Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Тарих

Нўғайларга пир бўлган эшон ёки Тошкентнинг яна бир қабристони тарихи

1263

Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг Ал-Хоразмий майдонидан ўтар экансиз икки йўл ўртасида жойлашган қадимий “Нўғайқўрғон” қабристони ва унинг ўртасидан жой олган “Хайробод эшон” тарихий меъморчилик мажмуасига кўзингиз тушади. 

Нега бу жой Нўғайқўрғон деб аталган-у, Хайробод эшон ким бўлган?

Бугун кўпчилик учун номаълум бўлиб келган мазкур жой, у ердаги масжид ва мақбара ҳақида ҳикоя қиламиз.

Бу зиёратгоҳни ўрганиш жараёнида ҳозирги кунда яшаётган эшон Хароботий авлодларидан бўлган Раҳмонберди ота Абдумавлон ўғли бизга ушбу зиёратгоҳ тарихини батафсил сўзлаб берди. Раҳмонберди отанинг сўзларига кўра Абдулқаййум Хароботий XVI асрнинг иккинчи ярми ва XVII асрнинг бошларида Тошкентда яшаган бўлиб, унинг ўзи ва ўғли Муҳаммад Исо ҳақидаги маълумотлар ўша даврда тузилган вақф ҳужжатида сақланиб қолган. Ҳозирги пайтда Раҳмонберди отанинг қўлида сақланиб келинаётган вақф ҳужжати бўйича, Абдулқаййум Хароботий (ҳужжат 1045 ҳижрий - 1635 милодий йили тузилган ва бу пайтда эшон Хароботий вафот этган) XVI асрнинг охири - XVII асрнинг бошларида ҳозирги Чилонзор туманидаги “Хайробод” маҳалласи  ҳудудида таваллуд топган. 

Абдулқаййум Хароботий тарихи тўғрисида тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний ва тарих фанлари номзоди Мавжуда Раззоқова мавлоно Хароботийнинг «Куллиёт» асарни ўрганиш жараёнида бир қатор қизиқарли маълумотларни бериб ўтган. Бу олимлар биз суҳбатлашган Раҳмонберди ота Абдумавлон ўғлининг амакилари Абдуваҳоб махсумнинг (1883-1979) ўғиллари Абдувосиқ ҳожи ота билан суҳбат қурган ва қуйидаги маълумотларни олишган.

Унга кўра Абдулқайюм Хароботий жуда барвақт савод чиқарган. Тошкентнииг илм-маърифат ва диний камолот устуни бўлган. “Кўкалдош” мадрасасида таҳсил олган. Мадраса таҳсилидан сўнг мударрис мақомига эришгач, ўзи ҳам мадрасада устозлик қилган. Бир неча йил шу мадрасада истиқомат қилгандан сўнг, муборак фарзларини адо этиш мақсадида ҳаж сафарига отланган. Макка ва Мадинани зиёрат этиб, ҳаж амалларини адо этгач, Миср мамлакатига йўл олган. У ерда диний-маданий маскани дея эътироф этиладиган Ал-Азҳар дорулфунунида диний ва дунёвий илмлардан таҳсил олган.

Дорулфунун толибларидан бирига айланган Абдулқайюм Хароботий ўз мақсадига эришганини англагач, 25 йилдан сўнг юртига қайтишга қарор қилади. Тошкентга келиб, яқин ёронлар билан дийдор кўришади. Бир қанча муддат шу ердаги турли мадрасаларда устозлик қилади. Кейинроқ  Қозон шаҳри томон сафарга чиқади. Татар олимлари Хароботийнинг катта илм соҳиби эканини кўриб, уни шаҳардаги Жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинлайдилар. У зот Қозонда ҳам 10 йил мобайнида истиқомат қилиб, ўз илмини тарқатган.

Сўнг Абдулқайюм Хароботий яна ўзи туғилиб ўсган юрти Тошкентга қайтади. Бу сафарда у зот билан бирга шогирди Саркорбойвачча бошчилигида элликдан зиёд оила устозга нисбатан бўлган муҳаббат ва ҳурмати туфайли, устоз билан бир жойда бўлишни шараф деб билиб, Тошкентга келиб жойлашадилар.

