Нўъмон Али Хон: Дўзах ёки жаннатга киришдан олдинги ҳисоб-китоб

23:00 04.07.2019 3877

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Аввалдан огоҳлантириб қўймоқчиман, бугунги маърузани қўлимдан келганича қисқа қилишга уринаман, лекин 45 дақиқадан эрта тамомлайман деб ўйламайман. Масжидни ҳеч кимга сездирмай тарк қилиш усулларини ўргатганман, хоҳловчилар ён эшиклардан бемалол чиқиб кетишлари мумкин, қаршилигим йўқ.

Режамга кўра, суҳбатимизнинг бошланиши сал ваҳимали тус олиши мумкин, чунки бизнинг динимиз ҳақиқат динидир. Ҳақиқат эса яхши хабарлар билан бирга огоҳлантиришларни ҳам ўз ичига олади. Барча пайғамбарлар ҳам хушхабар ва огоҳлантиришларни етказувчи бўлганлар, айниқса пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Аллоҳ азза ва жалла у кишини “Мубашширон” – “хушхабар еткизувчи” ва “Назийрон” – “огоҳлантирувчи” дeб тасвирлаган. Агар фақат хушхабарлар етказилса, одамлар огоҳлантириш ҳақидаги ҳақиқатни унутиб қўйиши ва аксинча фақат огоҳлантириш етказилса, инсон ноумидликка берилиб, хушхабардан умид қилмай қўйиши мумкин. Рамазон ойи умид ойи бўлгани сабабли бу кунда масаланинг умидбахш бўлишига ва энг кўп умид қилишимиз зарур бўлган Аллоҳ азза ва жалланинг меҳр-муҳаббатига кўпроқ урғу беришга ҳаракат қиламан. Қўрқиш ва умид ҳамиша мувозанатда бўлиши даркор. Ушбу маърузанинг ниҳояси умидбахш якунланса ҳам, аввалида мeн қаттиқ огоҳлантириш билан бошламоқчиман.

Маълумингизки, биздан олдин кeлган қавмлардан Бану Исроилга ҳам китоб туширилган бўлиб, у бизнинг Қуръонимиздан олдинги Қуръон ҳисобланади. Қуръони Каримда у китоб бошқа Қуръон дeя зикр этилган, яъни биздан олдингиларнинг Қуръони. Аммо Бану Исроил қавми у китобни жиддий қабул қилмади. Уларда шундай бир янглиш ақида пайдо бўлдики, унга кўра “Гарчи биз мусулмонлар каби яхши бўлмасак ҳам, ҳечқиси йўқ, энг оғир ҳолатда Аллоҳ бизни дўзахга ташлайди, у ерда кўп қолмаймиз, бор-йўғи бир неча кун ёки ҳафтада Аллоҳ бизни чиқариб олади”, деган хом хаёлга боришади.

“Ва улар: “Бизга (дўзах) ўти ҳеч тегмайди, тегса ҳам саноқли кунларгина тегади”, дедилар”. (“Бақара”, 80-оят)

Гап шундаки, дўзах ёки жаннатга киришдан олдин ҳисоб-китоб куни бўлади ва Аллоҳнинг каломидан маълумки, қиёматнинг бир куни эллик минг йилга тeнг бўлади. Бу ҳали абадий бўлган дўзах ёки жаннатга кирмасдан олдинги бир кунлик қиёмат, холос. Охират ҳаётида кунлар ҳисоб-китоби тамоман ўзгачадир. Ундаги бир кун бизнинг дунёдаги каби 24 соатдан иборат эмас, ернинг айланиши, ой, қуёш – буларнинг бари бу дунёдаги ўлчовлардир. Шунинг учун бир неча кунгина азобланар эканмиз, деб хомтама бўлмасинлар.

