Нур қалъаси харобалари

11:00 23.03.2019 753

Ўрта асрларда илм-фан гуллаб-яшнаган Бухоро ва унинг атрофидаги энг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Нурнинг “Нури Бухоро” деб аталиши бежиз эмас. ХХ аср охирларида шаҳарда 32 та масжид, чашма мажмуасида мадраса ва хонақоҳлар бўлганлигини маҳаллий халқ ҳозир ҳам эслайди. Кўпинча, масжидлар ўзларидан қадимийроқ меъморий обидалар устига қурилган. Эскирган, бузилиб кетган масжид ўрнига янгиси қурилаверган. Аммо масжиднинг эски номи сақланиб қолган.

Нуроталик кекса отахонлардан Ф.Баҳромов ва А.Самадов ушбу масжидлар номини санаб берди:

I. Арабгузар масжидлари

1. Сайидато масжид.

2. Чуқурак масжид.

3. Масжиди Сафед.

4. Шакарак масжид.

5. Баргсўз масжид.

6. Ҳовузак масжид

 

II. Ўрта гузар масжидлари

1. Домалла масжид.

2. Калтакўча масжид.

3. Турко масжид.

4. Содиқ масжид.

5. Қулмаҳмад масжид.

6. Мозори чилла масжид.

7. Бўдиқ масжид.

 

III. Миришкор гузар масжидлари

1. Дуоба масжид.

2. Достон масжид.

3. Луччак масжид.

4. Осиёибаланд масжид.

5. Миришкор масжид.

 

IV. Работтўлғон гузар масжидлари

1. Қўрғон масжид.

2. Етимча масжид.

3. Дашт масжид.

4. Хўжа масжид.

5. Авезхўжа масжид.

6. Сариосиё масжид.

7. Работтўлғон масжид.

8. Лўла масжид.

Шаҳардаги гузар масжиди  номлари асосан маҳаллалар номлари билан бир хил бўлган. Масалан, Домалла масжид -­- Домалла маҳалласи, Сайидато масжид  Сайидато маҳалласи, Достон масжид -­- Достон маҳалласи ва  ҳоказо. Юқоридаги масжидларнинг қарийб ҳаммаси бузилиб кетган. Фақатгина шаҳардаги “Чилустун” жоме масжиди, “Панжвақта” Катта Гумбаз масжиди, Домалла, Сайидато, Баргсўз, Оқмачит каби масжидлар кутубхона, маҳалла идораларига айлантирилганлиги сабабли сақланиб қолган ва ҳозирги кунда намозхонлар ихтиёрига берилди. Мустақиллик йилларида шаҳардаги ташаббускор зиёлилар саъй-ҳаракати билан Бўдиқ ҳамда Осиёибаланд масжидлари эски ўрнида яна қад кўтарди.

Асримиз бошида Нуротада масжидлар сонининг кўплиги халқимизнинг маданияти юқори, эътиқоди мустаҳкам бўлганлигининг нишонасидир. Биргина Домалла ва Сайидато маҳалласида 1920 йилларда мулло Асатилло, сўфи Раҳмонқул Ҳожи муфти, домулло Ҳожи, мулло Абдуқаҳҳор, мулло Райимқул, қори Ҳақберди, мулло Маҳмаражаб, мулло Раҳмонберди, сўфи Толиб, мулло Шокирота, мулло Раҳмонқул, мулло Супонқул, мулло Эшонқул, мулло Ёрқул, қори Маҳмуд, мулло Бобо, мирзо Кароматилло, мулло Супон, бобои Хатиб, ҳожи Чўли, ҳожи Носир, қори Содиқ, мулло Саййидхон, мулло Атохон, мулло Обидхон, мулло  Қобилхон, мулло Ёқубхон, мулло Аслонхон, мулло Исломхон, мулло Усмонхон, мулло Қарохон, мулло Баҳодирхон, мулло Абдуҳолиқхон, мулло Абдувоҳидхон, мулло Муфтиллохон, мулло Мададхон, мулло Тўрахўжа, мулло Жалолхон, мулло Муқимхон хўжа, мулло Тўрахон ва бошқалар каби забардаст зиёли ва саводхон инсонлар яшаган.

Нурато шаҳридан шимолга қараб 4 км юрсангиз, Эшон Саиджон қишлоғига кириб борасиз. Беихтиёр назарингиз мўйсафид Нур қалъаси харобаларини эслатувчи кўҳна қалъа қолдиғига тушади. Бу қўрғон Нур қалъасининг шимолий кузатув нуқтаси. Қалъанинг тахминан ўрталарида мўъжазгина мақбара бор. Бу Хўжа Аҳмад кибор мақбарасидир. Хўжа Аҳмад кибор Исломда маълум ва  машҳур бўлган ўн бир Аҳмадларнинг бири бўлиб, маҳаллий халқ тилида “Ёздаҳ Аҳмад” деб улуғланади. Мақбара қаровчиси Иброҳим бобо Тошпўлатовнинг айтишларича, Хўжа Аҳмад кибор Хўжа Аҳмад Яссавий тариқатини Нуротада тарғиб этган улуғлардан бўлиб, бу азиз инсон ҳақида фақат ривоятлар сақланиб қолган.

Хўжа Аҳмад кибор қабр тошининг юқорисидаги катталиги сопол косадай келадиган гулсимон нақшга эътибор берайлик. Ушбу нақш ўнта тенг радиусли  бўлакларга бўлинган ва улар араб алифбосидаги сўзлар билан тўлдирилган. Нақшнинг ўртасида Хўжа Аҳмад Яссавий номи қайд қилинган бўлиб, атрофидаги ўнта бўлакларда шайхлар номи битилган. Нуратолик Ҳожи Аҳмад ва мулло Темиржонлар ёрдамида ёзувларни ўқишга муяссар бўлдик. Булар: Шайх Аҳмад Мурсал, Шайх Аҳмад кибор, Шайх Аҳмад Хараб, Шайх Аҳмад Арқомаст, Шайх Аҳмад Ҳамбоя, Шайх Аҳмад Журжоний, Шайх Аҳмад Сарбоз, Шайх Аҳмад Хазравия, Шайх Аҳмад Мозий, Шайх Аҳмад Даванда.

Туркистонлик Абдулмажид Қори Ашраф ўғлининг ахборот беришича, Аҳмад Яссавий мақбараси ёнидаги 2 тонна келадиган етти хил маъдандан  қуйилган қозонга суяб қўйилган туғлар ўн битта бўлган ва бу туғлар: “Ўн бир Аҳмад туғлари” деб аталган.

Этнограф олим Ҳаёт Исмоилов Аҳмад Яссавий “Девону ҳикмати”нинг бир нусхасида доирасимон шакл ва ёзуви билан муҳрни  эслатувчи нақш борлигига эътибор беради. Бу нақш ҳам ўн бўлакка бўлинган  бўлиб, ҳар бўлакда юқорида номлари келтирилган шайх номлари битилган ва энг ичкарисидаги кичик доирада шайх Аҳмад Яссавий номи ёзилган экан.

Ўн бир Аҳмадларнинг бири бўлган Хўжа Аҳмад киборни халқ улуғ аллома сифатида зиёрат қилади.

Нурота минг йиллар давомида кўплаб авлодларни ўз бағрига олган уларнинг маданиятларини ўзида акс  эттириб авайлаб асраб келаётган нурли ўлка. Кўҳна тарихимиз чорраҳаларидан бири шу ерда бўлганлигига шак-шубҳа йўқ (Давоми бор...).

Манбалар асосида Шавкат ИСМОИЛЗОДА тайёрлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!