Нуриймон Абулҳасан: «Нимага Термизийларнинг юртида ўтириб ҳалигача бирорта оятни тадқиқ эта олмадик?»

21:30 14.01.2019 2028

Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, QALAMPIR.UZ сайти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатлашиб, одамларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Жавобларни ҳеч қандай ўзгартиришсиз эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қамариддин Шайхов: - Таълим даргоҳларида фарзандлар, ука-сингилларимиз ўқимоқда. Лекин ўша ижтимоий тармоқларни, интернетни олиб қарайдиган бўлсак, фикрлар хилма-хил. У ерда таълимга динни боғловчилар, диний таълимни боғловчилар жуда кўп топилади. Бунга муносабатингиз қандай?

Нуриймон Абулҳасан:— Мана шу мактабларда диний таълим бериш керак деган одамларга мени битта саволим бор. Буни жорий қилдик дейлик, лекин бунга нималар киради? Қачон у диний бўлади? Диний таълимга, албатта, ақоид илми киради, фиқҳ илми киради, ҳадис илми киради ва Қуръон илми киради. Диний таълимдан 10.000 та мактабда кимлар дарс беради, деган саволга жавоб беришсин. Гапириш осон. Биз ҳеч кимни тўсаётганимиз йўқ. Саволлар жуда кўп. Лекин уларга жавобларни излаб бизларга топиб беришсин. Ҳукуматга таклиф билан чиқишсин. Кимни таклифи бор? Мана, биз очиқмиз. Айтишсин, қандай қилайлик... 10.000 та мутахассисни қаердан топамиз ҳозир?

Одамлар гапираётган пайтда таҳлил бўлиши керак. Нечанчи синфдан диний таълим берилиши керак? Биринчи синфданми? Бизда бутун дунё эътироф этган “Таълим тўғрисида”ги Қонун бор. Унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритишимиз керак бўлади. Майдоннинг ташқарисида ўтириб олиб гапириш жуда осон. Лекин майдонга тушган пайтда муаммо ва бугунги кундаги йиғилиб қолган қанча йиллар давомидаги хато ва камчиликларни тўғрилаш учун катта шижоат билан қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Буни эса бажариш керак. Ўтириб, ҳар хил гапларни гапириб, ҳар хил саволларни тўқиб чиқариб, қуруқ иғво билан, фитна билан, фасод билан бўлмайди. Биз нима учун Японияга эътибор қаратдик? Ўша суҳбатнинг бирида мен айтдим: Японияда 25 та олим Қуръонни ўрганиб “Нобель” мукофотини олди. Мен “Нобель” мукофоти ҳақида гапирганда Нобелни мақтаб гапирганим йўқ. Дунёвий таълимни назарда тутганим ҳам йўқ. Япониялик уламолар Қуръонни ўрганибди. Нимага биз Термизийларнинг юртида ўтириб ҳалигача бирорта оятни тадқиқ эта олмадик? Бу ерда битта нарса бор. Мантиқсизлик бор. “Нобель” мукофотини гапиряпти-ю лекин ўзи Facebookʼда ўтириб Нобелни айблаяпти. Facebook ким томонидан ташкил қилинганини ўзи тушуниб етмайдими? Тўғрими?

Яна битта нарса. Одамларни кофирга чиқариш осон бўлиб қолди. Қаранг! Ўзи ғийбатчи инсон ким бўлади Исломда: мусулмон одам агар ғийбат қилса, ўзининг акасини гўштини тириклай чайнаб еган билан баробар дейилади. Шунинг учун биз олимлар бу ғийбатларга эътибор бермаймиз. Масалан, мен Худога шукр гуноҳим тўкилди, деб ўтирибман. Чунки одам кўп ғийбат қилинса, ўша ғийбат қилинган одамнинг гуноҳи тўкилади. Исломнинг талаби шу. Мусулмон шундай эътиқод қилиши керак. Лекин бу ҳар хил тармоқларда ўтириб, ғийбатларга берилиб кетиб, кескин гапларни гапираётган одамлар қиёматда нима деб жавоб бераман, аҳли қиблани қандай қилиб кофир дейишим мумкин, деган саволни ўзига бериши керак. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам​нинг ҳадиси шарифларида айтилганки, бир инсоннинг 99 та куфрга даъват қилувчи сифатларини кўрсангиз, лекин у 99 тадан ташқари биттаси ҳам уни мўминлигига ишора қиладиган бўлса, у одам кофир эмас дедилар. Бу мени гапим эмас. Шунинг учун бу нарсаларга жуда эҳтиёт бўлиш керак. Эҳтиросларга берилиш керак эмас. Амални кўриш керак. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда айтадики, мўмин мўминга ака-укадан ҳам яқинроқ. Ваҳоланки, ҳозир ака-укалар бир-бирини судга беряпти. Лекин мўмин мўминга шундай туриб бериш керак дейилганки, ажратиб бўлмайдиган даражада бўлиши керак. Биз эса ўтириб олиб кимларнидир найрангига алданиб қоляпмиз.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!