Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: "Шайх Алоуддин Мансур ҳақида хотираларим"

2125

Шайх Алоуддин Мансур 2020 йил ўктабирининг 14-куни милодий 68 / ҳижрий 70 ёшда бизни тарк этиб, Ҳақ таоло раҳматига қовушдилар.

Албатта, биз барчамиз Оллоҳ ҳузуридан келдик ва албатта яна Унинг ҳузурига қайтамиз. Ҳақ шу. Қонуният шу. Аммо барибир айрилиқ ёмон, оғир, одамни маъюс қилади.

Айрилиқлар ичида шунақа бир айрилиқ ҳам борки, ўткинчи дунёдан абадий дунёга кўчган одамнинг миқёсига қараб, ундан бутун миллат, бутун уммат қайғуга ботади.

Шайх Алоуддин Мансур ана шундай миқёсдаги шахслардан эдилар. У кишининг миқёсларини эл орасида юксалтган нарса илмнинг ўзигина эмас, асосан Холиқ йўлида халққа қилган хизматларидир!

Оллоҳ таоло устозимизнинг айбу камчиликларини кечирсин, гуноҳларидан ўтсин, яхшиликлари эвазига савобларини кўпайтириб берсин, жаннатининг хос ерларидан насиб этсин!

Алоуддин Мансур тақсирдан шогирдлари, мухлислари юрагида бир дунё хотиралар қолди. Уларнинг ҳаммасини тўплашнинг иложи ҳам, имкони ҳам йўқ.

Ўзимга келсам, иккиланишдаман. Бир хаёлим: “Хотираларингни ёз! Сен ёзмасанг, ким ёзади?!” дейди. Иккинчи хаёлим эса: “Тўхта! Сендан кўра яқин, сендан кўра содиқ шогирдлари бор. Сен шогирд бўлиб нима каромат кўрсатиб қўйибсанки, дарров хотира ёзишга киришсанг? Устознинг этагидан маҳкам тутганмидинг, хизматига яраганмидинг? Кўнглини ранжитиб қўймаганмисан? Сендан рози кетдими? Бу каби тараддудлар ичра экансан, қайси хотирангни қандай ёзасан?” дейди.

Бу иккиланишлар орасида милтиллаган бир учқун ҳам бор – умид учқуни. Тоза ниятдан туғилган умид.

Шу умид ҳамда айрим дўстларнинг таклифи қўлимга қалам тутқазди.

Хотираларим бошқаларникидан оздир. Айрим ишларнинг орқа томонини билмаганимдан балки янглиш талқин этиб ҳам қўярман (дўстлар тузатади деб ўйлайман), лекин менда бори бошқаларда бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, оз бўлса-да, қимматли бир лавҳа ўлароқ кўпни янада тўлдиришга яраб қолар.

Қолаверса, ҳар кимнинг кўзқараши бошқа. Битта воқеани бир пайтда кўрган икки киши икки хил гапириб бериши турган гап. Бу нарса умумий хотираларни ранг-баранг қилади.

Шу каби мулоҳазалар ила хотираларимни ёзишга киришдим. Оллоҳ муваффақ этсин.

1. ТАНИШУВ

Алоуддин аканинг отини биринчи марта ёзувчи устозимиз Эркин Аъзам оғзидан эшитганман.

“Ёшлик” журнали таҳририяти наср бўлимида ишлардим. Ўн етти қаватли бинонинг 8-қавати энг охиридаги каталакдек хонада уч киши ўтирар эдик – бўлим мудиримиз Эркин Аъзам, Хайриддин Султон ва мен. Бу икки инсон биринчи китоблари билан элга яхшигина танилиб қолган, мен эсам, эндигина икки-уч ҳикояси эълон этилган янги ходим эдим. Хонамизга келди-кетди кўп бўлар, ўзаро суҳбатлардан катта-кичик ёзувчи-шоирларнинг шахсларини яқиндан таниб борар эдим.

Қиш кунларидан бирида Эркин ака кимдир ҳақида янги мавзу очди. Шоир акамиз Шавкат Раҳмон билан бирга қаергадир боришибди. Шавкат ака даврадошларига Алоуддин Мансур исмли бир йигитни таништирибди.

– Жуда ўқимишли йигит экан! Зўр гурунг берди! – деди Эркин ака. – Ўзи мулла, лекин ўқимаган китоби йўқ! Бошида норка[1], эгнида дублёнка[2], тагида “Жигули”[3]! Шундай-шундай қилиб ҳайдаб кетяптилар! – деб кулди қўллари билан гўё рулни у ёқ-бу ёққа бургандай қилиб кўрсатиб.

