Нусрат фақат Аллоҳдан

12:46 15.07.2018 1596

إِذْ قَالَتِ الْمَلَائِكَةُ يَا مَرْيَمُ إِنَّ اللَّهَ يُبَشِّرُكِ بِكَلِمَةٍ مِنْهُ اسْمُهُ الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ وَجِيهًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَمِنَ الْمُقَرَّبِينَ

"Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Ийсо ибн Марям бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир".

Бу Аллоҳнинг "Ол-Имрон" сурасидаги бир ояти. Маъноси тушунарли бўлган бўлса керак. Оят ҳукм олинадиган эмас, балки бир набий қиссаси. Аммо биз қисса, яъни Исо алайҳиссаломнинг дунёга келишларининг муқаддимаси, деб билган оятимизнинг ўзида қанча ҳақиқат яширин. Бунга ишонч ҳосил қилишингиз учун тафсир китобларни варақлашингиз мумкин. Биз эса, сиз билан оятдаги бир калиманинг, Аллоҳнинг Каломидаги бир донагина сўзнинг тафсирини кўриб чиқамиз. Уни ҳам юзлаб тафсир китобларидан биттаси - "Тафсири Нобулсий” асосида кўриб чиқамиз.

Оятда منه бирикмаси бор. Буни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ "Ўзидан" дея таржима қилганлар. Яъни, бераётган башорати Унинг Ўзидан бўлган сўз – “Бўл, дейди, бас, бўлади”дир. Доктор, шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг ана шу "Ўзидан"га берган тафсирларини ўқиймиз:

"Ўзидан"

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидни Шомдаги, Мусанний ибн Ҳорисани эса Ироқдаги вазифаларидан олганларида: "Мен одамлар динга фақат Аллоҳ нусрат беришини ва қувватнинг ҳаммаси Аллоҳники эканини билиб қўйишлари учун уларни ишдан олдим", дегандилар.

Умар ибн Хаттоб халифа этиб сайланганларида Холид ибн Валидни вазифадан олдилар ва ўрнига Абу Убайдани қўйдилар. Холид: “Сизларга бу умматнинг амини волий қилинди”, деган бўлсалар, Абу Убайда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “У (Холид) Аллоҳнинг қиличларидан бир қилич”, деганларини эшитдим ”, дейдилар.

Холидни Қиннасриндан азл қилган ва ундан олган нарсаларини олган пайтларида шундай дедилар: “Сен мен учун ҳурматлисан. Менинг олдимда азизсан. Мендан сенга сен ёмон кўрадиган иш бўлмайди”, дедилар.

(Демак вазифалардан олишда ҳеч қандай дунёвий ғараз бўлмаган). Халифанинг бундай иш тутишларига сабаб эса, одамларда Холид олиб борган ҳар қандай жангда ғолиб бўлиши аниқ, деган фикр шаклланиб қолганди. Тавҳидни сақлаб қолиш ва одамлар нусрат Холиддан эмас, Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келишини билиб қўйишлари учун у кишини вазифадан олгандилар. Дарҳақиқат, нусрат Холиддан кейин ҳам давом этди.

Тавҳиддаги энг хатарли нарса ширк – Аллоҳдан ўзгага юзланиб қолиш, Аллоҳдан бошқага умид кўзини тикиш, Аллоҳдан бошқадан умидвор бўлиш, Аллоҳдан бошқадан қўрқиш, Аллоҳдан бошқани рози қилиш ва Аллоҳдан бошқа учун ғазабланишдир. Тавҳид – Аллоҳдан бошқани кўрмаслик ва Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик. Берувчи, Олувчи, Туширувчи, Кўтарувчи, Азиз қилувчи, Хор қилувчи, Раззоқ, ҳаммаси Удир. У беради ҳам ва олади ҳам, кўтаради ва туширади ҳам, азиз қилади ҳам ва хорлайди ҳам”. (Тафсиру Ноблусий, 2-жилд, 356-бет).

Демак “Ундан” бизга ана шу маъноларни таълим беради. Бу маънолар эса диннинг асоси, мағзи ва энг буюк ҳақиқатларидан саналади.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!