Обид ва шайтон

16:00 09.09.2019 1486

Инсонлар бир дарахтга талпинишар, уни тавоф қилишар, ундан ҳожатларини сўрашарди. Буни кўрган бир обид инсон уларни бу ширк амалдан қайтариш учун анчагина тер тўкди, аммо фойдаси бўлмади. Кунларнинг бирида қўлига болтасини олиб, дарахтни тагидан чопиш учун йўлга чиқди. Дарахтга яқинлашар экан, бир киши йўлидан чиқиб:

– Нима қилмоқчисан? Ахир буни кессанг, одамлар бошқа дарахтни топишади, уни ҳам кессанг, яна бошқасини топишади ва унга боришади.

Обид инсон:

– Йўлимдан қоч, акс ҳолда сени ҳам ўлдираман, – деди ва кўрсатгич бармоғини унга теккизган эди, у йиқилди.

– Мени ўлдиролмайсан, ахир билмайсанми, Аллоҳ менга қиёмат кунига қадар яшаш имконини берган.

–  Сен кимсан?

–  Шайтонман.

У обид кишини йўлдан уриш мақсадида шундай таклифни айтди:

– Эй инсон! Бу дарахтни кесишингдан бирор маъни йўқ, кел, сенга бир чиройли таклиф айтаман, бу билан кўп кишиларга ёрдаминг тегади.

– Қандай таклиф?

– Ҳар куни эрталаб турганингда, ёстиғинг остида бир ҳовуч олтинни кўрасан.

Бу таклиф обид кишига манзур бўлди ва йўлидан қайтиб, уйига кетди.

Ҳар кунги таҳажжуддаги дуолар бу кеча эсидан чиқди, фақатгина “эрталаб ростдан ҳам олтин бўлармикан” деган ўй-хаёл кечарди обид кишида. Эрталаб уйғониб ёстиғини кўтариб қараса, олтин бор эди, шу кундан эътиборан ҳар кун олтинлар, молу давлат беҳисоб бўлди.

Кунлар, тунлар шу зайлда ўтарди. Обид киши бир тонгда уйғониб қараса, олтин йўқ. Болтасини қўлига олди яна йўлга чиқди, шайтон тағин йўлини тўсди. У Шайтонга:

– Йўлни бўшат, акс ҳолда сени ўлдираман! – деди. Қўлини шайтонга теккизганди, биринчи сафардагидек бўлмади. Шайтон бармоғини унга қўйганди, у йиқилиб тушди.

Обид киши унга:

– Биринчи келган куним бармоғимни теккизганимда йиқилдинг, бу сафар кор қилмади, – деди.

– Чунки биринчи мартасида Аллоҳ учун йўлга чиққандинг, бу сафар эса олтин учун, – дея жавоб қайтарди шайтон.

Биз Аллоҳ дер эканмиз, Аллоҳ бизнинг вакилимиздир. Аммо Аллоҳдан қайтсак, Аллоҳ бизни тарк этаркан.

«Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил».

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!