Раҳмонберди отанинг айтишича оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, эшон Хароботийни Тошкент ҳокимининг шахсан ўзи кутиб олиб, эшонга Тошкентнинг ихтиёрий жойини макон қилиб, ўша ерни тасарруф этиши мумкинлигини ҳурмат изҳори сифатида айтиб ўтади. Эшон танлаган жойга у билан бирга Қозондан келган нўғай оилалари ҳам қўним топади. Ҳали эшон тириклик вақтидаёқ шаҳарда ягона бўлган Қозон усулидаги масжид, сағана ва бир неча хонали хонақоҳ қурилади. Бунинг учун Қозон шаҳридан ғишт ва бошқа бинокорлик жиҳозлари келтирилиб, Қозондан махсус усталар чақиртирилади. Шу тариқа эшон Хароботий мажмуаси ташкил топади. Бу мажмуа ҳозиргача сақланиб, Тошкент шаҳридаги “Хайробод эшон” зиёратгоҳига айлантирилган. Бу жой Нўғайқўрғон деб ҳам аталади.

Адиб ва олим Маҳмуд Ҳасаний Хароботий сўзи ҳақида шундай ёзади:

“Ўзбекистонда Хароботий ижодига мурожаат қилиш 2005 йилдан бошланди. Маълумки, тасаввуфда суҳравардия, кубравия, қодирия, яссавия, чиштия, нақшбандия каби тариқатлар ва уларнинг кўплаб оқимлари бўлган. Хароботия ҳам тасаввуфдаги оқимлардан бири бўлиб, унинг йўли ва услуби ғоят оғирлигидан тарафдорлари кам бўлган. Харобот сўзининг таркибига келадиган бўлсак, хароб сўзи харобликни, от эса араб тилидаги кўплик шаклини билдиради. Демак, харобот атамаси харобалар маъносидадир. Истилоҳий маъноси эса “Бурҳони қотиъ” луғатида шаробхона ва бўзахона маъноларини ифодалайди. “Ғиёс ул-луғат”да ҳам майхонани билдиради, дейилган.Аллоҳ ишқида маст бўлиб, Аллоҳдан ўзгани ўйламайдиган сўфийлар ўзларини хароботий деб билганлар. Абдуқайюм эшон хароботия оқимининг ашаддий тарғиботчиси бўлиб, Хароботий лақабини олса-да, вақт ўтиши билан унинг ҳаётида нақшбандия тариқати устунлик қилган. Аввалига у касб билан шуғулланмаслик, ободончиликка интилишдан воз кечишга чақирган бўлса, кейинчалик илмга интилиш, бирон касбнинг бошини тутиш, қариндошларга меҳрибонлик қилиш, олимларни ҳурматлаш, илмнинг фазилати, ҳозиқ табибнинг хислати, хайру эҳсоннинг фазилатини улуғлаш каби нақшбандия тариқати қоидалари унинг ижодида акс эта бошлайди”. 

Тарихий манбаларга кўра меъморий ёдгорлик уста Қорахўжа раҳбарлигида бунёд этилгани ҳам таъкидланган. Ушбу мажмуа шарққа қаратиб ёнма-ён қурилган, томи гумбазлар билан ёпилган бўлиб мажмуа масжид, мақбара, ҳовузли ҳовлидан иборат бўлган. Аммо ҳозирда ҳовуз сақланиб қолмаган. Мақбара безаксиз, пишиқ ғиштдан ганч қоришмасида барпо этилган. Масжид тўртбурчак хонали олди ва шимол томонидан устунли айвонлар билан туташган. Масжиднинг ички деворларига тахмонлар ва одам бўйи баландлигида гир айлана токчалар ишланган.  Айвонлар томи текис, тоқили шифти бир неча бўлакларга бўлиниб, ислимий нақшлар билан турли рангларда жозибадор безатилган ва 20-асрда таъмирланган. Ушбу зиёратгоҳ ўртасида Абдулқаййум Хароботийнинг мақбараси жойлашган бўлиб унинг олдида яна бир қабр бор, бу қабр Абдулқаййум Хароботийнинг ўғли  Муҳаммад Исо ёки шогирди Саркорбойваччанинг қабри бўлиши мумкин. Бу ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Мақбара атрофида кўплаб қабрлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ўша даврда яшаган маҳаллий аҳолининг қабрларидир. Охирги марҳум 1964 йил қўйилган. Ундан сўнг қабристон ёпиқ қабристон деб атала бошланган. Қабристонда барча қабрлар ер билан бир текис ҳолатга келиб қолган ҳамда қабр тошлари ҳам бир хил. Бу қабр тошларида фақат марҳумнинг исми шарифи ва отасининг исми, туғилган ҳамда вафот этган йили ёзилган. Бошқа ортиқча сўзлар йўқ. Ҳатто Абдулқаййум Хароботийнинг қабрига ҳам қабр тоши қўйилмаган. Фақат бу қабр у зотга тегишли эканлигини Абдумавлон ўғли Раҳмонберди отанинг қўлидаги вақф ҳужжати орқали билиш  мумкин.

