Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Олтинчи қисм)

1136

(Давоми, боши бу ерда)

Аллоҳга маҳбуб нарса мен учун ҳам маҳбубдир!

Абу Али Розий айтади: «Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ билан ўттиз йил бирга бўлдим. Доимо хомуш юрар, бирон бора кулгани ёки табассум қилганини кўрмадим.

Ўғли Али вафот қилган куни кулгани ва табассум билан юрганини кўриб, бу ҳақида сўрадим. Шунда у зот:

- Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бир иш маҳбуб бўлди. Мен ҳам Аллоҳга маҳбуб бўлган ишни яхши кўрдим, - деди».

Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдандир! Бу ақидамизнинг ажралмас қисмидир.

Аллоҳ таолонинг беҳикмат ва манфаатсиз иши бўлмайди.

Кўра олсак бас!

Неъмат - шукри билан неъматдир!

«Дарҳақиқат, неъмат қачонки уни Аллоҳ таоло чиройли тасарруф қилишга муваффақ қилсагина бандага икром бўлар.

Неъматнинг ҳаққи - ҳар қандай ҳолатда ҳам унга шукр қилиш ва у неъматни сенга ризқ қилиб берган Зотдан машғул бўлиб қолмаслик билан бўлади».

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ.

Ҳар бир ризқда аслий неъмат бор. Яхшиликда хайрият имкони, мусибатда эса маъсиятдан ҳазирлик бор.

Неъматларга бурканиб, кенгчилик денгизида қулоч ёзиб сузаётган бўлсанг, ҳаволаниб кетма.

Бу – неъмат берувчи Зотни сени икром қилаётгани эмас. Асло ундай эмас. Агар сен ўша неъматларни фақатгина хайрли амалларга сарф қила олаётган бўлсанг – манфаатли икром.

Агар, неъматлар бисёрлиги сени гуноҳ – маъсиятлар кемасида, роҳат - фароғат дарёсида сузишга етказаётган бўлса –  хузлондир.

Унутма - ҳали олдинда ҳар бир  неъматдан сўралиш бор!

Инсонга барча керакли неъмат ато қилинган

Шайх Шаъровий «Ақийдатул муслим» китобида айтади:  «Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шукрни икки калимага жо қилди «Алҳамду лиллаҳ». Тажжубланарлиси шуки, бирон кимсага сенга берган нарсаси учун шукр этмоқчи бўлиб соатлаб шукру сано айтсанг ҳам, кўпинча у сендан бутунлай рози бўлмайди. Лекин, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло эса барча нарсага қодирлиги ва  улуғворлиги ила икки калима ила «Алҳамду лиллаҳ» дея шукр қилинса кифояланади.

Аллоҳ таоло бандаларига неъматларини ҳисобсиз ато этади ва барча махлуқотларини  неъматлайди ва икки калима бўлмиш «Алҳамду лиллаҳ» билан кифояланади. Аллоҳ китобида «Фотиҳа» сурасининг «Алҳамдулиллаҳ» дея бошланиши, ҳамда, «Юнус» сурасининг 10-оятининг «Охирги дуолари эса: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин»дир», дея тугалланиши ҳам бунга етарли далилдир.

Аллоҳ таоло банданинг тилига шукр калимасини келтиришидан аввал, унга ҳамд айтишни лозим қиладиган неъматга сазовор этиб қўяди. Биринчи инсон бўлмиш Одам  алайҳиссалом «Бўл» калимаси ила яратилмасидан аввал унга хизмат қилувчи осмону ер ва барча махлуқотлар яратилиб бўлган эди. Шунингдек инсон ҳаётга келган онларида барча керакли ашёлар ва сабаблар унинг учун тайёр бўлади. Буларнинг барчаси эса Аллоҳ таоло неъмат берувчи Зот экани ва унга доимо шукрда бўлиш лозимлигни тақозо этади». 

«Албатта, Аллоҳ одамларга фазл қилувчидир. Лекин кўп одамлар шукр қилмаслар».

(Бақара, 243).

Аллоҳ ҳамд Эгасидир!

«Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ато қилган неъматлари Унга ҳамд айтишни вожиб қилади.

Ва У Зотнинг атони ман қилиши ҳам Унга ҳамд айтишни вожиб қилади!».

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ.

Банда ўзига не фойда-ю не зарарлигини, унга нимадан манфаат етиб, нимадан мусибат етишини ҳам билолмайди.              

Аллоҳ таолонинг ҳодисотларида улуғ ҳикматлар яширинган бўлади!

Тирикдан ўликни ва ўликдан тирикни чиқаргувчи Зотнинг  атоси-ю, атони ман қилиши ҳам ҳикматдан холи бўлмайди.

Биз бандалар зоҳиран кўриб хулоса қиламиз ва кўпинча бир оз муддатдан сўнг бизга неъмат бўлиб кўринган нарсанинг мусибатлиги, неъматдан айрилиш бўлиб кўрингани эса асли неъматлигини билиб оламиз.

Бирон неъмат етганда ва ўша неъматдан айрилиқ ҳосил бўлганда ҳам алҳамдулиллааҳ!

Роббимиз Сенинг ҳар бир берган неъматинг атоси ва у неъматнинг ман қилишинг учун Ўзингга муносиб ҳамдлар бўлсин!

Ҳаммол ҳам билимлироқ

«Бир куни елкасига оғир юк ортиб олиб, қайта қайта «Алҳамдулиллоҳ,  астағфируллоҳ», деб айтаётган ҳаммолни кўрдим. Юкини ерга қўйишини пойлаб турдим-да сўнгра унга:

- Бундан-да яхшироқ нарсаларни  ҳам айта оласанми?, - дедим.

У:

- Албатта, Аллоҳнинг китобида ўқиганим, кўплаб яхши нарсаларни айта оламан.

Лекин, банда ҳар доим неъмат ва гуноҳ ўртасида бўлади. Роббимга барча берган неъматлари учун ҳамд айтаман. Гуноҳларим учун эса, тавба, истиғфор қиламан, - деди.

Мен:

- Бакрдан кўра ҳаммол ҳам фақиҳроқ, билимдонроқдир,- дедим.

Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний раҳимаҳуллоҳ.

Аллоҳ таоло кимга хайриятларни  ирода қилса унга ҳамду  истиғфорни насиб қилади.

У кимса одамлар билан эмас, Робби билан машғул бўлади.

Халқ маломати билан эмас, Холиқ муҳаббати ила яшайди.

Халойиқ азиятларидан нафрат эмас, Ҳақ таоло иродасидан завқ туйиб кун кечиради.

Доимо Аллоҳ таоло зикри, Унга истиғфор ва У Зотга ҳамдлар айтиш ила ҳаётини саодатли қилади.

(давоми бор).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ношукрлик  —  неъмат  заволи (Еттинчи қисм)

1390 21:00 28.07.2020

Ношукрлик  -  неъмат  заволи (Бешинчи қисм)

1184 16:23 24.07.2020

Ношукрлик — неъмат заволи (Тўртинчи қисм)

1121 16:30 23.07.2020

Ношукрлик — неъмат  заволи (Учинчи қисм)

1435 14:12 22.07.2020

Ношукрлик - неъмат заволи (Иккинчи қисм)

1468 20:08 21.07.2020
« Орқага