Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (2-қисм)

00:20 13.07.2019 1742

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (1-қисм)

Ушбу хутба икки хил аудиторияга мўлжалланган. Биринчиси, ота оналар, иккинчиси уларнинг фарзандлари. Мен ушбу ҳаракатлар режасини сизга етказишни хоҳлайман. Солиҳ ота-оналар томонидан тарбияланган болалар уларга итоатсизлик қилишиб бутунлай ўзгариб кетишмоқда. Афсуски, хатто онасига ҳам жисмоний тазйиқ ўтказган болалар, ўз ота-онасига таҳдид қилган, уларни лаънатлаган фарзандлар ҳақида эшитаяпмиз. Айтингчи, нега вазият шу даражага бориб етди? Ижобий муҳитда тарбияланган болалар нима сабабдан ота-оналарига бемеҳр, исломга эътиқодсиз бўлиб қолишмоқда? Энг ачинарлиси, бу ҳақда ўзлари баралла эълон қилишмоқда. Бундан буён намоз ўқимаслиги ва ота-онаси ва шариат ҳукмларига эътиқод қилмаслигини хотиржам тарзда таъкидлаётган болалар ҳам учраб турибди.

Бу жараёнда табиий савол туғилади: Аллоҳ ушбу ҳолатга қандай муносабатда бўлади? Аллоҳ Таоло, “ҳеч қачон ота-онангиз олдида “уфф” тортманг”, дея марҳамат қилган. Бу — “мен иккалангиздан ҳам чарчадим”, дегани. Одатда ота-она ўғлига “намоз ўқи”, “ундай қилма, бундай қилма”, “уйга эртароқ қайт” деб доимий насиҳатлар қилади. Табиийки, бу боланинг ғашига тегади ва “уф, бўлди, иккалангиз ҳам бас қилинг, тўйдим” дейди. “Сизлар менинг қабрдан қайта тирилиб чиқишимни эслатаверасизлар. Аммо бундан аввал ҳам кўпчиликл вафот этган, бироқ ҳалигача улар қайтиб келишмади! Дўзах, жаннат каби нарсаларни унутинг. Мен ўз ҳолимга қўйинг. Мен ўзим хоҳлагандек, бахтли яшашни истайман. Майлими? Нега менга насиҳат қилаверасизлар? Дўзахга тушадиган бўлсам ҳам бу менинг муаммоим. Нима қила олардингиз?”, дея эътироз билдирадилар. Афсуски бугун бундай ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Хўш, бу жараёнда ота-она нима қилади? Аксарияти кечаси ибодатида, “фарзандимнинг тақдири нима бўлади”,  деб Аллоҳга йиғлаб дуо қилади. “Қизим ҳижоб ўрарди, Қуръон ёдларди. Энди бўлса ўзгариб қолди. Унга нима бўлаётганини тушунмаяпман. Қаерга боряпти, кимлар билан вақтини ўтказяпти? Хонасидан гиёҳванд модда топиб олдим, тунов куни ундан ароқ ҳиди келди. Ё Аллоҳ нима қилай?” дея илтижо қилганлари ҳақида сўзлаб берадилар.

Бу “истиға” дейилади. Айтайлик, бирор қишлоққа қурғоқчилик келди, ёмғирдан дарак йўқ, қишлоқ аҳли нажотсиз қолган. Шунда одамлар Аллоҳга умид билан юзланиб мўжиза кўрсатиб ёмғир ёғдиришини сўраб дуо қилишади. Яъни, Аллоҳдан мўъжиза сўрайдилар. Ана шу ҳолат “истиға”дир.

Сўнгра улар, Аллоҳга “ҳаётимда бирор нарсани ўзгартир, менга нажот бер”, деганча, фарзандларига юзланадилар ва “ишон, сени лаънатлайман!” дейдилар. Ота-она шундай қилиши мумкин. Улар ҳам инсон. Ҳамиша ҳам яхши дуода бардавом бўла олмасликлари мумкин.