“Ўзи асли бу қабристон олдин анча катта бўлган. Қабристон атрофида толиби илмларни ўқитадиган мадраса ҳам бўлиб 1964 йилда бу мадраса ва маҳаллалар бузилиб кўп қаватли уйлар қурила бошлаган. Бу даврда Хароботий авлодлари ҳам бошқа жойга кўчирилган. Шу даврда бизнинг оталаримиз янги иморат қуриш билан овора бўлиб турган бир вақтда шаҳар ҳокимияти қабристоннинг кўп қисмини бузишган. Бундан хабар топган отам ва бошқа Хароботий авлодлари Шароф Рашидовга мурожаат қилишган ҳамда ҳозиргача сақланиб келинаётган жойни асраб қолишган. Бу жойлар  бобокалонимиз Абдулқаййум Хароботийга шу вақтларда Тошкент ҳокими томонидан вақф қилиб берилган. Тошкент ҳокими Абдулқаййум Хароботийга бу жой билан биргаликда тирикчилик қилиши учун кўплаб сувли ерлар ҳам ажратган. Абдулқаййум Хароботий ва у зотнинг авлодлари шогирдларга илм ўргатиш билан бир қаторда деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланишган. Шу сабабли бу Нўғайқўрғон маҳалласидан доимо жуда кўп диний уламолар, олимлар, қорилар етишиб чиққан. Бу ерда етишган зиёлилар илм-маърифат тарқатувчи илғор қатлам ҳисобланган. Дин пешволари ислом арконларини англашда, ахлоқ ва маънавий ҳаётда раиятга ўрнак бўлган. Жумладан, қорилардан Эшон бобо қори, Усмон қори, Али қори, Тилла қори, Дали қори, Ҳабиб қори, Абдувоҳид қори, Аъзам қори каби муҳтарам зотлар ушбу маҳалладан чиққан.

Айни дамда сақланиб қолган масжид 1964 йилгача жоме масжиди сифатида фаолият юритган. Ҳозирги кунда фақат нафл намозлари ва намоз вақти кирганда мусофирлар кириб намоз ўқишига рухсат берилган”, - дейди Раҳмонберди ота Абдумавлон ўғли.

Бу авлод вакиллари ичида мавлоно Хароботий деган шоир ҳам яшаб ўтган. У зотнинг яшаган даври ХVII-ХVIII асрга тўғри келади. Ҳозирда зиёратгоҳ ҳовлисига кираверишда мавлоно Хароботий қаламига мансуб мисралар битилган. 

У “Рисолаи фақрийя”да хожагонлар тариқати ва нақшбандиянинг қоидаларидан ҳисобланган “Назар дар қадам”, “Сафар дар ватан”, “Хилват дар анжуман” каби тамойилларга амал қилишга чақиради.

...Унинг бизгача етиб келган “Куллиёт”, “Маснавийи Хароботий” ва “Рисолаи фақрийя” асарларида шариатнинг фиқҳга оид масалалари, тасаввуфнинг асосий қоидалари, одоб-ахлоқ ҳамда ҳаётга нисбатан бўлган фалсафий муносабатлари маснавий усулида баён этилган ва комил инсонни тарбиялаш йўлида хизмат қилган.

Соҳиби тасниф эрди хуш зоти,

Ҳақға маълумдур анинг оти,

Айни дамда ушбу зиёратгоҳ Абдулқаййум Хароботий авлодлари томонидан назорат қилиб турилади. Зиёратгоҳ давлат тасарруфига ўтказилган. Лекин мақбара ва масжид жуда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Бу ерга зиёратчилар оқимини кўпайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида, мажмуа таъмирини Туризм ва спорт вазирлиги ўз назоратига олса яхши бўларди.

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бухоронинг айрим обидалари Ислом олами мероси рўйхатига киритилди

481 08:50 17.07.2021

Бағдоддаги Имоми Аъзамнинг мақбарасини бузиш рад этилди

1504 09:05 14.06.2021

Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбарасини ободонлаштириш учун сарфланадиган маблағни Ўзбекистон қоплаб беради

657 19:10 07.06.2021

Шавкат Мирзиёев Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди

785 14:21 02.06.2021

Ҳиротдаги Навоий мақбараси таъмирланади

695 12:35 01.06.2021
« Орқага