Биз хонадагилар Эркин Аъзамнинг ҳикоясини қизиқиб тингладик.

Худосиз Совет қоқ чўққида турган маҳаллар. Халқимизнинг худоли қатлами ҳақида тасаввурлар дабдала. Одамлар, айниқса зиёлилар, “мулла” деса, жамиятнинг энг қолоқ бир тоифасини тасаввур этадиган бўлиб қолган.

Эркин аканинг таърифида ҳам шу янглиш тасаввурнинг нуқси уфуриб турарди. “Ўзи мулла” деркан, айтилиш оҳангидан “ўзи бор-йўғи бир мулла-ю…” деган маъно англашиларди.

Бунақа муносабат бугунги авлодга энг ками кулгили туюлади, аммо коммунизм мафкураси таъсирида суяги қотган одамларда ўша пайтда ҳақиқатда шунақа кемтик қарашлар шаклланган эди.

Эпсиз, уқувсиз, қолоқ, саводсиз, камбағал (жулдурвоқи), камига яна жисмоний ё руҳий нуқсонли кишилар мулла бўлади, деб ўйларди жамият. Бошқача айтганда, мулла дегани эпсиз, уқувсиз, қолоқ, саводсиз, камбағал (жулдурвоқи), руҳий ё жисмоний нуқсонли бўлади, деб ўйларди.

Ёзувчи акамизнинг биргина таърифидан совет жамиятининг умуман динга, хусусан диний илм аҳлига муносабати қандай бўлганини билиб олса бўлади. Минг йилдан бери юраги, руҳи, дунёқараши бир бўлган мусулмон халқимиз ўрис-коммунист босқинчилари мафкураси таъсирида қисқагина муддатда динидан, диндоридан шунақа ёзғирайдиган-ётсирайдиган бўлиб қолган эди-да.

Бўлмаса, оддий нарсадан шунақа ҳайратланадими одам?!

1. “Ўзи мулла… лекин ўқимаган китоби йўқ!” – ҳайратларнинг чўққиси эди. Албатта, “китоб” деганда дунёвий адабиётлар тушунилган. Мулла киши “замонавий зиёли” ўқийдиган китобларни ҳам ўқиши ва билиши тасаввурларга сиғмаяпти.

2. Яна бир ҳайрат – “Ўзи мулла... бошида норка телпак, эгнида дублёнка!” Қанақасига жулдурвоқи бир “мулла” отлиққа ҳам топилмайдиган норка телпак ва дублёнка кийиши мумкин?! Яъни, мулла ақлли, эпли, уқувли, тадбиркор, топармон-тутармон бўлиши мумкинлиги хаёлларга келмаяпти.

3. “Ўзи мулла... тагида “Жигули”... шундай-шундай қилиб (яъни, эркин, осон, енгил ҳаракатлар билан) ҳайдаяптилар!”ни ҳайратларнинг энг кулгилиси деса бўлади. Ахир, тасаввур этинг: эпсиз, нотавон бир эскичи одам (“мулла”) замона илм-фанининг энг охирги натижаларидан бири бўлмиш техникани ўйнаб ҳайдаса!

Бу каби қараш соддаликданми ё билимлар чекланганлигию қарашлар чалкашлигиданми – нима дейишни ҳам билмайсиз. Лекин ўзбек коммунистик жамияти онгида ҳукмрон дунёқараш кўп ҳолда шундай кулгили ва аянчли эди!

Бу мулоҳазаларни ҳозир айтяпман, бугун айтяпман, ўша пайтда эса, яширмайман, ўзим ҳам роса ҳайратланганман. Тўғри, менинг ҳайратимда бир оз бошқачалик ҳам бор эди. Мен кутмаганимдангина эмас, қойил қолганимдан ҳам ҳайратланганим эсимда.

Ҳайратимдаги ўша қойиллик ҳиссаси кўнглимга бир чўғ солди гўё – менда ўша кундан ёзувчи акамиз таърифлаган мулла ака билан танишишга ғойибона иштиёқ туғилди.

Орадан қанча вақт ўтганини билмайман – балки бир йилдир, балки ярим йилдир – ниҳоят, Алоуддин Мансур домлани бир хос даврада кўриш ва у киши билан яқиндан танишиш насиб этди. Ва... бирдан меҳрим тушди бу инсонга!