“Вайл” яхши сўз эмас. У аслида дўзахдаги жойнинг номи. Бироқ араб тилида у “даҳшатли қарғиш” маъносида ҳам ишлатилади. Қачонки улар “сенга вайл бўлсин” деса, сени лаънатлаган бўлади. Уларни бунга нима мажбур қилади? Ушбу фарзанд унинг муҳаббати маҳсули. Фарзанди учун жуда кўп нарсаларни қурбон қилган, у ҳақида кўп қайғурган. Биласизми кимни қаттиқ яхши кўрсангиз ўшандан қаттиқ азоб келади. Шу боис фарзанд сабаб улар қаттиқ азобланадилар. Ўша вақтда уларнинг оғзига дуои-хайр ўрнига қарғиш келиши мумкин. Ана шунда ота-она қаттиқ ғазабланганидан беихтиёр даҳшатли қарғишларни айта бошлайди.

Оналар бу ишни қилганлар, оталар бу ишни қилганлар. Фарзандлари билан қаттиқ тортишиб қолишганида, ғазабдан жуда даҳшатли нарсаларни айтишган. “Қуръон тутсин! Лаънат бўлсин! Омин!”. Ишон. Нима учун ишонмайсан? Нима учун яхши фарзанд бўлолмайсан? Нима учун ҳамма болалар каби бўлмайсан? Нима учун Юсуфдек бўлмайсан? Нима учун шунақа бўлишинг керак? Аллоҳ воқеликни идеал тарзда тасвирламади. У нарсалар қандай бўлса шундай тарзда тасвирлади. У ўтмишни мисол келтирди..... бу ўтмиш афсонасидан бошқа нарса эмас. Бунақа чўпчакларни айтишни бас қилинг. Оналар Қуръондан оятларни келтиришганида, ёки бирор пайғамбар ҳақида гапирганида ёки бирор ҳадисни айтганида “бунақа бекорчи нарсаларингиз ўзингизга сийлов. Улар менга қизиқ эмас. Сизга катта раҳмат. Ҳеч бирини хоҳламайман. Уни бошқаларга айтинг менга эмас. Кимга қизиқ бўлса, бунга бефарқ бўлишмаса ўшаларга айтинг”. Субҳаноллоҳ. .... Тасаввур қиляпсизми?! Сиз бунга ўхшаш нарсани ўз бошингиздан ўтказгансиз. Сиз бу даҳшатни ҳар куни уйингизда кўрасиз. Бу фарзандингиз кўчага чиқиб кетганида бўлади.

Мен дастлаб фарзандларга мурожаат қилмоқчиман. Тушунинг, сиз буни ўз бахтим учун қиляпман, вазиятимни ҳеч ким тушунмайди, деб ўйлайсиз. Аммо Аллоҳ ота-онага қилинган гуноҳ кичик гуноҳ эмаслигини тушунтирган. У улкан гуноҳ. ..... жазо ҳукми маъносидаги сўзга ўшалар - ёшлар муносибдирлар..... ушбу қисса барча халқлар – инсонлар ва жинлар жамоаси учундир. Исёнкорлик ҳамма жойда бўлган.... уларнинг барчаси бадбахтлардир. Сиз бу ҳаётда рўшнолик кўрмайсиз. Агар ота-онангизга азаб берсангиз, уларга итоатсизлик қилсангиз, улардан қочсангиз ва “мен ўз ҳаётимни яшаяпман”, деб ўйласангиз ҳеч қачон бахтли бўла олмайсиз. Сиз ҳамма нарсани бой берасиз. Ота-онангизга азоб берганингиз учун ҳамма нарсангизни йўқотасиз.

Бунга нисбатан заррача шубҳа қилманг. Зеро булар бари ҳақиқат. Агар сиз “нима учун бу динга эргашишимиз керак, деб савол берсангиз бунинг ҳеч қандай ёмон томони бўлмаслиги мумкин, бироқ ота-онага қилинган бехурматлик — шубҳасиз шафқатсизликдир. Улар сизга меҳр бериб, ғамхўрлик қилишган. Эвазига сиз уларга фақат азоб қайтардингиз...

