиламан, чунки у Арши Аълонинг эгасидир. Барча пайғамбарлар ва набиларга Аллоҳнинг марҳамати бўлсин!”.

Ал-Хоразмийнинг мазҳаб борасида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга эргашганлари маълум. Зеро, у зот васият ва мерос тақсимоти масалаларини ечиш асносида жуда кўп ўринларда: “Абу Ҳанифа айтганидек, Абу Ҳанифа айтишича, Абу Ҳанифанинг сўзларига кўра, Абу Ҳанифа айтганича” каби ибораларни ишлатади, бошқа биронта мужтаҳиднинг гапини келтирмайди. Аслини олганда, ал-Хоразмийнинг алгебрага асос солган асари “ал-Жабр ва-л-муқобала” соф исломий илм бўлмиш “фароиз” (“исломий мерос ҳуқуқи”) илмига бағишланган эди. У фароиз масалаларининг тўғри ечимини кўрсатиб бериш мақсадида алгебрани ўйлаб топган буюк ислом мутафаккири ҳисобланади.

Беруний мазҳаблар ҳақида бир асар ёзган. Афсуски, бизгача етиб келмаган. Ёқут Ҳамавий олим ҳаётининг энг охирги дақиқаларида унинг ёнида бўлган бир кишининг ҳикоясини келтиради. Бу Берунийнинг яқин кишиларидан, замонасининг машҳур қозиси, фақиҳ Абул-Ҳасан Али ибн Исо ал-Валволижий бўлиб, бундай дейди: “Мен Абу Райҳон ҳузурига у оғир нафас олаётган, хириллаб жон бераётган вақтда кирдим. У мендан: “Меросларни нотўғри бўлиши ҳақида айтганларингни такрорлаб бер”,-деб сўради. Унга раҳмим келиб: “Шундай аҳволда-я!”, дедим. У эса: “Эй фалоний, мен учун бу масалани билиб дунёдан ўтиш, билмай ўтиб кетишдан афзалроқ эмасми?, -деди. Мен у [масалаларни] такрорлаб беришга мажбур бўлдим. У буни ёдда сақлади. Кейин менга бу ҳақда ўйлаганларини айтиб берди. Шундан сўнг мен чиқиб кетдим. Кўчага чиқишим билан унинг уйидан йиғи овози эшитилди”.

Шу ерда Берунийнинг “Бешикдан то қабргача илм изла!” деган ҳадиси шарифга амал қилганлигига гувоҳ бўламиз. Бундан ҳар бир мусулмон ибратланса арзийди.

Беруний фаннинг ҳамма соҳаларида самарали ижод этди. Унинг илмий мероси жуда бой. Академик И.Ю.Крачковский сўзи билан айтганда “у қизиққан соҳаларни санаб чиқишдан кўра, қизиқмаган соҳаларни санаб чиқиш осонроқ”. Беруний бир юз элликка яқин илмий асарлар ёзган.

Ибн Синонинг подшоҳ саройидаги китобларни бир неча ой муддатда ўқиб чиққанлиги ва 9 жилддан иборат фиқҳий асар ёзганлигини ҳамма ҳам билмаса керак. (Афсуски, асар бизгача етиб келмаган). Унинг Қуръони каримга ёзган тафсирларидан бир неча қисмлари Тошкентдаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида тадқиқотчиларини кутиб ётибди.

Ҳам давлат арбоби, ҳам буюк олим Мирзо Улуғбек юзлаб олимларга ҳомийлик қилгани, масжид ва мадрасалар қурдиргани ҳақида ҳамма билади. Лекин, у зотнинг мадрасада тафсир илмидан дарс бергани ва фиқҳий масалаларда моҳир эканини ҳамма ҳам билавермайди.

Замонасининг етук математик ва астрономи Жамшид Коший Кошондаги ўз отасига ёзган мактубида Мирзо Улуғбекнинг диний илми борасида қуйидагиларни келтиради:

“Ҳақиқат шуки, унга (Мирзо Улуғбекка) муқаддас Қуръоннинг кўп қисми ёд, тафсири ҳам. Шунингдек, ҳар бир оятга муфассирларнинг қарашларини билади. Ўзи айтган ҳар бир сўз ва ифода исботига Қуръони каримдан унга мос оятлардан ўқийди ва жуда тўғри далиллар келтиради. Ҳар куни Қуръонни тўлиқ ёдлаган ҳофизлар (қорилар) ҳузурида икки пора (40 бет) ёддан ўқиб беради ва биронта ҳам хато қилмайди. (Араб тили) грамматика ва синтаксисини анча яхши билади. Арабчада ниҳоят даражада яхши ёзади. Шу билан бирга у фиқҳдан (ислом ҳуқуқшунослигидан) анча хабардор. Мантиқ, адабий услуб назарияси, ва ниҳоят, мусиқа асос назарияларини ҳам билади”.

Бу маълумотлардан Жамшид Кошийнинг ҳам диний илмларда қай даражада олимлигини англаб олса бўлади. Чунки, бир олимнинг илм даражасига баҳо берувчи киши, камида ўша олим даражасида бўлиши керак.

Заҳириддин Муҳаммад Бобирнинг фиқҳ борасида “Мубайян” номли китоб тасниф қилгани ўзбек китобхонларига жуда яхши маълум. У зотнинг “Туҳфа ал-амир” деб номланган 3 қисмдан иборат асар ёзганлигини ҳам эслатишимиз жоиз. Унинг биринчи қисми астрономия фани ҳақида; иккинчи қисми эса ерларни ўлчаш (геометрия) тўғрисида; учинчи қисми арифметика қоидалари ҳақида.

Миллатимиз вакиллари илмни диний ёки дунёвийлигига қарамасдан доим ўрганиб, ҳаётларига татбиқ қилиб келишган. Шунинг учун ҳам улар бутун инсониятга ҳамма соҳада устоз бўлдилар. Биз аждодларимиз билан фахрлансак арзийди. Биз ҳам уларга ўхшаб дунёнинг ободлиги йўлида ғайрат билан ҳаракат қилсак, инша Аллоҳ, “оққан дарё оқмай қолмас”, деганларидек, яна “дарё ўз ўзанига” келади. Бунинг учун эса диний илмлардан мосуво бўлмаган авлодни етиштиришимиз лозим. Шунда дунёвий илмлар ҳам буюк бобокалонларимиз давридаги сингари тараққий ва ривож топиши муқаррар. Қуръон нури билан мунаввар бўлган қалб эгалари, Қуръоний илмларни эгаллаб ўсган авлодгина биз кутган аниқ фанлар соҳасида ҳам буюклар қаторидан ўрин эгаллаб, давримизнинг “Нобел” ёки бошқа мукофотларига сазовор бўлиши аниқ. Президентимиз айтганидек, Қуръон илм-фанимизга ҳам барака олиб келади!!!

 

Абдуллаев Ботиржон Қосимович,

ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний
номидаги Шарқшунослик институти таянч докторанти

Таҳрир: Ҳамидуллоҳ Беруний

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!