Илм

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (1-қисм)

2419

Ушбу хутбанинг пайдо бўлишига кўпгина ота-оналар билан қилган суҳбатларим туртки бўлди. Мен Қўшма Штатлардаги мусулмон жамоалари билан, Европадаги, мусулмон мамлакатларидаги, Араб мамлакатларидаги, қолаверса, Шри Ланка ва Малайзия каби мамлакатлардаги мусулмон жамоалари билан шундай суҳбатлар қурганман. Улар бир оз фарқ қилса-да, лекин маъно жиҳатдан бир хил. Мен ушбу хутбани ўзим учун ҳам эслатма деб биламан. Чунки мен ҳам отаман.

Мен ушбу хутбада ўзим учун ҳам бошқалар учун ҳам Аллоҳ очиқ ойдин қилиб қўйган ҳақиқатларни яна бир бор эслатмоқчиман. Ушбу ҳақиқатлар жуда мураккаб бўлса-да, бироқ очиқ ойдин. Ушбу хутба икки аудиторияга мўлжалланган. Биринчиси - ота-оналар, иккинчиси уларнинг фарзандлари. Демак сизлар ҳам ота-оналар, ҳам уларнинг зурриётлари сифатида ушбу хутбани тинглайсизлар. Аллоҳ Субҳонаҳу ва таоло ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларни жуда кўп мисоллар билан тасвирлаб беради. Яъни Аллоҳ ота-оналик ҳақида шунчаки насиҳат қилмасдан, кўпдан кўп мисоллар билан тушунтириб беради. Ушбу мавзуда жуда кўп қиссалар мавжуд.

Мисол учун, Иброҳим алайҳиссалом ва унинг отаси ҳақида қисса мавжуд. Унинг отаси Озар шаҳридаги бутпарастлар учун бут санамлар ясаган. Унинг ўғли тавҳид таълимотининг буюк етакчиларидан бири бўлиб улғаяди. Барча якка худолик эътиқодлари Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилади. Ислом ҳам Иброҳимнинг ҳаниф миллатига мансублигини таъкидлайди. Бироқ бу қисса мушрик ота ва қобил фарзанд ҳақида эди. Иброҳим алайҳиссалом яхши муҳитда, иймонни кучайтирадиган муҳитда яшамаган. У яшаётган муҳит жиноятга тўла эди. Унинг атрофидаги одамлар бутпарастлар эди. Ҳеч ким у фикрлагандек фикрламасди. У ёлғиз эди, устига-устак уни исёнчига чиқаришганди. У бутпарастликни қоралаганда, уни уйдан ҳайдаб чиқаришди. Мен эътибор қаратмоқчи бўлган биринчи масала - ёш йигит ёки қизнинг иймони масаласидир. Аллоҳ Таоло бу мисол орқали ҳамма нарса ҳам муҳитга боғлиқ эмаслигини кўрсатади. Кўпинча муҳитни айбдор қиламиз. Биз Америкада яшаймиз, нима ҳам қила олардик? Улар мактабларга бориши керак. Нима ҳам қила олардик? Вазият жуда ёмон. Ҳа албатта бу салбий таъсирга эга. Бироқ бу маълум даражада шундай.

Аллоҳ ушбу мисолни беришининг сабаблари бор. Бу мисол Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин бошидан ўтказганлари ҳақидадир. Ваҳий эса кейинги ҳолат. Биринчи навбатда у атрофида бўлаётган воқеалар ҳақида ўйлашни бошлади, уларни қоралай бошлади. Аллоҳ бу билан ҳар бир инсонга ҳар қандай муҳит, вазият ва жамиятда эканлигидан қатъий назар, ўзи ҳақида тафаккур қилиш қобилиятини берди. Агар кимдир бирор кишининг ортидан эргашса ва ўзлари ҳақида ўйламасалар, улар ўшалардандир. Мен шунақа муҳитда бўлдим, нима ҳам қила оламан, дея олмайди. Аллоҳ сизга кўриш учун кўз берган. Атрофга қаранг.

Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор, жуда кўп мисоллар бор. Ёқуб алайҳиссалом қиссаси бетакрор мисолдир. Ушбу қиссада икки тоифадаги яхши ва ёмон фарзандлар устида гап кетади. Улар битта отанинг фарзандлари. Бу баъзилар учун баҳсли масала. Мен Ёқуб алайҳиссаломни шунчаки ота деган иддаоларга қўшилмайман ва бу ноўрин иддао. У пайғамбар бўлган. Пайғамбарлар барчага, шу қатори ўз оилаларига нисбатан адолатли, саховатпешалиги билан маълум бўлишган. Шундай экан, у Юсуф алайҳиссалом ва кичик ўғлига нисбатан яхши ота бўлган, қолганларига ёмон ота бўлган деб ўйлаш ўринсиздир. Бу мантиқсизликдир. У ота сифатида болаларига қўлидан келгунича яхши тарбия берган. Кейинчалик, агар Юсуф алайҳиссалом қиссасини яхшилаб ўргансангиз, у бош кўтарган ўғилларига доно маслаҳатлар берган. Шу боис уни икки ёқламаликда айблашга сабаб йўқ. Мен айтмоқчи бўлган нарса шуки, у ота сифатида, хонадон бошлиғи сифатида фарзандларини яхши тарбиялаш ва муносиб шароит яратиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилган. Бироқ натижага келганда у бошқача бўлиб чиқди. Қутбий қарама қаршилик юзага келди. Ундан ҳам ғаройиб нарса шуки, Юсуф алайҳиссалом ёшлигидан ундан айрилди. У ота-онанинг ижобий таъсирдан маҳрум бўлди. У ёш йигит сифатида жамиятда улғайди. Аллоҳ Азза ва Жалла унга гўзал ҳусн, юксак ақл фаросат ва гўзал аҳлоқ берганини биламиз. У жиноятга ботган жамиятда яшади. У бир сиёсатчининг уйида ота онасиз қул сифатида хизмат қилди. Ота онасиз қулга ҳар қандай муносабат қилса бўлади. У шунақа муҳитда улғайди. Кейинроқ уни жиноятда айблашди. У бир ёмон шароитдан, ундан ҳам ёмон шароитга - қамоқхонага тушди. Унинг атрофидаги одамлар жиноятчи бўлишгани аниқ. Шундай қилиб, у бир ёмон муҳитдан иккинчи бир ёмон муҳитга кўчди. Шундай одамлар ичида узоқ муддат бўлиш яхшилик билан тугамайди. Шунақа жойда бўлиш ўша одамларнинг ёмон сифатларини ўзлаштиришга йўл очади. Бироқ бу Юсуф алайҳиссалом билан бундай бўлмади. У ўз ахлоқини сақлаб қола олди.

Бироқ бунга қарама қарши тарзда унинг ака укаларини олиб кўрайлик. Улар пайғамбар хонадонида яшади. Улар янг яхши муҳитда тарбия топишди. Тасаввур қиляпсизми, сизнинг отангиз пайғамбар. Тўғри тарбия топишнинг бундан ортиқ имкониятига эга бўла олмайсиз. Бироқ улар узоқ йиллар шундай яшашса-да, ўз отасига ҳурматсизлик қилишди. Бунда отанинг айби йўқ. Мен тушунтирмоқчи бўлган нарса шуки, сизнинг ота онангиз бор-у, лекин тарбиянгиз учун ҳеч нарса қилмайди. Иброҳим алайҳиссаломни отаси Озар бунга яққол мисол. Натижа Иброҳим алайҳиссалом етишиб чиқди. Ёқуб алайҳиссалом тарбия борасида барча нарсани қилган. Натижа баъзида ғаройиб, баъзида кўнгилдагидек эмас. Юсуф алайҳиссалом ва унинг акалари бунга мисол.

Сиз Каҳф сурасини ўқиганингизда қизиқ қиссаларга дуч келасиз. Биринчиси балиқчилик ортидан кун кечирадиган ёш йигит ҳақидадир. У денгизда балиқ тутади. Қизиғи, ушбу қиссадан кейин яна бошқа иккита қисса келади: иккаласида ҳам фарзандлар ҳақида ҳикоя қилинади. Ўшалардан биттаси ўлдирилади. Бунга сабаб келтирилганда, келажакда у улғайганида ўз ота онасига зулм қилиши айтилади. Қизиғи ўша боланинг ота онаси ҳақида гапирилганда эса улар солиҳ инсонлар бўлишгани айтилади. Солиҳ ота она қўлларидан келгунича фарзандини солиҳ қилиб тарбиялашга интилган, бироқ фарзанд катта бўлганида уларни зулм қилиб эзади. У келажакда ўз ота онасига зулм қилгувчи бўлиб етишади... Бу Қуръонда “туғён ва куфр” билан деб изоҳланади. У Исломда тарбия топади, лекин келажакда ота онасига зулм қилгувчи золим бўлиб етишади. Ҳатто ота онаси ҳеч бир нотўғри иш қилмаган бўлса-да.

Бошқа қиссада эса тарбия топмаган етимлар ҳақида гап кетади. Мусо алайҳиссаломга деворни тиклаш буюрилганда, у буни тушунмайди ва нима учун бундай қилиш кераклиги ҳақида сўрайди. Ушбу етимларнинг отаси солиҳ инсон бўлган... Уларнинг отаси болалар ёш бўлганида вафот этган ва улар етим сифатида кўчада улғаймоқда. Бироқ Аллоҳ Азза ва Жалла уларнинг келажакда яхши ҳаёт кечиришини истади ва буни кафолатлади.

