ОАВ: Ўзбекистон Россиядан қирувчи самолётларни сотиб олмоқчи

10:35 12.07.2019 2948

Ўзбекистон Россия томонига кўп мақсадли Су-30СМ қирувчилари ва бутловчи қисмларини сотиб олиш тўғрисидаги режаларини маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости ўз ахборот манбаларига таянган ҳолда.

«Ўзбекистон томони Россияни ўзининг Россия давлат экспорт кредити ҳисобига ўта манёврчан кўп мақсадли Су-30СМ қирувчилари ва тегишли бутловчи қисмларини харид қилиш режалари тўғрисида хабардор қилди», - деди агентлик суҳбатдоши.

Ҳаво кемаларидан ташқари, Ўзбекистон ердан парвозларни таъминлаш воситалари, назорат-текширув ускуналари, шунингдек қирувчилар учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни сотиб олишни ҳам мўлжалламоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон учувчи ва муҳандис-техник таркибларни ўқитишга маблағ ажратишга тайёр. Тошкент яқин вақтларда Москвага Су-30СМ самолётларини сотиб олиш тўғрисидаги мурожаат йўллайди, дейилади хабарда.

Самолёт имкониятлари

Су-30СМ - 4++ авлод икки мотор ва икки ўринга эга кўп мақсадли оғир қирувчи самолёт бўлиб, кечаси ва кундузи, ҳар андай об-ҳаво шароитида ҳаракат қила олади. У нафақат рақиб самолётлари, балки ердаги ҳаракатланаётган ва стационар нишонларини йўқ қилиш, зарба берувчи авицион гуруҳларни бошқариб бориш ва уларни ҳимоя қилиш, рақиб радиоэлектрон кураш тизимларига қарши жанг олиб бориш, ҳаво разведкасини амалга ошириш, шунингдек бошқа турдаги самолётлар, хусусан Су-34 бомбардимончи самолётларга нишонлар тўғрисида маълумотлар етказишга қодир. Шу билан бирга, Су-30СМ денгизларда сув ости кемаларини мустақил равишда аниқлаш имкониятига ҳам эга.

Қирувчи авионикаси (борт радиоэлектрон ускуналар тизими) Франция, Исроил ва Ҳиндистон иштирокида тузилган халқаро кооперация томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, пассив фазалаштирилган антенна панжараси билан таъминланган. Икки контурли, ўзгарувчан тортиш векторли АЛ-31ФП двигатель, олд горизонтал қанотлар қирувчининг ўта манёврчанлигини, яъни парвоз вақтида тез ва кескин ҳаракатларни амалга оширилишини таъминлайди.

Нархи қанча?

ОАВда бир дона Су-30СМ қирувчисининг нархи 22 дан 50 млн долларгача (ОДКБ доирасида Россия ичидаги нарх бўйича) бўлган рақамлар келтирилади. Юқорида таъкидланганидек, самолётлар Россия экспорт кредит маблағлари ҳисобидан сотиб олинади. Маҳсулотлар кўп ҳолларда босқичма-босқич етказиб берилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Россиядан БТР-82А зирҳли машиналарига буюртма бергани маълум бўлган эди. Ушбу ташувчи техникалар индивидуал комплектацияда етказиб берилиши белгиланган.

РИА Новостининг маълум қилишича, жамланмадан Калашников пулемётлари, радиостанциялар, дастурий-аппарат комплекслари чиқарилган. Тежаб қолинган маблағлардан Ўзбекистон қўшича БТР-82А зирҳли машиналарини сотиб олмоқчи.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!