Норвегиялик сураткаш: «Ироққа саёҳат қандай бўларкин?»

00:02 12.07.2019 2892

Саёҳатга чиқаётган одам боришни ният қилган мамлакатлар орасида Ироқ давлати ҳам бўлиши эҳтимолдан анча йироқ. Ўрта шарқнинг энг қадимий давлатларидан бири бўлган ушбу ўлка кўп йиллар давомида можаро ва тартибсизлик ўчоғи сифатида “машҳур”. Шу боис тасаввурдаги Бағдод кўчаларини айланиб, саёҳатдан эсдалик суратлари билан қайтиш ҳар қандай сайёҳ учун сафсатадек туюлади.

Лекин норвегиялик сураткаш Кристиан Линдгрен айни шу ишни қилди – Ироққа ноодатий саёҳат учун бориб, мамлакатнинг тарихий диққатга сазовор масканларини айланди, маҳаллий ахоли билан учрашиб, ажойиб таомлардан татиб кўрди.

Линдгрен бошидан кечирганларини суратларга муҳрлади ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ҳамда шахсий вебсайтида кенг омма эътиборига ҳавола қилди. Таъкидлаш лозимки, Линдгрен олган суратларни кўрган кишининг Ироқ ҳақидаги тасаввурлари яхши томонга ўзгаришига умид қилмоқда.  

СNN Travel’га берган интервюсида Кристиан Линдгрен шундай дейди: “Суратлардан мамлакат сўнгги йилларда ривожланиш томон юз бурганини, шунга монанд сиёсат олиб бораётганини кўриш мумкин. Шу кунларда ҳолат аста-секинлик билан ўз изига тушиб бормоқда, аммо, афсуски, ОАВ мамлакатнинг фақат ёмон тарафлари ҳақида маълумот беришга ўрганиб қолишган. Ваҳоланки, Ироқда бир неча йиллик талотўплардан сўнг ривожланишнинг илк белгилари намоён бўла бошлаган”.

Мураккаб Жараён

Албатта, бу Бағдодга кетадиган самалётга осонликча сакраб чиқишдек, яхшиликка умид қилиш дегани эмас.

Кўплаб давлатлардан келувчи  сайёҳлар визага ҳужжат топширишлари талаб қилинади ва бу мураккаб жараён ҳисобланади. Лекин Линдгрен узоқ йиллик саёҳатлари давомида бундай буйруқбозликка кўникиб кетган. Ироқ эса у саёҳат қилган ноодатий давлатлардан бири ҳолос.

Дори-дармон ишчиси барча бўш вақтини йўлда ўтказади.

“Сайёҳлар орасида машҳур бўлмаган жойларга боришга мойилман. Дунёда машҳур сайёҳларга тўлиб тошган жойларда бўлганман, лекин оломон кўп, дилхираликлар бисёр бўлган, доимий навбатларга вақт сарфлаш ва ўзларидан кейин ҳамма ерни чиқиндиларга тўлдириб ташлайдиган инсонларни кўришдан безор бўлганман.”

Басра ва Бағдод орасида Линдгрен мана шу поэзддан фойдаланди

Линдгрен бир қанча вақтини Сурияда ўтказгандан сўнг Шимолий Корея бўйлаб саёҳат қилган – ва саёҳатнинг барчасини онлайн равишда ёзиб олган. Унинг Unusual Traveler веб-сайти ана шундай “дунё харитасидан ташқарида”ги давлатлар бўйлаб саёҳат қилиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар бериб боришга ихтисослашган.

Ироқ унинг рўйхатидаги саёҳат қилиниши шарт бўлган давлатлар қаторида турган, лекин Линдгреннинг таъкидлашича, бундай масканларга бориш сўнгги дақиқаларда барча режаларни ўзгартиришга тайёр туришни англатади.

“Ироқ атрофини ўраб турган барча давлатларда бўлганман, шунинг учун тарихни анча яхши биламан ва у боришни истардим, аммо ҳолат ҳозиргидек етарлича яхши эмас эди.”

Мустансирия Мадрасаси

Визага эга бўлиш учун бир неча босқични амалга ошириш лозим.

“Айни дамда дунё бўйлаб қўлга киритишингиз энг қийин бўлган сайёҳ визаси мана шуниси бўлса керак” дейди Линдгрен.

Сураткашнинг тушунтиришича ҳужжатларингизни Бағдоддаги Ташқи ишлар вазирлигига бориб топшириш учун маҳаллий ахоли орасида жуда яқин танишингиз бўлиши керак.

“Кейин сизни келиб чиқишингиз обдон ўрганилади ва агар ташриф буюришга арзирли сабабингиз бўлса, виза тасдиқланишига уч ойдан тўрт ойгача вақт кетади.”

Линдгреннинг Норвегиядаги баъзи ироқлиқ қочқин дўстлари унга бу ишларда йўл кўрсатишган. Шунингдек, couch-surfing веб-сайти орқали танишган ироқликлар дўстлари ҳам кўмаклашди.

Линдгреннинг айтишича Бағдодда бундай қуролланган машиналар кўплаб учрайди

Ироқ бўйлаб

Бироқ энг ёмони Линдгрен Ироқдалигида унга бирорта танишининг уйида тунашига рухсат берилмади.

“Сиз Ироқда экансиз, давлат рўйхатидан ўтган гид-таржимон барча вақт ҳамрохингиз бўлиши талаб қилинади. Шаҳар ичида ўзингиз саёҳат қилишингиз мумкин, лекин бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ўтганингизда гид-таржимон ҳам сиз билан бирга бўлиши, шунингдек расмий меҳмонхоналарда туришингиз шарт. Бу қатъий қоида.”

