Наср

Нур юзли отахоннинг каромати

1299

Жунайд Суавининг ҳаётий хотираларидан

Бу кўркам отахонни Салим Гундузалп ва Жиҳат Зафар каби ёзувчилар йиғилган гуруҳ билан Адапазарини Ўрхон масжиди таҳоратхонасида кўргандик. Жума намози учун таҳорат олаётганди.  Отахонга  қараб турганимизда, у ҳам бизни фарқлаб, кулимсиради. Ёши тўқсонларга бориб қолган эди. Балки юз ёшдамиди, ким билсин?..

Бунчалик кекса отахонни биринчи бор кўраётгандик. Соч-соқоли оппоқ оқарган, нур ёғилаётган юзи шаффоф туюларди. Сеҳрлангандек отахонни томоша қилар эканмиз,  кекса киши орамиздан энг ёш ҳамроҳимизга:

– Сен ҳофизи Қуръонсан, шундайми?

– Ҳа, қаердан билдингиз?- деди ёнимиздаги бола.

Отахон жилмайиб қўйди:

– Ҳофизи Қуръонларнинг юзидан билинади. Албатта уларда ўзига хослик бор.

Биз қори йигитдаги фарқни кўрмасак-да, отахоннинг чеҳрасидаги ўзига хосликни кўраётгандик. Шунинг учун ҳам унинг ёнидан узоқлашолмадик. “Нурли бобо” таҳоратини олиб бўлгач, илгакдаги яктагини олиб кия бошлади ва шу орада яна орамиздаги бир ҳамроҳимизга қаради. Лекин бу нигоҳларда инсонни титратувчи бир норозилик зуҳур эди. Тикилиб тургани йигитга норози оҳангда шундай деди:

– Ота-оналаримиз дунёга келишимизга сабабчилардир. Агар улар биздан рози бўлмаса, жаннат ҳиди бизга ҳаром бўлади!

Ҳаммамиз тошдай қотиб қолдик. Кекса отахон яна бир каромат кўрсатаётганди. Чунки бу гапларни айтгани йигит бироз аввал онасини хафа қилиб йиғлатган, жума намозига ҳам онасининг кўнглини шод қилмай келганди.  

Отахон хаёлга толганди. Кўзларини бир нуқтага қадаган кўйи:

– Оналаримизни-я, айниқса оналаримиз.... Оналаримиз бор бўлсин, оналаримиз...

Оналар деганида отахоннинг овози қалтиради. Сўзлари тугамай кўзларидан селоб ёш оқди. Бир неча бор “Она” дедию, ёш боладай ҳўнграб йиғлай бошлади. Ўтмишга қайтганди, онаси билан бирга бўлган чоғларга...

Таскин учун бир оғиз гап тополмадик. Отахонни ўз ҳолига қўйиб, масжидга кирдик.

Кейинги ҳафта масжиднинг ҳар томонини диққат билан кузатсам-да, отахонни учратмадим. Бошқа ҳамроҳларим ҳам кўрмаганини айтдилар.

Муборак отахон бирор жойга бораётиб бизнинг ҳудудимизда намоз адо этиш учун масжидга кирганми, билмадим?

Ким билар, балки ҳаёт йўлида давом этиб, бир неча йилдан бери ҳасратида куйгани онажонинининг дийдорига эришдими?..

Умида АДИЗОВА таржимаси

 

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бахчисаройда Хон саройи ҳудудидаги масжидни тиклаш лойиҳаси тасдиқланди.

550 12:00 12.10.2019

Дунё мусулмонлари: Сенегалда Ғарбий Aфрикадаги энг катта масжид очилди (фотожамланма)

634 10:07 07.10.2019

Ҳинд океанида беш асрлик масжид бор

1089 12:05 05.10.2019

Блогер: Tashkent City'га масжид керак эмасми?

2319 10:25 05.10.2019

Истанбулдаги зилзилада масжид минорасига зарар етди

1053 10:25 27.09.2019

Алматида янги масжид фойдаланишга топширилди (фотожамланма)

527 10:40 25.09.2019
« Орқага