Горбач эълон этган “Қайта қуриш ва ошкоралик” йиллари эди. “Мусулмон” халқимиз мусулмонлиги эсига тушиб, асл ўзанига қайтишга иштиёқ кўрсата бошлаган йиллар. Уйларда, кўча-кўйда, йиғилишларда, оммавий ахборот воситаларида энг кўп гапириладиган мавзу дин бўлиб қолди. Кечагача кўзга ташланмай келган тоифа – дин аҳли бирдан майдонда бўй кўрсатди. Одамлар уларга қулоқ сола бошлади. Тўй қилса ҳам, маърака қилса ҳам, ҳеч бир тадбир диний илм аҳлисиз ўтмайдиган бўлиб қолди.

Кунлардан бир кун курсдошим, менга ва мен каби жуда кўп ижод аҳлига динимизни янгитдан ва яқиндан танитган илк устозим Анвар Турсун (раҳматли) мени уйларига таклиф этиб қолди.

– Албатта боринг, устозим Алоуддин ака келадилар, чиройли суҳбат бўлади, – деди.

Алоуддин аканинг отини эшитиб бир пайтлар ичимга тушган чўғ ялт этди. “Уҳ!” дедим ўзимга. “Албатта бораман!” деб ният қилдим.

Айтилган куни айтилган ерга бордим.

Бир уй одам ўтирибмиз. Эсимда қолган, Алоуддин акага бир умрга меҳрим тушишига сабаб бўлган ҳодиса ўша ерда юз берди.

Суҳбат маромига етиб, навбат савол-жавобларга келганида ёш йигитлардан бири:

– Домла, йўлда юрамиз, билиб-билмай оёқ тагида ётган тош-пошни босиб ўтамиз ёки тепиб юборамиз – шу ишимиз гуноҳ бўлмайдими? – деб сўраб қолди.

Савол бугун кулгили ва бачкана туюлиши мумкин, аммо худосиз коммунизм охирги йилларини яшаётган, мусулмон ўлкаларда диний уйғониш юз бераётган, узоқ йиллар динидан йироқ тутиб келинган халқ энди ҳар бир ишини, ҳар бир гапию хатти-ҳаракатини, ҳатто олаётган ҳар бир нафасини динимиз ўлчовлари билан ўлчашга интилаётган кунлар илгари қулоқлар эшитмаган бу каби антиқа саволлар кўп сўраларди.

Савол сўраган йигитни ҳам шу маънода тўғри тушунса бўлади.

Саволи майда эди, аммо жавоб муҳташам бўлди:

– Гуноҳи йўқ, Оллоҳ таоло ўзи тошларни одамнинг оёғи остида қилиб яратган. Аммо оёқларни тош тепиб юриш учун яратмаган!

Жавоб мени ҳаяжонлантириб юборди. Ёзувчи устозимиз ярим ҳурматлаб, ярим киноялаб “мулла” деб атаган инсонга боқарканман, хаёлимга келган илк фикр – “Бу одам шунчаки мулла эмас экан, балки донишманд экан!” деган ўй бўлди.

Одатда, донишманд деганда одам кўз олдига ҳаётий тажрибаси бой, кекса, оппоқ соқолли киши келади. Қаршимдаги донишманд эса мендан атиги уч ёшгина катта, ўша пайтлари тахминан 35 ёшлардаги навқирон бир йигит эди! Бунинг устига, бошига норка телпак, эгнига дублёнка кияди, енгил мошиналарнинг маликаси бўлмиш “Жигули”ни ўйнаб ҳайдайди!

(Давоми бор.)


[1] Совет даврида норка (қундуз) терисидан тикилган телпак энг қиммат бўларди. Балки ҳозир ҳам шундайдир.

[2] Теридан тикилган палтанинг бир тури. Эркак ва аёллар ўртасида ўтган аср 80-йиллари роса урф бўлган, лекин ўта қиммат бўлганидан жуда озчилик кишиларгина кияр эди.

[3] Етти қават деворга ўралиб олган СССРда дунё кўрмаган халқ “Волга”ни енгил мошиналарнинг шоҳи, “Жигули”ни маликаси ҳисобларди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Нега қорига кўп пул берасиз?”

153 12:35 21.10.2020

Хитой Қирғизистонга қарз масаласида қатъий талаб қўйди, йўқса...

1154 11:41 21.10.2020

Ашараи мубашшара: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

97 11:35 21.10.2020

Шариат Кенгашларининг йиллик анжумани бўлиб ўтади. Онлайн...

141 10:30 21.10.2020

“Муҳаммад” исмини бетаҳорат айтмаган султон

455 10:04 21.10.2020

Тоғли Қорабоғ ва лоббизм

653 09:30 21.10.2020
« Орқага