Таҳлил

ОАВга босим ўтказиш энди янаям қийин бўлади!

376

Хабарлар оқими шу қадар каттаки, уларни ўқиб, муносабат билдиришга улгурмайсан. Айниқса, бир давлатда журналистнинг муаммоси деб қараладиган масала бошқа мамлакатда давлат органини муаммоси сифатида кўрилса, бўлиб ҳам прокуратурани, одамни ўйлантириб қўяркан.

Куни кеча Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Tелерадио узатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эълон қилинди. Kun.uz нашрида матни келтирилган ушбу қонун лойиҳасининг 25-моддасига кўра, “Электрон оммавий ахборот воситалари цензурасига йўл қўйилмайди. Ҳеч ким узатувчи томонидан тарқатилаётган хабарлар ёки материалларнинг мазмунини олдиндан тасдиқлатиш, матнни ўзгартириш ёки эфирдан тўлиқ олиб ташлашни талаб қилишга ҳақли эмас”. Бу ҳақиқатан жуда яхши таклиф. Эркин ишлаш, фикрлашда мустақиллик ҳар бир таҳририятнинг орзуси, шундай ишлаб юрган журналистлар бор, лекин таҳририятлар доимо уларнинг “йўналиш”дан чиқиб кетмаслигини қараб туриши керак эди. Энди бунга эҳтиёж йўқ, ҳуқуқ янги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бундан олдин цензурага рухсат бормиди, деган савол берилиши табиий. Бундан олдин ҳам йўқ эди. Қуйида айрим қонун ҳужжатларига эътибор қаратамиз:

“Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни.

4-модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмайди.

Ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунинг янги таҳрири.

7-модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни.

8-модда. Ахборот эркинлиги кафолатлари

Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

Кўриниб турибдики, мустақил Ўзбекистонда ҳеч қачон цензурага рухсат берилмаган, амалда қандай бўлгани алоҳида масала. Нима бўлганида ҳам юқоридаги қонун лойиҳасининг эълон қилиниши ОАВ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳақида гапиришимизга асос бўлади. Яъни ОАВга босим ўтказиш энди янаям қийин бўлади!

Бу хабардан хурсанд бўлиб, ОАВни кузатиш асносида Анқара бош прокурорининг Нодира Қодирова иши бўйича Kun.uz'га берган изоҳини ўқиб қолдим.

Кўпчилигимизни юртдошимизнинг ўзга юртда фожиавий ўлим топиши қайғуга солганди. Ҳеч кимнинг бошига солмасин, тирикчилик ғамида бундай ҳолга тушиш. Яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда хабарда келтирилган бошқа бир маълумотга эътибор қаратмоқчиман. Унда, жумладан, Анқара шаҳри бош прокурори Юксел Кожаман шундай дейди:

“Ҳодиса Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги депутати уйида бўлгани учун ҳам одамлар орасида ҳар хил гап-сўзлар юрибди.

Бу ерда баъзи нашрлар томонидан партияга қарши турли фитналар қилиняпти. Бу каби ҳолатлардан, масалан, мухолифат ҳукмрон партияга босим ўтказиш мақсадида фойдаланиб қолишга уринаётган бўлиши мумкин. Уларнинг ҳам маълум даражада ОАВга таъсири бор. Лекин биз бу фитнага учмаймиз, бу босимларга ён бермаймиз. ОАВ босим ўтказишда давом этиши мумкин, аммо биз ўз ишимизни профессионал бажаришда давом этамиз”. Иқтибос тугади.

Бош прокурор ОАВ томонидан амалга оширилаётган босимдан шикоят қиляпти. Бу Туркияда.

Мақолани шу ерда тўхтатамиз. Демак, ҳали ишлашимиз керак.

Ғайратхўжа Сайдалиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Цензурани ўта кучайтирган 10 давлат

1292 20:00 11.09.2019
« Орқага