Шундай экан бу тартибда ҳаракатланиш сураткашнинг расмга олиш имкониятларига қанчалик таъсир қилди? Ҳайратланарлиси, унинг айтишича ҳеч қандай.

“Ироқдалигимда расмга олишда менга хеч қандай чеклов қўйилмади, на ҳарбийларни суратга олишда ва на тарихий ёдгорликларни”.

Унинг айтишича, ироқликлар расмга тушишдан мамнун бўлишган, хатто ҳарбийлар бу ишга анча қизиқиш билдиришган.

“Саммарада бир ҳарбийни суратга туширдим, у расмга тушаётганини билиб, чиройли ҳолатда туриб берди, очиғи умуман кутмаган эдим. Бу дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлардан бири.”

Саммарадаги Жомеъ Масжиди яқинида суратга олинган

Кишилар Линдгренни очиқ чеҳра билан кутиб олишган бўлсада, айни пайтда ўзлари ҳам ҳайратда эдилар.

“Ҳамма ҳайрон эди, хатто аэропорт иммиграция ходимаси сайёҳ визасини кўрганидан ажабланганди,” деб эслайди. “Худди ҳаётида бешинчи, олтинчи сайёҳни кўргандек эди.”

Линдгреннинг айтишича Ироқдаги ҳақиқий ҳаёт у тасаввур қилгандан тубдан фарқ қилар эди.

Энг кутилмаган ҳолат нима?

“Бу даражада эркин деб ўйламагандим. Ўйлагандимки... ҳамма ерда назорат пунктлари, ҳар бир кўча бурчагида қуролланган ҳарбийлар – лекин ҳаёт давом этяпти. Барча ресторанлар, қаҳвахоналар одамлар билан тўлиб тошган,” дейди Линдгрен.

“Хаттоки Бағдод кўчаларида кеч бўлган маҳалда одамлар жуда дўстона муносабат ва илтифот билан баъзилари чойга яна баъзилари эса кеч овқатга таклиф қилишарди”.

Линдгреннинг фотосуратлари Бағдодни жонли, тарихий ва маданиятга бой қилиб тасвирлайди.

У қайта қурилган Бағдод ҳайвонот боғи ичидаги Ал-Эавраъ Дрим Паркидаги Феррис чархпалагини ҳам суратга туширган. Шунингдек, суратларда қизиб турган Бағдод бозорлари, чойхоналарда ҳаво алмаштириш ва дилдан суҳбатлашиш учун тўпланган маҳаллий ахолини кўриш мумкин.

Мен борадиган жойларда ерлик аҳоли доим менга: “Бу жойдан узоқроқ юр, бу жой ҳавфсиз эмас” дея огоҳлантиришарди. Ироқда ҳам шундай бўлди. Лекин умуман олганда — бутун Ироқ бўйлаб сафарим давомида ҳавфсизлигим ҳақида умуман қайғурмадим. Умуман ҳаётимни ҳафв остида сезмадим.”

Ал-Завраъ Дрим Паркидаги Феррис чархпалаги

Сураткаш Ироқдаги сўнгги Форс пойтахти қадимий Тисфун шаҳрига ҳам борди. Шунингдек, Ироқнинг жанубида 2014 йили очилган Басра ва Бағдод йўналишидаги поездга ҳам чиқди.

Линдгреннинг тан олишича эркак киши сифатида Ироқ бўйлаб саёҳат қилиш нисбатан қулай. “Ҳаракатланишингиз осонроқ, қийинчиликларга дуч келмайсиз” дейди. Лекин у Ироққа саёҳатида иккита аёл ўртоқлари билан саёҳат ҳамроҳ бўлгани ва улар ҳам хеч қандай муаммога дуч келмаганини айтади.

Ортиқ уруш эмас

Кўплаб давлатлар фуқароларини Ироққа боришдан қайтаришади. 2003 йилда АҚШ бошчилигида қилинган босқинчилик Саддам Ҳусайннинг ҳукуматдан ағдарилишига, сўнгра мамлакат зўравонликка қарши курашиб, 2014-2017 йилларда ИШИДга қарши кескин тус олган фуқаролар урушига уланиб кетди.

АҚШ давлат департаменти Ироқда терроризм, одам ўғирлаш ва қуролли тўқнашувлар хавфидан огохлантиради.

Бу масканга саёҳат қилишни хоҳлаганлар учун биринчи маслаҳат — вазиятни обдон ўрганиш.

“Хавфсизлик борасида вазиятни яхшилаб ўқиб-ўрганиш керак – ва боришдан олдин кўплаб ерлик ахоли билан суҳбатлашишингиз шарт, чунки ОАВ ҳолатни ўта хафвли деб ёритаётган бўлса ҳам – асл вазиятни фақат ерлик ахолигина билади.”

Линдгрен суратлари ижтимоий тармоқларда, жумладан Ироқда ҳам, машҳур бўлаётганидан мамнун.

Ироқ марказидаги “Ироқ маданиятини асра” ёдгорлиги

“Кўплаб Ироқ телеканаллари суратлардан фойдаланиб мамлакатга сайёҳлар келаётганини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда” дейди у.

Линдгрен унинг Инстаграмдаги ёки блогидаги суратларини кўрган ғарбликлар фақат уруш билан боғлаган давлатлари ҳақида бошқа тушунчага эга бўлишларига умид қилмоқда. 

Исломиддин Сирожиддинов таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!