Нуриймон Абулҳасан Ўзбекистон фуқаролари неча ёшдан Умрага бориши мумкинлигига аниқлик киритди

11:20 16.11.2018 4660

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан Kun.uz нашри суҳбат ўтказди. Суҳбат асосан бугунги кунда энг кўп мунозараларга сабаб бўлаётган ҳаж, умра зиёратлари ҳақида кечди.

Жумладан, Нуриймон Абулҳасан Ўзбекистон фуқаролари неча ёшдан Умрага бориш мумкинлигига аниқлик киритди.

"Бугунги кунда ҳаж ва умра зиёратлари бўйича улкан ислоҳотлар ўтказилмоқда. Хусусан, умра сафари харажатлари арзонлашди, бу зиёратга борувчилар учун Саудия Арабистонидаги имкониятлар ҳам кенгайди. Зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли, Макка шаҳрида 4 юлдузли меҳмонхоналарда яшаб, эмин-эркин ибодат қилиб келишди. Хабарингиз бор, бу муқаддас зиёратлар тўғрисида маълумот бериш учун яқинда брифинг ҳам ташкил этдик ва анжуманда Ўзбекистон аҳли учун умра сафари бўйича квоталар олиб ташлангани, энди Ўзбекистон республикасининг 18 ёшдан ошган фуқаролари бемалол бу зиёратга бориб келишлари мумкинлигини расман эълон қилдик.

Аммо шу ерда айрим тушунмовчиликлар юзага келди. Умра сафари арзонлашгани, квоталари олиб ташлангани туфайли маҳаллаларга, ҳокимиятларга жуда кўплаб мурожаатлар бўлган, кўпчилик юртдошларимиз сафарга бориш истагини билдиришган.

Шунда айрим маҳалла раислари тўғри тушунтириб, биринчи навбатда шу пайтга қадар навбатда турганлар, ёши катта талабгорлар боришларини айтишган. Аммо ўзлари ҳам тушунмаган баъзи раислар «фақат 40 ёшдан ошганлар боришади» дея маълумот бошқача талқин қилинишига сабабчи бўлиб қолишган ва бу ўз навбатида айрим норозиликларни келтириб чиқарган. Бу аввал амалда бўлган талаб. Умра учун энди бундай талаб йўқ.

Лекин шу ўринда бир нарсага аниқлик киритиб кетиш керакки, аввал ёши улуғлар борсалар, ўшаларга аввал бориш имкониятни берган ёшлар ҳам улкан савобга эга бўлишади", деб айтган Нуриймон Абулҳасан.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!