Нурафшон шаҳар – Мадинага кираётиб ўқиладиган дуолар

00:00 15.04.2019 826

Мадинаи мунавварага қараб йўл олинганида, бутун хаёлни икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратиш лозим. Бугунги кунда бу шаҳарнинг номи кўп: «Қалбул-Ислом, Дорул-Ислом, Дорус-Сунна» сингари ўнлаб номлар билан эъзозлаб тилга олинади.

Мадина шаҳри Саудия Арабистонининг Ҳижоз вилоятига қарашли шаҳардир. Қизил денгиздан 250 км узоқликда, денгиз сатҳидан эса 600 м баландликда жойлашган. Майдони 589 км²ни ташкил этади.

Мадина шаҳрининг табиати иссиқ. Айниқса, ёз ойлари ҳаво ҳарорати +45, +47 даражагача кўтарилиши ёки ундан ҳам кўп иссиқ бўлиши мумкин. Аҳолиси асосан, зиёратчиларга хизмат қилиш ва тижорат билан шуғулланишади. Шунингдек, шаҳар ташқарисида деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотлари ҳам етиштирилади. Зиёратчи шаҳарга яқинлашиб қолганида, салавотни кўпайтириб, кўзи Мадина боғлари ва дарахтларига тушиши билан қуйидагича дуони ўқисин: “Парвардигорим, бу – Сенинг расулинг ҳарамидир. Бас, уни мен учун дўзахдан муҳофаза, азоб ва аянчли ҳисоб-китобдан омонлик макони айла!”.

Иложи бўлса, ғусл қилиш, бунинг имкони бўлмаса, таҳорат олиш лозим. Мадинаи мунавварага кириб келганида, бошқа ишга чалғимай, даставвал Масжиди Набавийга бориш лозим. Мабодо, ўта зарур иши бўлса, уни тезроқ якунлаб, зиёратга бориш тадоригини қилиш керак.

Мадинага киришдан олдин зиёрат қилувчи таҳоратли пок бўлиб, хушбўйликлар сепсин, покиза либосларини кийсин. Мадинага тавозе билан ва (унинг) ҳурматини сақлаган ҳолда киради.

Икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларига киришда қуйидаги дуоларни ўқийди. Мадинаи мунавварага кириш одоби ва дуолари:

 

اَللَّهُمَّ هَذَا حَرَمُ رَسُولِكَ فَاجْعَلْهُ دُخُولِي وِقَايَةً مِنَ النَّارِ وَأَمَانًا مِنَ الْعَذَابِ وَسُوءِ الْحِسَابِ.

“Аллоҳумма ҳазаа ҳараму Расулика фажъалҳу духулий виқоятан мина-н-наари ва амаанан мина-л-ъазааби ва суъи-л-ҳисааби”.

Эй Аллоҳ! Бу Расулингнинг ҳарами шарифидир. У ерга киришимни жаҳаннамдан халос бўлишга ва дўзах азоби ва ҳисоб-китоби шиддатидан омонда бўлишим учун восита қилгин!

 

بِسْمِ اللهِ مَاشَاءَ اللهُ لاحَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ رَبِّ أَدْخِلْنِي مُدْخَلَ صِدْقٍ وَأَخْرِجْنِي مُخْرَجَ صِدْقٍ وَاجْعَلْ لِي مِنْ لَدُنْكَ سُلْطَانًا نَصِيرًا .اَللَّهُمَّ افْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِك وَارْزُقْنِي مِنْ زِيَارَةِ رَسُولِكَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَارَزَقْتَ أَوْلِيَاءَكَ وَأَهْلَ طَاعَتِك وَأَنْقِذْنِي مِنَ النَّارِ وَاغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي يَا خَيْرَ مَسْئُولٍ.

“Бисмиллааҳи маа шаа Аллоҳу. Лаа ҳавла валаа қуввата илла би-л-лаҳи. Рабби адхилний мудхола сидқив ва ахрижний мухрожа сидқив важъал лий мин ладунка султона-н-насийро. Аллоҳумма ифтаҳ лий абвааба роҳматика варзуқний мин зиёрати Расулика соллаллоҳу алайҳи васаллама маа розақта авлийаака ва аҳла тоъатика. Ва анқизний мина-н-наари вағфир лий варҳамний йаа хойра масъувл”.

Маъноси: «Аллоҳ номи билан (кираман). Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлур. Гуноҳдан сақланиш, тоат учун қувват ёлғиз Аллоҳ тарафидан(берила)дир. Эй Раббим, кирадиган жойимга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимдан содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт. Эй Аллоҳ! Менга раҳмат эшикларингни очиб, Расулингни зиёратидан Ўзингни дўстларинг ва тоат аҳлингга берган фойдаларни ато қилгин ва мени дўзахдан халос эт! Мени мағфират қилгин ва менга раҳим қилгин. Эй, сўралувчи зотларнинг яхшиси!»

اَللَّهُمَّ اِجْعَلْ لَنَا فِيهَا قَرَارًا وَرِزْقًا حَسَنًا

“Аллоҳуммажъал лана фийҳаа қароров ва ризқон ҳасанаа”.

Маъноси: «Ё Аллоҳ! Бизлар учун бу шаҳарда яхши жой ва яхши ризқ ато қилгин».

Масжиди Набавийга кираётганида қуйидаги дуони ўқийди:

بِسْمِ اللهِ وَالصَّلَوةُ وَالسَّلامُ عَلَى رَسُولِ اللهِ رَبِّ اِغْفِرْ لِي ذُنُوبِي وَافْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ.

“Бисмиллаҳи ва-с-солаату ва-с-салааму ъала Расулиллаҳи, Робби иғфир лий зунубий вафтаҳ лий абвааба роҳматика”.

Маъноси: Аллоҳ номи билан (киришни) бошлайман. Аллоҳнинг Расулига салавоту саломлар бўлсин. Ё Раббим, гуноҳларимни мағфират қил ва менга раҳмат эшикларингни оч!

Мазкур дуони хокисорлик ва тазарруъ билан ўқиб, имкон қадар, масжидга Жаброил алайҳиссалом эшигидан кириш лозим. Бошқа эшиклардан ҳам кирса бўлади. Сўнгра, “Риёзул жаннат”да икки ракат намоз ўқиб, дуо қилинади. Жамоат намози ўқилаётган бўлса, ўқиган фарз намози таҳийятул масжид ўрнига ўтади.

Бу муборак шаҳар ҳақида тарих китобларида кўп ва хўп ёзилган. Бунга асосий сабаб, табиийки, шаҳарнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан зийнатлангани, шарафланганидир.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёда суюкли қилгин”.

Қадимда бу шаҳар Ятриппа, Ясриб сингари номлар билан аталган. Бироқ бу заминга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларидан сўнг шаҳар Мадинаи мунавварага – Нурафшон шаҳарга айланди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида Мадинада илк давлатчиликка асос солинди. Айнан шу шаҳардан Ислом таълимоти дунёга тарқалди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафот этганларидан сўнг Мадина мусулмонларнинг Маккадан кейинги энг катта зиёратгоҳига айланди.

 

А. ЎРОЗОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!