Юқорида биз келтирган мисоллар эҳтимол сизга тегишли эмасдир. Аммо Аллоҳнинг ҳар кимга амалига яраша ажр беради. Бошқача айтганда, баъзи одамлар жуда куфрга кетган бўлади, баъзилари бир оз исёнкор бўлишади, баъзи одамлар ибодат қилмайди ёки ҳаётида бир иккита ҳаром амалларни қилиб гуноҳкор бўлишади, баъзилари исломдан бутунлай юз ўгиради. Айни пайтда афсуски, исломдан, пайғамбардан, Қуръондан юз ўгириш ҳолатлари учраб турибди. Аллоҳ сизга гуноҳингизнинг даражасига қараб муомалада бўлади. Яъни, Аллоҳ ҳаммани даражасидан қатъий назар бирдек кўради дегани эмас. Зеро унинг ўзи марҳамат қилгандек: “Улар қилганларига яраша тўлиқ ажрини олади. Бунда ҳеч бир жонга зулм қилинмайди”.

Энди мен эътиборимни ота-оналарга қаратмоқчиман. Улар мана шундай ҳолатни бошидан кечираётган бўлишлари мумкин. Аллоҳ Азза ва Жалла барчамизни бундай кунлардан асрасин. Бу шундай ҳақиқатки, ҳатто пайғамбарлар ҳам бундан четда қолишмаган. Нуҳ а.с. шунақа вазиятга тушган, Ёқуб а.с. билан ҳам шундай воқеа содир бўлган. Иброҳим а.с. қобил фарзанд бўлишига қарамасдан бундан азият чеккан. У “мени ва мендан бўлганларни бутларга сиғинишдан сақлагин”, деб дуо қилганди. Бу Иброҳим а.с.нинг дуоси эди.

Бироқ мен бир нарсани айтмоқчиман. Оятда бир ишора бор. Ўғлингиз 18-30 ёшда бўлса у улғайган ҳисобланади. Ўсмир бўлиши мумкин, ўрта ёш бўлиши мумкин, ҳаётда даҳшатли хатолар қилган ёш бўлиши мумкин фарқи йўқ у вояга етган ҳисобланади. Ўғлингиз ёки қизингиз вояга етган ва хатолар қилаётган бўлса бунда сизнинг ўрнингиз қандай бўлади? Мен ва сиз қалам биздан кўтарилганини билишимиз керак. Бизнинг масъулиятимиз тугаши билан қалам биздан кўтарилади. Бизнинг ишимиз уларни вояга етгунча тарбия қилиш. Улар вояга етишганида ўзлари учун масъул ҳисобланишади. Сиз уларни ушбу ёшда қанчалик назорат қилишга уринсангиз, қанчалик “уни қил, буни қил” десангиз, уларга 18 ёки 20 ёки 25 ёшида “намоз ўқи” деб такрор-такрор айтсангиз улар шунчалик намоз ўқишдан қочадилар. Бундан баттар аксланиб қолишлари ва сиздан безиб кетишлари мумкин. Оналари уларни қанчалик суймасин, яна намоздан гап очади, деб ўзларини олиб қочишади. “Онам менга қандай қилиб тавба қилиш ёки қандай қилиб ўша қиз билан гаплашмаслигим ёки бошқа нарсалар ҳақида бутун бир маърузани ўқийди. Ундан кўра кўчага кетганим маъқул. Буни эшитишни истамайман”, дейди. Она эса, “мен даъват қилишга уриняпман, нима қилишим керак? Даъват қилмайми? Фарзандимга яхшилик қилмайми? Уларга яхши тарбия бермайми?”, дейди. Амалда эса сиз қилаётганларингиз вазиятни янада мушкуллаштиради. Услубингиз вазиятни янада чигаллаштиради.