Мен шуни таъкидламоқчиманки, ушбу ҳаётда фарзанд тарбияси ҳақида қайғурганимизда, бу бизнинг ихтиёримиздан ташқаридаги жараёндир. Биз масъулиятга эгамиз, лекин натижани назорат қила олмаймиз. Шундай қилиб биз икки ҳолат ўртасидаги фарқларни тушуниб олишимиз керак. Менинг ота онамга нисбатан бурчларим бор, лекин мен уларни назорат қила олмайман. Мен фарзандларим улғайгунча уларга масъулман. Улғайганида эса улар мустақил бўладилар. Улар қиёматда Аллоҳнинг олдида вояга етган одам сифатида сўроқ қилинади. Улар учун сиз сўралмайсиз... Ҳар бир вояга етган инсон Аллоҳнинг олдида ёлғиз туради. Биз фарзандларимизни тарбия қиламиз. Улар вояга етганида ҳам бизнинг уларга бўлган муҳаббатимиз йўқолмайди. Улар ҳақида қайғураверамиз. Улар ҳаққига дуо қилаверамиз. Уларга яхши ҳаётни тилайверамиз. Аллоҳ уларнинг гуноҳлари учун сизни сўроққа тутмайди. Сиз қўлингиздан келганини қилдингиз. У ёғига ўзлари жавоб беришади. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни тушунганлар. Ул зот дунёдаги барча сифатларга эга инсон эди: эрларнинг буюги, буюк етакчи, пайғамбарларнинг буюги, оталарнинг буюги ўз қизига нима деганди?

“.... Эй, Муҳаммаднинг қизи Фотима! ... Аллоҳга тақво қил, шубҳасиз мен сенинг номингдан Аллоҳни олдида жавоб бера олмайман. Сен ўзинг ёлғиз бўласан. Биламан, сен менинг қизимсан. Бироқ бунинг фойдаси йўқ. Расулнинг қизи эканлигинг етарли эмас. Сен ёлғиз ўзинг Аллоҳга юзланасан.”

Бу биз англашимиз лозим бўлган ўгитдир. Биз фарзандларимизнинг табиатини ўзгартира олмаймиз. Уларнинг мукаммал бўлишларини умид қила олмаймиз. Кейинчалик улар нотўғри қарорлар қабул қилишганида бунга бефарқ бўла олмайсиз. Чунки, барча фарзандлар нотўғри қарорлар қабул қилишади. Биз ҳам шундай қилганмиз. Сиз ҳам шундай қилгансиз. Биз ҳам ота онамизнинг ҳафсаласини пир қилганмиз. Улар ҳеч нарсани назорат қила олишмаганидек, биз ҳам буни қила олмаймиз. Биз ҳам уларга қийинчилик туғдирганмиз. Шундай қилиб Аллоҳ Азза ва Жалла Қуръонда вазиятларни тасвирлаб берди.

Мен келтирган илк мисоллар менга ва сизга эслатмадир, яъни фарзандларимиз бизга Аллоҳнинг омонатидир, улар бизга ишониб топширилган. Уларни қанчалик тарбия қила олдик? Биз ўз ишимизни қила олдикми? Шулар холос. Нуҳ алайҳиссалом ўғлига қандай тарбия бергани ҳақида саволга тутилмайди. Унинг ўғли қанчалик расво бўлмасин, қанчалик куфрга кетган бўлмасин, у ўз оталик вазифасини бажарган. У қўлидан келганини қилган. Қолгани ўғил ва Аллоҳга ҳавола. Бу биз оналар каби фарзандларимизни севишимизни англатмайди. Мен ўз суҳбатларимда бу борада кўп маротаба гапирганман. Баъзида оталар азоб чекадилар, олдимга келиб йиғлайдилар. Улар қандай қилиб фарзандларини тарбия қилганларини айтиб берадилар. Улар фарзандларига Қуръонни ёдлатганликларини, шанба кунги дарсларга юборганликларини, исломий мактабларда ўқитганликларини, харажатларни камайтириш учун бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчишга мажбур бўлганликларини, баъзида ўз бизнесларидан воз кечганликларини ва буларнинг барчасини фарзандларини яхши мусулмон жамоаларига қўшиш учун, соғлом муҳит яратиб бериш учун қилганликларини айтишади. Ҳамма нарса мавжуд. Болалар одобли ва меҳрибон бўлиб тарбия топишади. Ахлоқли бўлиб етишадилар. Бирдан уларга бир нарса бўлади-ю, улар намоз ўқимай қўядилар, ота оналарига гап қайтарадилар. Қизлар ярим кечгача кўчада қолиб кетишади. Улардан сўрашганида жеркиб беришади. Нима қилишни билмайман. улар менинг болалариммикан деб қоламан. Қаерга бош урай? Нима қилай? Бу нафақат юзлаб, минглаб оилалар билан, балки миллионлаб оилалар билан такрор такрор юз бермоқда. Болалар итоатсиз бўлиб кетдилар. Бундай бўлишининг сабаблари жуда кўп.

 

Давоми бор

 

Нўъмон Али Хон маърузаларидан Санжар Абдураҳмонов таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Мендан кейин ҳам уйни бузманглар...»

1092 22:00 06.10.2019

Билимли ва тафаккур қилувчи болаларни тарбиялаш

750 22:00 26.07.2019

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (2-қисм)

2384 00:20 13.07.2019

Фарзанд тарбиясида тарқалган баъзи хатолар

1133 18:00 05.07.2019

«Мушкулимизга чора излаб ҳамма эшикни қоқибмиз-у, Худойимнинг эшигини қоқмабмиз» (ҳаётий воқеа)

1562 11:00 26.06.2019
« Орқага