Нуриймон Абулҳасан: «Ибодат билан илм тўғри келган пайтда биринчи илмни олиш керак»

20:00 14.01.2019 5042

QALAMPIR.UZ сайти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатлашиб, одамларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Жавобларни ҳеч қандай ўзгартиришсиз эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қамариддин Шайхов: — Мана 2018 йил сизнинг шахсий ҳаётингизда, керак бўлса, иш фаолиятингизда, унутилмас бир аччиқ хотиралар ҳам қолдирадиган йил бўлди. Келинг, ўша масалаларга қайтсак. Телевидениедаги чиқишингиз одамлар томонидан нотўғри қабул қилинди. “Нобель” мукофотини бизнинг фарзандларимиз нега олмаяпти, дея телевидениеда муносабат кўрсатувида гапирган гапингиз жуда катта шов-шувларга, танқидларга сабаб бўлди. Бу даврда майдонда якка ўзингиз қолдингиз. Бу жараёндан қандай ўтдингиз? Умуман етказмоқчи бўлган фикрингиз қандай эди?

Нуриймон Абулҳасан: — Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, керак пайтда масалан, ўша Ибн Синога ҳам катта таъна тошлари отилган. Ибн Сино айниқса кўричакни олишга ҳаракат қилган пайтда, кофир деган тамғани ҳам беришган. Жоҳиллар ҳамма даврда бўлган. Бугунги кунимиз ҳам жоҳиллардан ҳоли эмас. Энди биз жоҳилларнинг шундай гапига эътибор бериб, уларнинг даражасига тушадиган бўлсак, унда биз ҳам жоҳил бўлиб қоламиз.

Инсон ибодат қилиши учун, ибодатнинг мағзини тушуниб олиши учун у ибодат нимадан иборат эканлигини, қандай амалга оширилишини ўз олдига савол қилиб ташлаши табиий. Ваҳоланки, ҳар бир инсон бу борада илмга эга бўлиши керак. Шунинг учун аввало илм. У ерда фақат тарғибот илмга бўлди, холос. Ибодат билан илм тўғри келган пайтда биринчи илмни олиш керак. Негаки ибодатнинг мағзини тушунади шунда. Биз гапирмоқчи бўлган гапимиз илмни ташлаб қўйиб, ибодатга агарда муккасидан кетадиган бўлса, унда у ибодатнинг мазмун-моҳиятини тушунмайди.

Биз ҳеч қачон ҳеч кимни масжиддан тўсиш ёки ҳоказо ғояларни илгари сурмаймиз. Республикамизда ҳам бундай ғоялар йўқ. Нима учун биз масжидларни қайта таъмир этяпмиз ёки янги масжидлар қурдиряпмиз..? Лекин мазмун бўлиши керак, шакл эмас. Шаклга берилиш бу жуда ҳам осон нарса. Лекин мазмун йўқолмаслиги керак.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!