Фарзандларингиз улғайганида улар билан муносабатларнинг икки даражаси борлигини тушунинг. Биринчиси, руҳий алоқа бўлиб, бунда сиз уларга насиҳат, маслаҳат берасиз. Бу руҳий муносабатдир. Бошқаси ҳиссий муносабатдир. Она бу она. Боласи ер юзидаги энг ёмон одам бўлса ҳам фарқи йўқ, у ўз боласини яхши кўришда давом этаверади. Ўша фарзанд 45 ёшда бўлса ҳам бундан қатъий назар онасининг ҳиссий қўллаб-қувватлашини истайди. У ўз волидасидан муҳаббат ва ғамхўрлик истайди. “Мендан ҳамма юз ўгирса ҳам онам юз ўгирмасин”, дейди. Ушбу икки нарса, яъни, сизнинг руҳий маслаҳатгўй ва ота ёки она сифатидаги ролларингиз икки хил нарса. Сиз бу нарсаларни алоҳида кўришингиз керак. Баъзида фарзандингиз Аллоҳга осийлик қилса, исён қилса, сиз уларга даъватчи ёки маслаҳатчи сифатида керак эмассиз. Аксинча, улар сизнинг фақатгина оналик қилишингизни истайди. Шу боис бундай вазиятда фарзандингиз учун ширин таом тайёрланг. Аммо уларга дин ҳақида оғиз очманг. Ушбу масалани бошқа кўтарманг. Чунки охирги марта бундай қилганингизда нима юз берганини биласиз. Сиз бундан хулоса чиқаришингиз керак. Отасига айтинг қизишмасин, нолимасин. Ўғлингиз ойда бир марта келади. Аммо шунда ҳам ота “ва ниҳоят келдингими”, дейди. Шунда фарзанд “мана нима учун келишни истамайман, шундай гапларингиздан безор бўлдим”, дейди ва яна чиқиб кетади. Сизга савол шу билан нимага эришасиз? Мана нима учун сиз энди Ёқуб а.с.ни тушунасиз. Унга қонга ботган кўйлакни келтиришганида бунга ишонмади ва ўғилларининг алдаётганини англади. У ушбу вазиятда ҳеч нарса қила олмаслигини тушуниб етди ва унинг айтган сўзлари ҳалигача итоатсиз, вояга етган фарзанди бор ота оналарни ҳаяжонга солади...... “менга гўзал сабр қилишдан бошқа чора қолмади”! Айтганча, бу ерда норозилик ҳолатидаги сабр ҳам борлигини эслатиб ўтмоқчиман. Бироқ, у гўзал сабр намойиш этиши зарур эди. Бу табассум қилиб, ҳеч бўлмаганда ҳиссий муносабатларни сақлаб қолишдир.

Шу боис сиз ҳам чиройли сабр қилинг. “Ўғлим яхшимисан? Овқат ейсанми? Ҳаммаси жойидами?”, дея ундан ҳол-аҳвол сўранг, аммо дин масаласини қайта кўтарманг. Фақат муносабатларни сақлаб қолишга интилинг. Нима учун? Нима учун бундай деяпман? Чунки шайтон ахмоқ ўғлингиз ёки қизингизга келиб, “ота-онанг сени ёмон кўради, улар ҳамиша сени танқид қилади, улар ҳар доим сени камситишади, маъруза ўқишади. Бугундан бошлаб уларни унут ва ўз ҳаётингини яша, ҳаммасини ташлаб кет, улар сени яхши кўришмайди, яхши кўришганда бундай қилишмасди”, дейди. Шунда улар сиздан узоқлашиб кетаверади. Ушбу вазиятда сизнинг ота-она сифатидаги вазифангиз қийин. Ярим кечаси туриб тагликни алмаштиришдан, тунги соат 2 да касалхонага олиб боришдан, уларни мактабга кетиши учун кийинтириш буларнинг барчаси қийин даврлар бўлиб туюлиши мумкин. Аммо, аслида улар осон даврлар бўлган. Айни пайтда сиздан талаб қилинаётгани гўзал сабр қилиш жуда ҳам мураккаб. Балки бошқа киши улар билан гаплашиб кўриши керакдир. Айтганча, шундай ёш даври бўладики, буни сиз ҳам, мен ҳам ўз бошимиздан кечирганмиз. Ушбу ёшда сиз отангиздан бошқа ҳамманинг маслаҳатига қулоқ солишингиз мумкин. Аммо, агар отангиз гап очса, дарҳол итоатсизлик қиласиз, асабийлаша бошлайсиз.

