Таҳлил

«Номзодликка номзодлар рўйхатини кўрамизми?»

987

Сайловлар ҳақида. Ижтимоий тармоқларда маҳаллий кенгашлар депутатларидан бирининг кейинги сайловларга номзоди қўйилмагани ҳақида пост жойлади. “Миллий тикланиш” партиясининг раиси ушбу постга раддия сифатида депутатликка номзодлар ҳали белгиланмагани, бунинг учун вақт борлиги ҳақида баёнот берди.

Биз сайловолди кампанияларида депутатликка номзодларни кўриб, танишиб, кейин уларга овоз беришга ўрганганмиз (лекин буни ҳам жуда бир эътиборсиз, тезроқ овоз бериш учун қиламиз). Яъни депутатликка номзодлардан бирига овоз беришимиз шарт, номзодлардан бирини танлай оламиз, лекин ўша номзодликка номзодлар ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

Бундан бир неча ой илгари бўлиб ўтган партия йиғилишида таклиф берган эдик, номзодликка номзодлар ҳам саралансин, партия аъзолари уларни танласин, танисин, номзодликка номзодлар ҳам ўзларини таништирсин, бундан аввал нима иш қилган, бундан кейин нима қилмоқчи, депутатликка сайланса ўз олдига қўйган устивор вазифалари (баландпарвоз гаплардан ташқари), хуллас, нега айнан уни номзодликка қўйиш керак, деган саволга жавоб олиш керак.

Эски одатларимиздан, тўғрироғи, партияларнинг синалган усули – сайловга яқин «машҳур»ларни партияга аъзо қилиш бошланади, кейин улар номзодликка қўйилади. Уларнинг салоҳияти, лаёқати, малака ва кўникмалари уларнинг машҳурлигида, деб билинади, худдики, Қонунчилик палатасига фақат тирик жон керак, зарур пайтда қўл кўтарса бас.

Жорий чақирувда фаол депутатлар кўзга ташланди. Бунга хурсанд бўлишга ҳам қўрқасан, кўз тегиб кейинги сайловларда уларни кўрмаслигинг мумкин. Номзодларни саралаш механизмини билмаганингдан кейин ҳар хил ўйга бораверасан киши. Балки партия аъзосига айланса одамнинг бу ишлардан хабари бўлар, лекин овоз бериш жараёнида партия аъзолиги талаб қилинмагани учун номзодликка номзодни ҳам халқ танлашга ҳақи бор деб ўйлаймиз. Сайловда сиз факт олдида турасиз, ҳеч бир номзод сизни қониқтирмаслиги мумкин, аммо бу масаланинг ечими эмас, биз барча номзодларни инкор қилмоқчи эмасмиз, бизга ҳақиқий депутатлар керак, шижоатли, журъатли, ўз фикрига эга, халқ дарди билан яшайдиган.

Тўғрисини айтганда, номзодларнинг қайси партиядан бўлиши ҳам аҳамиятли эмас, чунки аввалги мақолаларда айтиб ўтганимиздек, партияларнинг дастурларида ўзаро кесишадиган ва бир-бирига қарши бўлган бандлар йўқ, демак улар бир-бирини тўлдиради, холос, “Ўзбекистон” деган катта партия бор деб ҳисобласак ҳам бўлади. Жорий чақирувдаги депутатларни кузатсангиз, уларнинг партиявий мансублиги ҳеч қандай маъно касб этмаганига амин бўласиз. Ҳатто уларнинг Олий Мажлис ё маҳаллий кенгаш депутатилиги ҳам одамлар кўз ўнгида “ҳақиқий депутат”лиги орқасига яширингандек.

Ҳуқуқий-демократик давлат, демак, халқ давлат бошқарувида иштирок этади, билвосита, ўзи сайлаган вакиллари орқали. Халқ вакиллари деб номланаркан, вакилликка номзодларни ҳам сайловчилар билиши керак, жиллақурса улар қандай танланишини. АҚШдаги президентлик сайловларида, агар эътибор берган бўлсангиз, номзодлар аввало номзодлик учун курашадилар. Ички сайловларда ғолиб чиққанлар катта сайловга, бошқа партия вакиллари билан курашга киришади. Балки бу эталондир, лекин ҳеч кимдан кам бўлмаган давлат сифатида бу механизмни қўлласак қаршилик бўлмаса керак.

Партиялардан номзодликка номзодлар рўйхатини кутиб қоламиз, керак бўлса дебатлар ташкил қилинсин, катта доираларда манфаатлар ҳимоясига чоғланишдан аввал кичик дебатларда ғалаба қозониб, чиниқиш келажакда яхши натижаларга олиб келади.

Ғайратхўжа Сайдалиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Номзодингиз соқов эмасми?! (Сиёсий партиялар раҳбарларига очиқ хат)

776 11:00 14.11.2019

Афғонистонда президент сайлови натижасини эълон қилиш яна кечиктирилди

182 16:41 13.11.2019

Партия етакчиси бош вазир бўлолмайдими?

583 15:08 01.11.2019

Бизга яна битта партия керак(ми?)

800 18:30 12.10.2019

«Президентдан ташаббус чиқмагунча ишламайдиган парламентга кунимиз қолмасин»

984 10:07 09.10.2019

Фаластинда 2006 йилдан бери илк бор сайлов ўтказилади

255 14:35 08.10.2019
« Орқага