Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми учун қилган дуоси

23:00 17.05.2019 963

Ривоятларда бундай дейилади: Нуҳ алайҳиссалом қавмини салкам минг йилга яқин Аллоҳга иймон келтиришга чақирди. Шунда ҳам унинг қавми иймон келтирмади. Санамларга ибодат қилишни тарк қилмади ва Аллоҳга қайтмади. Энди қачонгача Нуҳ алайҳиссалом уларни кутсин? Қачонгача инсонларни Аллоҳнинг ризқини еб, ўзгаларга ибодат қилишларини кўрсин? Нима учун Набийнинг ғазаби келмасин? У шундай сабр қилдики, унингдек ҳали ҳеч ким сабр қилмаган!

Шунда Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилди: “Қавмингдан фақат аввалдан иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди” ("Ҳуд" сураси, 36-оят).

Нуҳ алайҳиссалом қавмини иккинчи бор яна ҳидоятга чақирганларида улар: “Эй Нуҳ, мана биз билан кўп баҳсу мужодала қилдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилинаётган нарсангни (яъни, азобни) келтир-чи” ("Ҳуд" сураси, 32 оят), дейишди.

Нуҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳ учун ғазаби келиб, улардан умидини узгач шундай деди: “Ё Аллоҳ, ер юзида бирон-бир кофирни қолдирмагин!”.

Аллоҳ таоло ўз расулининг дуосини қабул қилиб, саркаш қавмни ғарқ қилишни истади. Шунингдек, Аллоҳ Нуҳ алайҳиссалом ва мўминларга нажот беришни хоҳлади ва шунинг учун расулига катта кема ясаш буюрилди. Нуҳ алайҳиссалом катта кема ясашни бошладилар.Ҳазрати Нуҳни бу иш билан машғул бўлганини кўрган қавми ўзларига эрмак топиб, уни масхара қилишди ва: Нима бу, эй Нуҳ? Қачондан бери дурадгор бўлиб қолдинг? Биз сенга анави тагипастлар билан ўтирма демаганмидик? Лекин сен бизнинг сўзимизга қулоқ солмадинг. Оқибатда эса ўша дурадгор ва темирчилар билан ўтириб, ўзинг ҳам дурадгорга айланибсан! Эй Нуҳ, бу кема қаерга юради? Бу ишингни барчаси ажойибдир. Бу кеманг қумда юрадими ёки тоққа кўтариладими? Денгиз бу ердан жуда узоқдир. Нима уни жинлар кўтариб олиб борадиларми ёки буқалар судрайдиларми?

Нуҳ алайҳиссалом буларнинг барчасини эшитиб, сабр қиларди, ахир  бундан баттарларини ҳам эшитиб сабр қилгандику! Лекин у аҳён-аҳёнда: “Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулурмиз” ("Ҳуд" сураси, 38 оят), дерди.

Тўфон

Аллоҳнинг ваъдаси келди. Аллоҳ ўзи асрасин. Осмондан ёмғир қуйила бошлади. Ҳатто ҳеч осмон ўзида қандай сувни қолдирмасдан барчасини элаклангандай бўлди. Ердан шундай сув чиқиб оқдики, ҳатто одамларни барча тарафларидан ўраб олди.

Аллоҳ таолодан Нуҳ алайҳиссаломга: “Ўзинг билан қавмингдан ва оилангдан иймон келтирганларни ол”, деб ваҳий келди. Шунингдек, Набийга ҳар бир ҳайвон ва қушлардан жуфт-жуфт олиши амр этилди.

Чунки тўфон умумий бўлиб ундан на инсон ва на ҳайвон омон қолмасди. Нуҳ алайҳиссалом шундай қилдилар ва у зот билан қавмидан иймон келтирганларгина қолдилар ва ҳар бир ҳайвон ва қушлардан бир жуфти билан солди.

Кема тўлқинда худди тоғ каби юрар, саркаш қавм  эса саросимада барча баланд ерларга кўтарилар ва барча қирларга Аллоҳнинг азобидан қочардилар. Ҳолбуки, Аллоҳнинг азобидан қочадиган, Ўзининг ҳузуридан бошқа паноҳ йўқ эди.

«Қуръон қиссалари» китоби асосида Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!