Бу масаланинг бир томони. Иккинчидан, келинг, жаҳаннам олови ҳақида фикр қилайлик. Қуръони Каримда жаҳаннам ҳақида бир неча ўринда баён қилинган. Лeкин мeн ҳозир сизларга Қуръонидаги жаҳаннам тасвирланган оятлардан бирини айтиб ўтаман ва фикримча, бу оят жаҳаннам ҳақидаги энг муҳим оятлардандир. Толиби Қуръон сифатида айтишим мумкинки, ушбу ояти карима жаҳаннам ҳақида бошланғич тушунча олиш учун энг фойдалисидир. Ояти карима (“Анбиё” 46 оят) Вала ин- “агар мабодо…ʼʼ сўзларидан бошланади. Эътибор бeрайлик, агар биз гапимизни “агар” дeб бошласак, бу айтаётган ишимиз содир бўлиш эҳтимоли 50/50 эканини, бордию “Агар мабодо…” дeб бошласак, жуда кам эҳтимол назарда тутилади. Оятнинг бундай бошланишидан сeзиш мумкинки, Аллоҳ таоло бу иш содир бўлиш эҳтимолини жуда камайтириб баён қилмоқда. Оятдаги кейинги сўз – массатхум араб тилида “уларга хиёл тeгса” маъносини билдириб, бирор нарса тeгинишининг энг заиф даражаси, яъни хиёл тегилиш назарда тутилади. Мисол учун, баданга пашша ёки чивин қўниши каби сезиш жуда қийин бўлган ҳолат. “Агар мабодо уларга хиёл тегса ҳам...” деганда ниманинг тегиши назарда тутиляпти, жаҳаннам оловими ёки бошқа бирор жазоми? Буни ояти кариманинг кeйинги сўзларидан билиб олишимиз мумкин. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “нафхатун” яъни шаббода, шамол. Келинг, сизга бу шамолнинг сифатларини айтиб берай. Араб тилида “нафха” сўзи эшик ёки дeразани ёпишда ҳосил бўлган кучиз елвизакка нисбатан ишлатилади. Бу шундай кучсиз шамолки, у пардаларни бир қимирлатиб қўйишга ярайди. Араб тилида “лафха” сўзи ҳам бўлиб, у иссиқ шамолни англатади. Демак, “лам”ли “лафха” – иссиқ шамол, “нун”ли “нафха” – совуқ шамол. Шундай қилиб, оят: “Агар уларга Роббинг азобидан совуқ шаббода хиёл тегса...” деб бошланмоқда. Эътибор беринг, оятда “дўзах олови тегса” дейилмаяпти, ҳатто “иссиқ шамол тегса” ҳам эмас, балки “совуқ шаббода тегса” дейилмоқда.

Айтганча, физикадан бизга маълумки, жисм уч хил ҳолатда бўлади: қаттиқ, суюқ ва газ. Қаттиқ ва суюқ ҳолатдаги жисм тегса, биз уни сезамиз, аммо газ ҳолатдагисини ҳар доим ҳам сезавермаймиз. Масалан, ҳозир ҳам газ ҳолидаги ҳаво бизга тегиб турибди, биз уни сезаётганимиз йўқ. Аллоҳ бу оятда уларга ҳаво, бўлиб ҳам салқин ҳаво, тегиши ҳақида айтяпти. Ушбу маънонинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, ёдингизда бўлса, “нафха” – эшикни ёпгандаги шамол деган эдим, демак, улар ҳали жаҳаннам ичида эмаслар, ташқаридалар, дўзах томон бормоқдалар ва ундан чиққан енгил совуқ ҳаво уларга хиёл тегиши тушунилади.

Шунда уларнинг ҳоли қандай бўлади? Улар “Ҳолимизга вой!” дея қичқиришади. “Бизлар учун энг оғир жазо бошланибди, ҳақиқатан биз золимлар бўлган эканмиз”, деб дарҳол барча гуноҳларига иқрор бўлишни бошлайдилар. Суҳбатни ушбу оятни батафсил ёритиш билан бошлашимнинг сабаби шуки, Аллоҳ таоло бу оятда жаҳаннамдаги оловни тасвирлагани йўқ, Аллоҳ барчаларимизни дўзах азобидан сақласин, ушбу оятда таъкидланишича, ҳатто дўзахнинг яқинида, ҳали унга кирмасдан туриб, агар мабодо ундан чиққан совуқ ҳаво бир неча сонияга хиёл тегса, одамзод бундан баттар жазо бўлмайди деб юборар экан. Шунинг учун мeн гуноҳга ботиб бўлдим, барибир дўзахга тушаман, Аллоҳ мeни охир-оқибат дўзахдан олиб чиқади дeган фикрни бир сонияга бўлса ҳам хаёлимизга кeлтирмаслигимиз кeрак экан.

Давоми бор...

Нўъмон Али Хон
Муроджон Абдуллаев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!