Олдимга баъзан ёшлар келиб “сизни ёмон кўрамиз”, дейдилар. Мен “нима қилдим”, деб сўрасам “Айб сизда эмас, ойим доимо мени сизнинг видеоларингизни кўришга мажбурлайди”, дея жавоб берадилар. Бунга сабр қила олмайман. Илтимос болаларингизни менинг видеоларимни кўришга мажбур қилманг. Уларнинг аҳволини баттар ёмонлаштирасиз. Бу ёрдам бермайди. Бу билан уларга динни сингдира олмайсиз. Шунчаки ота-она бўлинг. Бу қанчалик оғир бўлса ҳам, улар қанчалик итоатсиз бўлишса ҳам ушбу вазиятда улар сиздан бир нарса кутади. Қуйидаги нарсани сизга етказмоқчиман.

Ҳаттоки Қуръонда ота-оналик ҳақидаги  узун матн “Луқмон” сураси бор. Қуръоннинг бошқа ерида айни мавзу бўйича бирор сура йўқ. Кичик бўлса ҳам йўқ. Аллоҳ Азза ва Жалла бир кичик қисмда буни қандай тушунтириб берганига қаранг. .... бу ерда бир қатор шароитлар бор. Луқмон ўғлига у маслаҳатга муҳтож бўлиб турганида сўзлади. Бошқача айтганда Луқмон ўғлига насиҳат ортидан насиҳат қилмади, балки у бунинг вақтини, имкониятини топиб маслаҳат берди. У вазиятни тўғри баҳолаб ўғлига шундай деди: Ўғлим Аллоҳга жиддий муносабатда бўл ва Унга ширк келтирма. У шунчаки ўғлига кетма-кет ваъз қилмади. У қулай вазиятни кутди. Вазият пайдо бўлганда фойдаланди. Мавриди келмаганда, сукут сақлади.

Сиз ҳам сабрли бўлинг. Ушбу аудиториядаги ота-оналарнинг барчасида муаммоли вазиятлар ва муҳокамалар мавжуд. Сиз фарзандингиз билан жанжалашгансиз. Улар бақир-чақир қилиб, эшикни қаттиқ ёпиб уйдан чиқиб кетган. Бу муаммо ҳаммангизда бор. Агар ўша масалани қайта кўтарсангиз натижа олдингисидек тугашини биласиз. Шу боис ақлни ишлатинг. Ўша ишни такрорламанг. Мен ҳеч қачон “сенга вайл бўлсин, омин” дейдиган ота бўлишни истамайман. Мен дарғазаб бўлиб, фарзандимга бақириб, уни лаънатлашни истамайман. Шунингдек, фарзандим “бу дин эски афсоналардан бошқа нарса эмас”, дейишини ҳам хоҳламайман. Улар буни динга ишонмаганликларидан айтишмайди. Улар буни ота оналарига қайсарлик қилиб айтишади. Буни қабул қила олмайдилар. Ушбу низо, зиддият сўниши керак. Аллоҳ Азза ва Жалла бизларни ақлли ота-оналар қилсин, фарзандларимизни итоаткор қилсин! Аллоҳ Азза ва Жалла ота-оналарнинг ва фарзадларнинг қалбларига дин муҳаббатини солсин! Бебош фарзандли оилаларга енгиллик берсин! Аллоҳ Азза ва Жалла болаларимизга ҳидоят берсин ва динида маҳкам қилсин!

Тамом

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (1-қисм)

Нўъмон Али Хон маърузаларидан Санжар Абдураҳмонов таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!