Нуриймон Абулҳасан: «Очиқ гапирадиган бўлсак, Facebook’ни шахсан ўзим кузатаман»

22:30 14.01.2019 3675

Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, QALAMPIR.UZ сайти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатлашиб, одамларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Жавобларни ҳеч қандай ўзгартиришсиз эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қамариддин Шайхов: - Иккинчи, учинчи одамлар бор деган фикрга қўшиласизми? Кимлар улар?

Нуриймон Абулҳасан: - Албатта. Энди очиқ гапирадиган бўлсак, Facebookʼни шахсан ўзим кузатаман. Бу ерда махсус шу ишларни амалга оширадиган ва инсонларни, жамиятни, Ўзбекистонни иккига бўлишга ҳаракат қиладиган кучлар бор. Бу – хавф. Энди интернет тили билан айтадиган бўлсак, бу троллар. Троллар ўтирибди ва бу троллар қайсидир иккинчи ёки учинчи мамлакатларнинг фойдасига ишлаяпти.

Тасаввур қилинг, 24 соат интернетда ўтириш дегани бу маблағ билан таъминланганлик. Мен фарзандларимни боқиш учун керак бўлса, кунига 12-14 соатлаб ишлайман. Маошимни пешона терим билан ҳаққоний қилиб олай дейман. Қанча меҳнат, қанча масъулият... Энди яна тасаввур қилинг. 24 соат интернетда ўтириб фақат одамларни ғийбат билан диванда ётиб олиб бошқараётганларнинг таъминоти яхшида. Демак унинг бир ишнинг бошини тутишдан хавотири йўқ.

Қуръони Карим неча қисмга бўлинади, деган саволни берганимизда ўша маҳмадоналарга билмаган. Қуръонда насҳ оятлари бор, яъни бугунги кунда ҳукми тўхтаган оятлар бор. Уларни илм билан билиб олмаса, қийин бўлади. Яъни ҳукми тўхтаган оятларни ҳам интернетга қўйиб, уларга шарҳ бераётганларни кўрдик. Лекин қандай қилиб беради? Қуръони Карим нозил қилинган пайтида 23 йилда ҳар битта оят воқеага, ҳодисага муносиб нозил қилинган. Ҳар битта оятни бугунги кунга талқин қила олмаймиз. Бу мумкин эмас. Чунки у манзилли туширилган. Воқеа учун, ҳудуд учун туширилган. Ўша улар узуқ-юлуқ олаётган шароитда кўрадиган бўлсак, бугунги кунга нозил қилинган экан деб ўйлаб қоласиз. Асли адашиш ҳам ана шунда. Олим инсон бундай нарсаларни қилмайди. Агарда олим бўлса, у даъво қилса тафсир илмини ёзсин, тақдим қилсин. Бутун дунёга ошкор қилсин. Тафсир билан шу даражага етганини исботлаб берсин.

Қамариддин Шайхов: - Мана илмсизлик деяпмиз-у ноқонуний диний таълимга қаршимиз. Қонунийсини қаердан оламиз?

Нуриймон Абулҳасан: - Албатта, жараён бор. Бугунги кунда расмий фаолият юритаётган ислом билим юртларида курслар мавжуд. Бу Қуръон курслари. Бундан ташқари, ана шу дастлабки маълумотларни берувчи курслар ҳам йўқ эмас. Буни сиз тўғри таъкидлаб ўтдингиз. Ҳамма бирданига шу масалани кўтарган пайтида кўпчилик ҳамма ёппасига бориб шу курсларда ўқийди деб тушунди. Лекин мана биз расмий очиб қўйдик. Ваҳоланки, ҳозирги кунда талаб у қадар катта эмас.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!