Нуриймон Абулҳасан: «Агар биз диний атрибутларга рухсат берсак, Исо алайҳиссаломнинг хочлари пайдо бўлади​»

23:30 14.01.2019 4175

Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, QALAMPIR.UZ сайти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатлашиб, одамларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Жавобларни ҳеч қандай ўзгартиришсиз эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қамариддин Шайхов: - Таълим муассасалари ҳақида гап кетганда, анчадан буён кўтарилаётган бир савол бор: бу ўша соқол, ҳижоб масаласи. Бу масала бўйича диний қўмитанинг қарашлари қандай? Ҳа ёки йўқ, деган бир аниқ жавоб бўладими?

Нуриймон Абулҳасан: - таълим муассасаларида диний атрибутларни намоён этиш масаласи бўйича дин ишлари бўйича қўмита ўзининг муайян баёнотини берган. Интернет тармоқларида ҳам биз буни ошкор этдик. Масалан, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 9-бандида алоҳида айтиб ўтилган. Таълим муассасаларида диний таълим бериш мумкин эмас ва шу билан биргаликда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча таълим муассасалари ўрнатган ички тартиб, низомлари бор. Ўша низомларга мувофиқ, ҳар битта талаба ёки ўқувчи таълим олишга ҳақли. Лекин бу дегани ўша таълим даргоҳида ўқиётган бизнинг фуқароларимизнинг динга бўлган эркинликлари чекланади дейиш, нотўғри бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар бор. Агар биз таълим муассасаларида диний атрибутларни тақиш, ўраб юриш ёки уларни намоён қилишга рухсат берадиган бўлсак, бу фақатгина соқол билан рўмол бўлмайди. Довуд алайҳиссаломнинг юлдузлари пайдо бўлади. Исо алайҳиссаломнинг хочлари пайдо бўлади. Буддаларнинг ўзини тақувчи нарсалари пайдо бўлади. Шунга ўхшаган нарсалар ёйилади.

Ана энди ўша саволни бераётганлар шунга розими? Соқол қўяйлик мактабда, бошқа атрибутларни ҳам намоён қилайлик. Кейин эса ўша 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳам ўз динларини намоён қилиш ҳолатлари юзага келаверсин, дейишга розими? Агар рози бўладиган бўлса, у қандай шаклда бўлади? Дин эса таълим тизимидан айро ҳолатда олиб борилиши юзасидан Конституциямизнинг талаби бор, ҳам бизнинг “Таълим тўғрисида”ги қонун талаблари бор. Шунинг учун фуқароларимизда буни фоизини ўрганишимиз керак. Кимда шунга эҳтиёж бор? Бўлса уни биз ўрганайлик. Ўрганяпмиз ҳам. У келгусида конституцияда ҳам, дин давлатдан ажратилган деган тамойилга ҳам ўз-ўзидан бориб тақаладиган қонунлар, меъёрий ҳужжатлар пайдо бўлиши керак. Бу нарсаларни онгли равишда қилишимиз керак. Ҳаммасини ҳисобга олган ҳолатда қилишимиз керак. Лекин бу дегани Ўзбекистон Республикаси ҳудудида динга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳуқуқи чекланяпти, десак хато бўлади. Таълимга кирган пайтда одамлар бир хил бўлиши керак. Қайси дин, қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар ҳамма баробар бўлиши керак.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!